ФАРЗАНДЛАРНИНГ ВАҚТИНИ ТЕРГАЙСИЗМИ
11 сентябр 2018 й.
513 марта ўқилди.

 
ФАРЗАНДЛАРНИНГ ВАҚТИНИ ТЕРГАЙСИЗМИ?
 
Ҳар бир ота-она ўзининг жигарбанди, ўзининг эрка бўлган фарзанди ҳамда унинг келажаги борасида албатта бош қотириши табиий ҳолатдир. Фарзанднинг камолотини истаб, нима истаса бажо келтириб, натижада ўзи ҳам боласинининг қилмишларидан безиб юрган, қилгуликларини эшитиб ёки кўриб ёқа тишлаганларни ҳам учратиб қоламиз жамиятда. Келинг, болаларнинг тарбияси, уларнинг бўш вақтларини нималарга йўналтириш лозим ва нималардан ҳимояланиши зарурлиги борасида бироз фикр алмашамиз.
Дарҳақиқат, кечагина маҳаллада тенгқурлари билан бирга маҳаллани бошига кўтариб, кўрган кўзни қувнатадиган ёш болалар бугун ўспирин ёки балоғат ёшини қарши олиб улгурди. Вақт ўтиши билан болалик деган беғубор онлар, беғам кунлар аста секин бегоналашиб бораётган, ҳаётнинг навбатдаги босқичлари кутиб турган онларда, ҳар ким ҳам ўзининг эртанги кунида кимдир бўлишга қизиқади ва албатта интилади. Шу боис ҳам, кимгадир тақлид қилиб яшашга ҳаракат қилиб қолади. Ҳаётда ўзи учун кимнидир “кумир” қилиб олади. Унинг ҳаракатларига қараб ҳаракатланишга, унинг ҳарактерияларини ўзида мужассам қилишга қизиқади. Масалан, футболни ёқтирадиган болалар ўзлари қизиқадиган жамоалари либосини кийиб юришлари, ёқтирган футболчисининг исми шарифини ёзиб олиши, ҳаттоки, соч турмагини ҳам уникига ўхшатишга интилган болаларга бот-бот кўзимиз тушиб, гоҳида мийиғида кулиб ўтамиз, гоҳо унитилган маданиятнинг ҳолатини эслаб ичимиз ачишади.
Демак, болалар айнан ўспирин ёшидан бошлаб, ўзининг келажаги учун қайғура бошлайди. Интернет ва бошқа шунга ўхшаш воситаларни аввалги пайтларга нисбатан кўпроқ ишлатадиган бўлиб қолади. Натижада ундаги ҳолатларга мослашиб, ўрганиб боради. кўз ўрганувчан жисм ҳисобланади. биринчи марта кўрганида ҳайратланиш, иккинчи марта кўрган пайтдаги ва ундан кейингиларидан тубдан фарқ қилади. Сабаби, биринчи марта кўрган нарсасига кўз ўрганиб, оддий қабул қиладиган даражага келиб улгурди. Энди, бу нарсани боланинг қайси тармоқлардан ва қандай воситалардан фойдаланаётганлигига эътибор қаратайлик ва албатта бундан керакли хулоса чиқариб олайлик.
Айни пайтда оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари, интернет оламида кенг тарқалиб бораётган турли хил хуруж ва боланинг онгига нисбатан хавфли омилларни билмайдиган ёки инкор этадиган киши бўлмаса керак. Интернет орқали кимларнидир ёлғон гапларига, ваъдаларига ва таклифларига ўспирин болани ишонмаслиги, унга қизиқмаслиги борасида ҳеч ким кафолат бера олмайди. ОАВ томонидан ёритиб борилаётган “Оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари”, “Диний экстремистик ва терроризм” ҳақидаги лавҳалар сўзимизни яққол далиллаб беради.
Келинг шу ўринда жорий йилда Айдарбек Тулепов томонидан тайёрланган ва кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлган “ИШИД ФИТНАСИ” номли китобида  “Адашган йигит изтироби” сарлавҳаси остида чоп этилган воқеа ҳам кўп масалага ойдинлик киритиб берганди. Мақоладаги қаҳрамон ўзининг гулдек оиласини, Аллоҳ таоло берган чиройли касбини, онадек муқаддас бўлган ВАТАНини ташлаб, чет элдан мўмай даромад топиб илинжида бўлади. Аммо у истагандек даромад ўрнида, уни аччиқ қисмат кутиб турганди. Интернет ва бировларнинг алдови натижасида шундайин бир самимий ва содда бола Суриядаги жангарилар сафига қандай қилиб бориб қолганлиги-ю, кимларга ишониб қўйганлиги ва кимлар билан ҳамтовоқ, улфат бўлиб юргангига ҳали тушуниб улгурмасидан турли хил ёвузликлар, ғайриинсоний фаолиятларни кўзи кўриб, қулоғи эшитди. Ачинарлиси, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кўз кўриб ўрганиб қолади. Бола ҳам бу манзарани кўравериб, ўрганиб қолди ва у ишларни ислом динининг кўрсатмалари сифатида қабул қилиб бажара бошлади. Ғаламислар тоифасига шу қадар киришиб кетдики, аълалоқибат унга юртга қайтиш таклифини беришди. Бу таклиф шунчаки мамнуният ва самимийлик билан эмас, шартнома билан эди. “Юртингга қайтиб, у ердагиларни ИШИДга чорлайсан, агар уларни сафимизга қўшишга эришсанг, қўмондонликни қўлга киритасан”, – дея уни Россия орқали Ўзбекистонга жўнатиб юборишади.
Бахтимизга юртимизни қалқонлари, ватаннинг фидоий ўғлонлари, унинг учун жон фидо қилишдан ҳам қайтмайдиган мард ва жасур қўриқчилари бор. Юқоридаги “қаҳрамонимиз”нинг юртимизга қайтиб келиши, у ва улар истаганидек амалга ошмади. Аэропортдаги махсус текширувдан сўнг, унинг қўл телефонида турли тоифали тарғиботга далолат қилувчи файллар топилиб, вақтида катта хатарнинг умрига нуқта қўйилди .
Каминани бир савол қийнайверади, қийнайверади. Нима, одамлар шу қадар гўл бўлиб кетганми ёки билмадим... Оддийгина ақл тарозуси кўтара олмаган мудҳишликларни қандай қилиб дин кўтарсин. Аниқроқ қилиб айтганда, оддий бир инсоннинг ақли ва таъби кўтара олмаган ғайриинсоний фаолиятларни қандай қилиб диний кўрсатма сифатида қабул қиладилар. Бу ўринда фақат ислом дини назарда тутилмаяпти, барча динлар ҳам тинчликка ва яхшиликка чорловчи бўлиб ҳисобланади-ку. Наҳотки буни ўз Ватанидан чет эл мамлакатларига чиқиш ва улар билан тил топиша олишдек машаққатни енгишга ҳаракат қиладиган кишининг ҳаёл осмонидан бир бора учиб ўтмаса...
Мухтарам ўқувчи! Мазкур ҳолатларни сиз ва бизнинг келажагимиз, эртанги кунимиз ва биздан кейин бизнинг хонадонимиз чироғини ёқиб ўтирадиган фарзандларимиз тушиб қолмаслиги учун, албатта уларнинг кундалик фаолиятлари билан қизиқайлик ва уларни маълум бир фойдали соҳа билан машғул бўлишига ундайлик. Ана шунда улар ўзларининг келажаклари ҳақида ҳам теран ўйлашга, эртанги кунда халқ олдида юзи ёруғ бўлиши учун қайғурадилар, ҳаракат қилиб яшайдилар.
Мақоламни, мухтарам юртбошимизнинг сўзлари билан якунлашни лозим топдим. Зеро, Президентимиз: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларни қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва ҳавотирга солмасдан қўймайди.
Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак” , – дея ҳақиқатда долзарб ва ечими кутаётган масалага урғу бериб ўтдилар.


Бухоро шаҳар «Халифа Худайдод»
масжиди имом-хатиби О.Саъдуллаев 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram