ҒАНИМАТЛИ ДАМЛАР
23 май 2020 й.
24 марта ўқилди.

 

ҒАНИМАТЛИ ДАМЛАР  

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинким, ер юзидаги барча мўмин-мусулмонлар қатори бу йилги муборак Рамазон ойини ҳам якунлаш арафасида турибмиз. Ой давомида қўлдан келганча зиммамиздаги вазифаларни адо этдик, рўза тутдик, хатми Қуръонлар қилдик, таровеҳ намозларини ўқидик, тунлари қоим бўлдик. Ойлар султони бўлмиш барокатли ойда дуою илтижолар қилдик. Минг ойдан қадрли бўлган тунда тонгга қадар тоат-ибодатда бўлдик. 
Ҳар бир нарсанинг поёни бор, албатта. Ҳаётда баъзи нарсалар борки, унинг якунланиши одамга ўзгача завқ бағишлайди. Бироқ Рамазон ойи бундай эмас. У охирлаган сайин қалбларимиз қафасдаги қуш мисол типирчилаб қолмоқда. Ахир нега бундай бўлмасин? Чунки унга ўттиз кун мобайнида батамом ўрганиб қолган эдик. Унинг фазилатидан баҳраманд бўлаётган эдик. Унинг тароватидан қалбларимиз ором олаётган эди. Бошқа ойлардагига қараганда кўпроқ тиловатда, ибодатда эдик. Бундай лаззатдан, бундай роҳатдан айрилиб қолаётганимиз учун кўзларимиз ёшга тўлмоқда.  
Бугун таровеҳнинг охирги куни. Эртага охирги куннинг рўзасини тутамиз, бироқ таровеҳ намозини ўқимаймиз. Биргина имконият қолди. Ундан унумли фойдаланишимиз ниҳоятда зарур. Ҳали ҳам вақт бор. Охирги таровеҳ намозида, хатми Қуръонлар сўнгида, охирги саҳарликда, Рамазоннинг охирги кунида, охирги ифторликда янада кўпроқ дуо қилишимиз керак бўлади. 
Чунки инсон қиладиган ҳар бир ишнинг натижаси унинг оқибати билан белгиланади. Ҳадиси шарифларда амаллар охирига қараб эътиборга олиниши айтиб ўтилган. Шунингдек, инсоннинг яшаб ўтган ҳаёти мазмуни ҳам унинг сўнгги лаҳзалари билан белгиланади.  
Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар хотимасига боғлиқ», дедилар» (Бухорий ривояти).  
Ҳеч ким оқибати ёмон бўлишини хоҳламайди. Бу бизга берилган фурсат. Бу фурсатни ғанимат билайлик. Шу йил айрим сабабларга кўра таровеҳ намозларини уйда ўқидик. Қариндош-уруғлар даврасида ифторлик қила олмадик. Яратган Зотдан тинимсиз дуо қилиб сўрайлик. Уйда ўқиган таровеҳимиз шу билан якун топсин. Келаси йиллар таровеҳларни масжидларда адо этайлик. Хатми Қуръонларда иштирок этайлик. Ёру-дўстлар, қавму-қариндошлар даврасида ифторлик қилайлик. Жумъа намозларини, ҳайит намозларини Аллоҳнинг уйида ўқийлик. 
 Албатта, дуода кўп гап бор. Ажабмаски, дуомиз мустажоб бўладиган вақтга мувофиқ келиб қолса. Фаришталар омийн деса. Аллоҳ қабул этса. Бунга асло шак-шубҳа йўқ. 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:17
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram