Фитр садақасининг ҳукми
23 май 2020 й.
26 марта ўқилди.

 

Фитр садақасининг ҳукми

Фитр садақаси вожиб амалдир. Уламолар фитр садақаси вожиблигига Қуръондан далил келтирадилар. Ана шундай далиллардан бири қуйидаги оятдир: "Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир". (Ҳашр сураси, 7-оят).
Бу оятда далил қани? – десангиз. Биз, Пайғамбар алайҳиссалом бизга ато этган нарсаларни олишга маъмур эканмиз. Фитр садақаси тўғрисида Пайғамбар алайҳиссалом ато қилган таълимотларини ўқиб ўрганишимиз лозим бўлади – деймиз.
Ҳадислардан далиллар: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот дедилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда мусулмонлардан ҳар бир жонга, ҳуру қулга, эркагу аёлга, кичигу каттага хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ фитр закотини фарз қилдилар". (Ҳадиснинг лафзи Муслим ривоятидан).
Бухорийдаги ривоятнинг лафзи эса қуйидагича келади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ мусулмонлардан қулу ҳурга, эркагу аёлга, кичигу каттага фарз қилдилар. Ва уни одамлар намозга чиқиб кетишларидан аввал адо этилишига буюрдилар".
Ижмоъдан далил: Шунингдек, жамики уламолар фитр садақасини вожиблигига ижмоъ қилганлар. Бу ҳақда имом Ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "уламолар фитр садақаси вожиблигига ва фитр садақасини киши ўзи номидан ва мулки йўқ фарзандлари номидан ҳамда хизматида турган қули номидан чиқариши вожиблигига ижмоъ қилганлар".
Ҳикматлари: Албатта шариатимизда беҳикмат буйруқ ёки қайтарув йўқ. Шунингдек, фитр садақасида ҳам талайгина ҳикматлар бор. Албатта ҳадисларда баён қилиб берилган.
Абу Довуднинг сунанларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: "Фитр закоти рўзадор учун, лағв (беҳуда сўзлардан) ва рафас (яъни уят сўзлардан) поклик ҳамда мискинлар учун таомдир".
Уламолар фитр закотининг бир нечта ҳикматларини баён қилиб айтадилар:
1. Фитр закотини бериш билан рўзадорнинг рўзадаги қилган камчилик-нуқсонлари тўлдирилиб, кўнгли хотиржам бўлиб қолади.
2. Фитр закотини олган камбағал эса ҳайит кунида беҳожат бўлиб, шоду хуррамлик билан ҳайитни ўтказади.
3. Фитр закоти сабабли бойларнинг камбағалларга қилган ғамхўрлиги намоён бўлади.
4. Фитр закотини ўз вақтида бериш билан, суннатга амал қилингани учун, савобу ажрларга эришилади.
5. Фитр закотини бериш билан рўза тутган киши рўзасини тамомига етказади, Аллоҳга шукр изҳор қилган бўлади.
Албатта, шариат жорий қилган амалларда ҳикматлар жуда ҳам кўп. Бу биз билган ҳикматлар бўлса, ҳали биз билмаган, Аллоҳнинг Ўзига маълум бўлган ҳикматлари талайгинадир.
Кимга вожиб бўлади?
Уламолар фитр закотининг кимга вожиб бўлиши ҳақда шундай марҳамат қиладилар: кимда ҳайит кунига ва кечасига етиб, ундан ортадиган таоми бўлса, фитр закоти чиқариши вожибдир. Чунки юқорида зикр этилган ҳадислар мазмунидан шуни тушинилади. Қулга ҳам вожиб деб айтилди. Эслатиб ўтамиз, қулнинг саййиди хўжаси унинг номидан закотини чиқаради албатта.
Миқдори:
Миқдори юқоридаги ҳадисларда баён қилинганидек, бир соъдир. Соъ ўша вақтда ўлчов бирлиги бўлиб, вазнни эмас, балки, ҳажмни ўлчайдиган силиндир шаклида қилиб ёғочдан ёки металдан ясалган идишдир. Бир соъ тўрт мудга тенг, муднинг шакли ҳам тақрибан соъга ўхшаб кетади. Лекин, кичик бўлади. Бир муд эса ўртача одамнинг икки кафти тўла миқдорича нарсага тенг. 2020 йил Рамазон ойи учун фитр садақаси ва фидя миқдори маълум қилинди. Бунга кўра 2020 йил (1441 ҳижрий) учун Фитр садақасининг миқдори:
2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм;
4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм;
2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм;
4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгиланди.
Эслатма: бу миқдор ҳар қайси ҳудудлар ўзларидаги бозордаги ўртача нархдан келиб чиққан ҳолда  ушбу миқдорларни белгилайди.
Адо этиш вақти:
Фитр закотини бериш вақти ҳайит намозига кетишдан аввалдир. Уламолар ҳайит кунидан бир кун олдин ёки икки кун олдин ҳам фитр закотини беришга ижозат берадилар. Чунки, бу ҳақда саҳобалардан асарлар келган. Ибн Умар ана шундай қилиб юрганлар жумласидан бўлган эканлар.
Лекин, ҳайит намозидан кейинга кечиктириш жоиз эмас. Ҳайит намозидан кейин бериладиган бўлса, у фитр закотига кирмайди. Балки, садақалардан бир садақа бўлиб қолади. Чунки, бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳадис ворид бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Фитр закоти рўзадорга лағв (беҳуда сўзлардан) ва рафас (уят сўзлардан) поклик, мискинлар учун эса таомдир. Кимики, уни намоздан аввал адо этса, у мақбул садақадир. Кимики, уни намоздан кейин адо этса, у садақалардан бир садақадир".
Яъни, кимики, ҳайит намозидан аввал адо этса, фитр закотини адо қилган бўлади. Ҳайит намозидан кейин адо этса, фитр закоти деб ҳисобланмайди. Лекин садақалардан бир садақа бўлади.
Сафарга чиқиб кетган биродарлар фитр закотини қаерда бераман? – десалар. Уламоларнинг кимики қаерда муқим бўлиб яшаса, ўша ерда фитр закотини бергани афзалдир деган сўзларини тавсия қиламиз.

Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муротов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram