Эҳсоннинг фазилати.
21 январ 2021 й.
87 марта ўқилди.

 
Эҳсоннинг фазилати.

Роббимиздан берилган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган молу давлатни ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз даркордир.
Аллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида хайр – эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, “Бақара” сурасида шундай деган:

الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

         “Мол (бойлик) ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар”. 
(Бақара сураси, 274-оят).
Киши хайр – эҳсонни ихлос билан, савоб умидида қилар экан, ояти каримада ваъда қилинганидек улкан мукофотларга эришади.Инфоқ – эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайр – эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримизсоллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.“Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”.(Имом Табароний ривояти).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари хоҳ у нафл бўлсин, хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр – эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имон борлигига)”.(Имом Термизий ривояти).
Хайр – эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатини қўлга киритган бўлади. Хайр – эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймайди, балки унинг молига Аллоҳ Таоло баракат беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар тонг бандалар уйғонда икки фаришта тушади. Улардан бири: Аллоҳим, инфоқ (нафақа-эҳсон) қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, дейди.Иккинчиси: “Аллоҳим, хасис, зиқналарга талофот бер”, - дейди.(Имом Бухорий ва Имом муслим ривояти).
Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағал қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва Аллоҳга доим ҳамд айтиб, эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Эҳсон қилувчида топилиши керак бўлган одоблар ҳам мавжуд. 
1) Аввало хайр – эҳсонни Аллоҳ Таолонинг розилиги учун қилиш, унга риё аралаштирмаслик.
2) Хайр – эҳсонни ҳалол – пок ва ўзи яхши кўрган молдан қилиш.
3) Хайр – эҳсонни қариндош ва яқинлардан бошлаш. 
4) Хайр – эҳсони билан ғурурланмаслик, ўзига бино қўймаслик.
5) Миннат ва шу каби хайр – эҳсоннинг сабабини кетказадиган амаллардан сақланиш.
6) Хайр – эҳсонни ошкор қилмай, махфий ҳолда қилиш, аммо ўзларига ибрат маъносида ошкор қилса бўлади.
7) Хайр – эҳсонни очиқ юз билан, чин кўнгилдан, хурсанд бўлиб бериш.
8) Хайр – эҳсон қилиш нияти пайдо бўлиши билан, уни кечиктирмай, тезроқ ҳақли кишига етказиш.
9) Оз бўлса ҳам хайр – эҳсон қилишда бардавом бўлиш.
10) Хайр – эҳсонни имкон қадар тириклик пайтида қилиш.
11) Эҳсонни мустаҳиқ кишиларга бериш.

Аллоҳ Таоло барчамизни эҳсон қилгувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин!

Бухоро шаҳар Шайх Саъдий жомеъ масжид

имом-хатиби Ҳазратқулов Мўминжон. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:20
Куёш: 07:11
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram