Фолбинлик
13 сентябр 2018 й.
708 марта ўқилди.

 
Фолбинлик
 
Ҳозирги пайтда сеҳр ва фолбинлик ҳаётимизга жуда ҳам чуқур кириб борган. Фолбинлар эшиги олдида ҳар чоршанба ва шанба кунлари узун навбат турганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Навбатда турган аёллар ва эркаклар ўзларининг турли ҳаётий муаммоларига жавоб топаман ва ечими мушкул бўлган ишимни осон ҳал қиламан, деб эътиқод қиладилар, ўйлайдилар. Лекин улар қаттиқ адашувда эканликларини англамайдилар ҳам. Навбатда турганлардан “Қайси дин вакили сиз” - деб суриштирсангиз, аксари “Ман мусулмонман” – деб жавоб беради. “Ислом дини фолбинга ва сеҳргарга боришни ва уларга ишонишни таъқиқлаб қўяди-ку?!” – деб эътироз қилсангиз, улар “Биламиз, шунчаки, фолга ишонма ва фолсиз ҳам юрма, деб айтишганку, шу сабабдан келиб турибмиз” деб гапни у ёққа ва бу ёққа олиб қочишади. Тағин “Ман мусулмонман” – деб таъкидлайверадилар.
Бу каби бир сўзни айтиб, таъкидлаб туриб, аслида бошқа ишни қиладиган иккиюзламачи одамлар доимо, ҳамма жойда ёмон кўрилган. Қизиғи, бу каби кимсаларга атрофдаги одамларнинг ўзи ҳам ишонч билдирмайдилар. Улар жамиятнинг қуйи табақасидан, маънавияти паст одамлар қаторидан жой олишган.
Ислом дини фолбинликка ва сеҳргарликка кескин ва қатъийян жавоб беради. Фолбинлик ва сеҳргарлик – гуноҳи кабирадир. Бунга қуйидаги ҳадислар ҳужжат бўалди:
 ”Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланинглар” – деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтадилар: “Аллоҳ азза ва жалла: Мендан ўзга илоҳ йўқ. Сеҳр қилган ва сеҳр қилдирган, фол очган ва фол очтирган, шумланган ва шумлантирган кимсалар Мендан эмас, дейди” деб айрим китобларда ўқидим”. 
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргар, сеҳргар эса кофирдир” деган.
Абу Мусо айтадилар: “Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч тоифа одам жаннатга кирмайди. Маст қилувчи нарсага одатланиб қолган кимса, қариндош-уруғлар билан алоқани узган кимса ва сеҳрни тасдиқловчи кимса” (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари).
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: “Албатта, афсун ўқиш, тумор тақиш ва иссиқ-совуқ қилиш ширкдир” (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб айтади: “Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост, деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди” (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Ислом динида турли кўздан ва шайтондан ҳимояланиш мақсадида дуо ўқиб юриш, Қуръоний оятларни дам суриб юриш, ёки бировга дам урдириш жоиз амал ҳисобланади. Ҳадисда Хитобий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Агар Қуръон ёки Аллоҳ таолонинг исмлари билан солса, бу мумкиндир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусан разияллоҳумо анҳумога дам солиб, сизларни Аллоҳнинг тўлиқ калималари ҳар бир шайтону ҳашаротдан ва ҳар бир ёмон кўздан ўз паноҳида сақлашини сўрайман, дер эдилар” (Ҳоким ривояти). 
Зайд ибн Холид Жуҳаний разияллоҳу анҳу айтдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан бомдод намозини ўқидилар. Туни билан ёмғир ёғиб чиққан эди. Намозни ўқиб бўлгач, одамларга юзланиб: “Роббингиз нима деганини биласизларми?” дедилар. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир” деб жавоб беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У зот айтдики: “Бандаларимнинг айримлари менга иймон келтириб, айримлари куфр келтириб тонг оттирди. Кимки: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила бизга ёмғир ёғди” деса, у Менга иймон келтириб юлдузларга куфр келтириб, тонг оттирди. Аммо кимки: “Бу ва бу ҳодисалар (шамол, булут) бўлиб, бизга ёмғир ёғди” деса, у Менга куфр келтириб, юлдузларга (осмон жисмларига) иймон келтирибди” (Муттафақун алайҳи).

Бухоро шаҳар “Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий”
 жомеъ масжиди имом-хатиби Б.Манзитов

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram