ЭСЛАТИШ КОНИ ФОЙДА
24 январ 2019 й.
423 марта ўқилди.


ЭСЛАТИШ КОНИ ФОЙДА

Аллоҳ таоло ўзининг ҳақ, шубҳалардан холи китоби бўлмиш Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ المُؤْمِنِينَ

“Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур” (Зориёт сураси, 55-оят).  
Яъни ваъз-насиҳат қил, бу албатта, мўминларга таъсир қилади, фойда беради. Кофирлар юз ўгириб кетаверсин. Аммо мўминларга доим эслатиб турмоқ лозим, бу фойдадан холи эмас. Ушбу маънони ҳар бир илмли киши унутмаслиги лозим. Гапирган билан фойдаси йўқ, шунча айтдик, биров қулоқ солмади, каби баҳоналарни унутиш лозим. Ушбу ояти карима ҳар бир банданинг доим ёдида туриши шарт.
Эслитиш фойдадан холи эмаслигини барчамиз биламиз. Эслатиш инсонга кони фойдадир. Бирор мўмин банда хато қилса, хато йўлда бўлса, нафақат мўмин кишига, ким бўлишидан қатъи назар йўлнинг хатолигини билдириш, яхши йўлни яхшилик билан тушунтириш, барчамизнинг бурчимиздир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси муборакларида бунга гувоҳ бўламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ўз биродарининг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг йўқотганини топиб боради, айбини эса беркитиб боради», дедилар».  (Термизий ривояти)
 Биродарлар бир-бирларига кўзгу вазифасини ўтаб, бир-бирларининг айбларини беркитиб боришлари,камчиликларини  йўқотиб боришлари керак.
Мўмин мўминнинг айбини кўриб туриб, уни тузатмасдан тек қўйса, бошқаларнинг олдида масхара, кулги бўлиши мумкин. 
Шунингдек, бир мўмин иккинчи мўминга айбини айтиб, уни тузатишни таклиф қилса, айбдор мўмин аччиқланмаслиги, ғазабланмаслиги, балки ўша биродарига ташаккур айтиб, айбини дарҳол тўғрилашга тушиши лозим бўлади.
Агар биз бировдан камчилигимизни эшитиб, ундан қутилиш ўрнига, бизга камчилигимизни, хатоларимизни айтган инсондан беўрин хафа бўлсак, камчилигимизни айтгани учун ундан ранжисак ёки ранжитсак, айтингчи, унда ким бўламиз? Бу амал мусулмонлик тугул инсониятга ҳам тўғри келмайдику. Биз қаёққа қараб кетаяпмиз? Кимларга эргашаяпмиз? Ахир бизнинг ота-боболаримиз ўз ҳаётларини оят ва ҳадислар, ҳикмат ва ўгитлар устига қурмаганмиди? Дарҳақиқат, улар ким бўлишидан қатъи назар камчилигини, хатосини айтган инсонларни ўзига дўст тутишган, танқидни тўғри қабул қилишган. Ундан тўғри хулоса чиқаришган. Бу ҳам марднинг иши. 
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифаликларининг биринчи мажлисида халққа қарата шундай мурожаат этганлар: “Эй биродарларим, азизларим, қадрдонларим. Биласиз, мен сизлардан бирор нарсада ортиқ эмасман. Аммо Аллоҳ менга шу масъулиятни юклаган экан, уни рисоладагидек бажаришга ҳаракат қиламан. Бу борада менга маслаҳатчи бўлинглар. Хато қилсам тузатинглар, тўғри бажарсам ёрдам беринглар...”
Ана ҳақиқат, ана бу марднинг иши. Рисолат мактабида сабоқ олган зотлар ана шундай бўлишган. Улар ҳуда-беҳуда жиззакилик қилишмаган. Мансаб ўткинчи, обрў ўткинчи, амал ўткинчи. Инсонийлик боқийдир. Буни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги керак. 
Умар Ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолиб, халифага ваъз-насиҳат қила бошлабди.
«Эй Умар, – дебди у. – Яқиндагина «Умарча» деб аталардинг, улғайганингдан сўнг «Эй Умар» деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, «Эй амирал мўминин», деб аталмоқдасан.  Аллоҳдан қўрққин, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади», дея сўзлайверибди у. Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб турар эканлар. Атрофдагилар у кишига:
«Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» дейишганида, ҳазрати Умар уларга жавобан шундай деган эканлар:
«Аллоҳга қасамки, куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бош¬қа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Ҳавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Бу аёлнинг сўзларини оламларнинг Парвардигори эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!».
Мўминларнинг амири бутун ислом диёрининг пешвоси бўлган Ҳазрати Умардек зот бир кампирнинг насиҳатини туриб эшитсалар-у биз ким бўлдикки, бизга насиҳат қилган инсоннинг насиҳатига қулоқ солмасак. 
Азизлар, шайтонга ҳай беринг, нафс истагидан воз кечинг. Қалб амрига қулоқ тутинг. Виждонингизни сотманг. Қўл остингиздаги ёки ён-атрофингиздаги кишиларга нисбатан лоқайд бўлманг. Бунинг учун қиёмат куни жавоб беришингизни асло ёдингиздан чиқарманг. Хатонгизни айтган, уни эслатган кишиларга нисбатан бағрикенг бўлинг. Аллоҳ таолодан ҳеч бир бандасини тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўранг.

Дилшод АЛИЕВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти ходими
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram