ФИҚҲ ОЛИМАСИ
21 декабр 2015 й.
1729 марта ўқилди.

 

ФИҚҲ ОЛИМАСИ
 
Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратгандир. Кишилик жамияти эркаг-у аёлдан иборат бўлгани учун, унинг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми улар зиммасидадир. Аёл - ҳаётда онамиз, жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиз бўлиб яшайди. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демек, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонлар ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
 
Бизнинг Шарқ аёллари ҳамма вақт ва ҳамиша ўз жозибалари, ақлу заковатлари, илму ирфонлари билан дунё аҳлини лол қолдириб келганлар. Бундай тарихий мисоллар келтиришимиз мумкин. XI-XII асрларда яшаб ижод этган Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий (ваф. 1144 й.)нинг қизи бўлмиш Фотима бинт Муҳаммаддир.
Алоуддин ас-Самарқандий кўплаб етук шогирдлар чиқарганлар. Фотима ўз оталаридан фиқҳ (Ислом қонуншунослиги) дарсини олиб, буюк бир олима даражасига етишдилар. Бу аёл фиқҳ илмида шундай маҳорат касб этдиларки, оталарининг чиқарган фатволарида бу олиманинг ҳам муҳр ва имзолари қўйиладиган бўлди. Алоуддин ас-Самарқандийнинг, яъни ўз оталарининг “Туҳфат ал-фуқаҳо” (Фақиҳлар туҳфаси) номли машҳур асарини ёддан билганлар. Бу ўринда ас-Самарқандийнинг яна бир ҳам шогирди, ҳам куёвлари бўлмиш Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний ҳақида тўхталиб ўтиш зарурдир. Ҳазрат ал-Косоний устозларининг “Туҳфат ал-фуқаҳо” асарларини шарҳ этиб, “Бадоиъ ас-саноъи фи тартиб аш-шароъи” номли асарини ёзиб, уни устозларига тақдим этадилар. Устозлари ниҳоятда мамнун бўлиб, “Буюк фиқҳ олимаси” бўлган ўз қизлари Фотимани ал-Косонийга турмушга берадилар. Маҳр сифатида эса ушбу шарҳни қабул этадилар. Шу сабабдан Шарқда “Туҳфа”сини шарҳ этди ва қизига уйланди, деган ибора машҳур бўлиб кетган. 
Фотима бинти Муҳаммад ҳақида Ибн ал-Адим шундай  шундай дейди: “Менинг отам бу аёлнинг (Абу Ҳанифа) мазҳабини ниҳоятда яхши ўзлаштирганини, кўп маротаба умр йўлдоши ал-Косонийнинг фатволаридаги хато-камчиликларини кўрсатиб берганлигини, ал-Косоний ҳам унинг раъйини қабул қилганлигини ҳикоя қилиб берар эди”. Яна бир ерда, “ал-Косоний умр йўлдоши ҳазрат Фотимани жуда ҳам ҳурмат қилар, авваллари ҳазрати Фотиманинг оталари ва ўзлари тарафидан имзоланган фатволар чиқар эди. Турмушга чиққач, ҳар уччовларининг ҳам имзо ва муҳрлари босилган муштарак фатволар чиқадиган бўлди”, - дея қўшимча қилди.
 
Ал-Косоний сафар қилиш, дунё кезишни ёқтирганлар. Бир гал, Салжуқий ҳукмдорлардан Масъуд саройида қолиб, у ерли олимлар билан кўп тортишувлар, мунозара ва муноқашаларга борадилар. Шу сабабдан, ал-Косоний ва ҳукмдор ўрталарида тушунмовчилик пайдо бўлади. Вазирнинг аралашуви билан, Шомга, Ҳалаб (ҳозирги Сурия, Алеппо) ҳукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн аз-Занги (1146-1174)нинг олдига элчи қилиб жўнатади. Ҳалабада уларни жуда ҳам яхши кутиб олишади. Қисқа муддатда катта шуҳрат қозониб, ерли олимларнинг истагига кўра, шахсан Нуриддин томонидан 1148 йилда бино этилган “ал-Ҳаловийя” мадрасасига “Хожа” (бош мударрис) этиб тайинланади. 
Алоуддин ал-Косоний ва Фотима бинти Муҳаммад Мовароуннаҳрга қайтмоқни ихтиёр этганларида, Ҳалаб ҳукмдори Нуриддин Маҳмуд ибн аз-Занги уларга Ҳалабда қолишларини илтимос қилиб, нома жўнатади. Умр йўлдошлари раъйларини қатармасликларини билиб номани ҳазрат Фотима номларига юборади. Бахтга қарши нома олиб келувчи эркак киши бўлганлиги сабабли ҳазрат Фотима уни қабул қилмайдилар. Элчи қайтиб кетади. Ҳазрат Фотиманинг тақволаридан ҳайратланган ҳукмдор бошқа бир аёлни элчи қилиб жўнатади. Шундан сўнг унинг бу илтимосини қабул қиладилар ва умрларининг охиригача умр йўлдошлари билан ўша ерда қоладилар. 
Фотима бинти Муҳаммад ас-Самарқандий умр йўлдошларидан олдин вафот этадилар ва Ҳалабдаги “Мақом Иброҳим Халил” деб номланадиган ерга дафн этиладилар. Вафот этган йиллари маълум эмас.
 
Алоуддин ал-Косоний эса 1191 йили вафот этадилар ва аёллари қўйилган ерга дафн этилганлар.
 
Ушбу мўъжазгина тарихий лавҳада биз ўтмиш момоларимизнинг ўз оталари, эрлари билан баробар илму ирфонга эга бўлганликлари ва шу орқали дунёга донг таратганликлари бир қатрасининг гувоҳи бўлдик. Замонамиз аёлларини ҳам улардан ўрнак олишга чақирамиз.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, исломнинг аёлларга нисбатан адолат қилганлигининг белгиси сифатида эркаклар билан бир қаторда диний ва дунёвий илмлар олиш ҳуқуқига эга эканликларини эътироф этиш лозимдир. Ислом аввалида ва ундан кейинги даврларда диний ва дунёвий фанларни эгаллаб бошқарувда ёки турли соҳаларда ишлаб тараққиётнинг бир учини елкасида кўтариб юрган оқила, фозила аёллар бўлганлигига тарих гувоҳдир. Айни кунларда ҳам аёлларимиз диний ва дунёвий соҳаларда билим олиш билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш, маҳалланинг етакчи фаолларидан бўлиб, ёшларни тарбиялаш, хотин-қизларга ибрат кўрсатиш шарафига муяссар бўлмоқдалар.
 
Жамиятимизнинг фаровонлиги бир жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Аллоҳ уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва барокотли ҳаётни насиб қилсин.
 
 
УТАЕВ Мухаммаджон
Бухоро шахар “Ойбинок”
 жоме масжиди имом-хатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram