ФОЛБИНЛИК – ДИНДАН ЭМАС
02 июл 2017 й.
1194 марта ўқилди.

ФОЛБИНЛИК – ДИНДАН ЭМАС

 

"Чаҳор Бакр" жомеъ масжиди 

имом-хатиби Азизхўжа Иноятов

Қайси бир жамиятда диндан бехабарлик, илмсизлик, жоҳиллик кўпайса, турли ирим-сиримлар, хурофотлар ва зарарли иллатларга йўл очилади. Исломдан олдинги жоҳилият замонидан буён кишилар онги ва дунёқарашида яшаб, уларни ҳақ йўлдан чалғитиб келган баъзи муаммолар кейинги пайтларда ҳам бўй чўза бошлади. Ғайбни билиш даъвосидаги қораланган илм «фолбинлик» деб аталади. Фолбинликнинг «коҳинлик», «илмул-рамл», «мунажжимлик», «аррофлик» каби бошқа номлари ҳам бор. Фолбинлик Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган ва шаръан қораланган ишлардандир. Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфрдир. 

Ҳозирги кунда бирор нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимсалар, айниқса илмсиз, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка  тушган инсонларнинг аксарияти  муаммонинг ечимини  топиш учун фолбинларга мурожаат қилишмоқда. Оилавий ажримларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган, акани укадан ажратадиган, қуда-андалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик туширадиган фолбинлар келажак илмини билишларини даъво қилишмоқда. Фолбинларга борувчилар эса вақтлари, соғлиги, пули бекорга кетаётганлигига аҳамият ҳам беришмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар (шундай) қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз. Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот: “Улар хеч нарсага арзимайдилар”, дедилар. “Эй  Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?” дейишди. У зот: “У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олиб,”оғайниси”нинг қулоғига товуқнинг қақиллашига  ўхшатиб, айтади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар” дедилар” (Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар:”Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”,  деб айтганлар (Имом Насоий ривоят қилган).

Демак, фолчи-ромчиларга бориш ва улардан ўз муаммоларини ечими йўлида ёрдам сўраш гуноҳи кабиралардан бири экан, ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўраш, Унинг Ўзигагина илтижо қилиш лозим.

Ҳаёт синовлардан иборат, ҳар бир оқил инсон  дуч келаётган синовларда  ақл билан фикр юритиб, оқибатини ўйлаб ҳар бир ишга оқилона ёндашиши зарур. Парвардигори олам ўзининг илми азалийси билан ҳамма воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин, Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакда бўладиган воқеаларни сир тутади.

Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидани англамаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. 

Бугунги кунда фолбинлик ва ғайб илмини билишга даъвогарлик шу қадар кенг авж олганки, оммавий ахборот воситалари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, одамлар фирибгар фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Мустаҳкам ва равшан ақида бўлмагандан кейин турли бидъат, хурофот, афсона, сафсаталарга ҳам ишониб кетавериш кузатилади. Оқибатда битмас-туганмас мусибатларга дучор бўлинади. Олдинлари, моддапарастлик авж олган даврда, сеҳр кишининг соғлиғига зарар бериши ҳақида гапирилса, кулгу-масхарага қолиш аниқ эди. Энди эса, аксинча, кўпчилик дардлар ортида сеҳр ва шунга ўхшаш нарсалар турганига ишонилади. 

Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби ожиз инсон эканлиги ҳақида ўйлаб кўришмайди. Келажакни билишни даъво қилаётган одам нима учун ўзининг бошига тушган қийинчиликни даф қилолмайди, ёки ўзининг дардига шифо топа олмайди?!

Бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг илм ва қудрати чексиздир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши йўқдир. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”. (Аъроф 59 оят)

Исломда эса ҳамма нарса ўз воқелигига қараб ўртача баҳоланади. Асосан хасталиклар оғир кўтариш, зах-нам жойларда кўп ўтириш ва ғам-қайғу каби омиллар сабабли келиб чиқади. Улар тиббий йўл билан муолажа қилинади. Шу билан бирга баъзи ҳолларда хасталик сабаби сеҳр бўлиши ҳам мумкин. Ундай ҳолатда беморни даволаш учун Қуръони карим ҳамда суннати Набавийдан ривоят қилинган дуоларга мурожаат этилади.

Демак, инсоннинг келажаги ва тақдирини ҳамда бошқа ғайбий ишларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Инсонларга келажакдаги ишлари маълум бўлса, уларга имтиҳон бўлмасди. 

Шуни яхши билиб олиш лозимки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, Сарвари коинот (с.а.в) фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши мумкин. Фолбиннинг айтаётган сўзлари бутунлай тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг расули буни қатъий равишда тақиқлаган. Баъзан инсонларни синаш учун фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Натижада иймонидан ажраб қолади. 

Бугун ҳам айрим одамлар сеҳр ва фол балосига йўлиққан. Инсонлар Аллоҳнинг каломи, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларини бир четга қўйиб, аллақандай фолбинларнинг сўзларига қулоқ солмоқдалар. Энг ёмони, бу ноқулай ҳолатга диний тус берилди. Фолбин, сеҳргар, башоратчи ва ҳоказолар эркак кишилар бўлса, эгнига яктак, бошига қандайдир салла ўраб, бўйнигами, қўлигами тасбеҳ осиб олади. Ўтирган жойларига ҳам шунга ўхшаш нарсалар қўяди. Бирорта дуоними, сураними чала ёдлаб, такрор-такрор ўқийверади. Агар аёл киши бу ишга қўл урган бўлса, у ҳам ўзича шунга ўхшаш ғалати тадбирлар қўллайди. Оқибатда, одамлар бу нарсаларни динда бўлмаса ҳам, динга алоқаси бор, деб тушуна бошлайди. Улар дунёдаги барча муаммоларни шу фолбин ёки дуохонлар ҳал қилади, деб ўйлайди. Бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар ҳам уларга мурожаат этади. Кечаси уйқусида чўчиб кетадиганлар ҳам, бошқа турли дардларга чалинганлар ҳам, иши юришмай қолган тижоратчилар ҳам, бирор нарсасини йўқотиб қўйганлар ҳам, тузукроқ мансабни мўлжаллаган амалдор ҳам, қўли келмай қолган қиморбоз ҳам, хуллас, кўпчилик уларга мурожаат эта бошлади. Фалон жойда бир янги фолбин чиқибди, дейилса одамлар ўша томонга чопадиган бўлди. Лекин шу фолбин ва сеҳргарларнинг мижозлари ақлни ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмайди. Қизига совчи чиқмай фолбинга келган она ўша фолбин ёки дуохоннинг ўзи бева экани, оиласи бузилган ёки яқин кишиларида худди шу муаммо борлигини билмайди. Тузукроқ мансаб илинжида юрган амалдор, бу одамнинг қўлидан мансабга кўтариш келса, ўрнимга ўзи чиқиб олмасмиди ёки ўғлини, қариндошини кўтариб қўймасмиди, деб ўйлаб кўрмайди.

Сеҳр-жоду, илму амалга келсак, сеҳр - афсунлар ўқиш, тугунлар тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва бошқа шу сингари ёмонликларга сабаб бўлади. Сеҳргар (соҳир) – бу жинлардан бўлган шайтонларга, уларга ёқадиган куфр ва жирканч амалларни қилиш орқали мурожаат қилувчидир. Бундан мурод сеҳргарга сеҳрда уларнинг ёрдам беришидир. Шунингдек, у ғайб ҳақида билимга эга эканлигини таъкидлайди, сеҳр орқали одамларни ўлимга олиб боради, одамларда ёқтириш ёки ёқтирмаслик ҳиссини уйғотади ва одамларнинг ақл йўналишини ўзгартиради.

Ислом уламолари сеҳргар шак-шубҳасиз, кофир бўлади, деган ҳукмни ўқишган. Бунга ҳужжат сифатида қуйидаги оят келтирилади: «Балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят). 

Бугунги кунда кўплаб гумроҳ кимсаларнинг сеҳрга аралашиб юрганига гувоҳ бўламиз. Улар сеҳрни фақатгина ҳаром деб ўйлайдилар ва унинг куфр эканлигини ҳис қилмайдилар. Бу ҳол айниқса, эр-хотин орасидаги муносабатларда – «иссиқ-совуқ» ва шу каби нарсаларни қилишда яққол намоён бўлади. Улар бу ишларида аксарият қисми ширк ва куфр бўлган сўзларни қўллайдилар. 

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалокат қилувчи гуноҳлардан сақланинглар», деб улардан бири сеҳр эканлигини баён қилганлар (Бухорий, Муслим).

Афсуски, коҳин ва фолбинларнинг берган тахминий маълумотларига ишониш натижасида қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетаяпти, ака-ука, қуда-андалар ўртасига совуқлик тушаяпти. Бир-бирларидан бадгумон бўлиш каби нохуш ҳолатлар ана шу фолбинларнинг шум хабарлари натижасида вужудга келаяпти. Бинобарин, оят, ҳадис, муътабар китоблар ва илмий асослар билан исботламаган гапларга ишонишдан сақланиш даркор. 

 Демак, оилаларимиз тинч ва омон бўлиши, айниқса янги турмуш қурган ёш келин-куёвлар ўзаро муҳаббат, иттифоқ бўлиб, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб яшашлари, муборак ва муқаддас оила қўрғонининг янада мустаҳкам бўлиши учун ҳаётимизда озми-кўпми учраб турадиган, ижтимоий зарарли иллатлардан ҳисобланувчи фолбинларга ишонмасликлари ва уларга мурожаат қилмасликлари лозим бўлади. Жамият аъзоларининг ҳаётларига салбий таъсир кўрсатувчи бу иллатлардан сақланиш ва узоқда бўлиш барчанинг бурч ва вазифаси  эканлигини асло унутмаслик керак.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram