Ўзи учун ғазаб қилмаслик
18 март 2016 й.
1545 марта ўқилди.

 Ўзи учун ғазаб қилмаслик

Аллоҳ таоло Ўзнинг китобида марҳамат қилади:  “(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамлар(нинг хато-камчиликлари)ни авф этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади”  
Бу оятда муҳсин бандалар ишлари бароридан келиб турган вақтда ҳам, бироз қийинчилик дамларида ҳам инфоқ ва садақалар қилишлари, турли сабаблар билан ғазаблари чиққанда уни боса билишлари ва кечирилиши мумкин бўлган хатоларни авф қилишлари айтилмоқда. Ғазабни ичига ютиш осон эмас. Бунинг учун бандадан тақво сифати талаб қилинади. Зеро, ғазабни қайтариш учун нафсни жиловлай билиш ва шайтон васвасасига ҳай бериш керак.
Ояти каримада «ғазабланган вақтда» дейилаётганининг ўзиданоқ билса бўладики, Исломда инсондаги мавжуд сифатларни инкор этиш йўқ, уларни йўққа чиқаришга уринилмайди, балки уларни тартибга солиб, яхшиликка йўналтирилади, холос. 
Ислом инсонни нафси учун беҳуда ғазабланишдан қайтаради, ғазабини ютишни мадҳ этади. Лекин шу билан бир қаторда, Аллоҳ учун, дину диёнат учун, номус учун ғазабланишни вожиб қилади. Шунинг учун ҳам имом Шофеъий: «Кимнинг ғазаби қўзғотилганда ҳам ғазаби чиқмаса, эшакдир», деган.
Юқорида айтилган ҳолатлардан бошқа нарсаларда ғазаб қилиш ноўриндир, мўминга хос сифат эмас. Бирор киши ғазабини чиқарса, кечириб юбора оладиган ҳалим бўлиш. Ғазаб чиққан вақтда уни ичига ютиб, ўша ғазаб чиқишига сабабчи одамни кечириб юбориш олий даражадаги ахлоқ доирасига киради.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳалимликлари энг олий даражасига етган эди. Шундоққи, бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънаҳ деган мадиналик яҳудийга хурмо бермоқчи бўлиб ундан пул олдилар. Бир неча кунга муҳлат берган эди. Ваъдаси тўлмай туриб яҳудий хурмони сўраб келди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан ушлаб:
- Эй  Муҳаммад, ҳақимни шу чоққача нега бермайсан? Ҳошимийлар муомаласи яхши эмас деб эшитган эдим, тўғри экан, - деди.
Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бошлиқ барча улуғ саҳобалар шу ерда эдилар. Ҳазрати Умарнинг ғазаблари келиб:
- Эй Худо душмани, сизлар билан ўртамиздаги аҳдноманинг бузилишидан қўрқмасам эди, бошингни ҳозир кесиб ташлар эдим, - деб қиличига қўл урди. 
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кулимсираб: - Эй Умар, бу икковимиз орамиздаги гапга бундан ҳам яхшироқ сўз бор эди. Мени яхши муомала қилиб беришга ва уни яхши гапириб олишга буюргил. Ваъдамизга 3-4 кун бор эди. Энди, эй Умар, бунинг ҳаққини сен бериб қўй. Уни қўрқитганнинг учун 20 соъ ошиқча хурмо қўшиб бер – деб буюрдилар.
Бу сўзни эшитгач, яҳудий ҳайрон бўлиб: “ Эй Муҳаммад, Таврот, Инжилда охирзамон пайғамбари сифатларини ўқигандим, уларнинг ҳаммаси сизда тўғри келди. Синалмаган ёлғиз шу иш қолган эди. Китобда дейилган эди: “Ўзи учун ғазаби келмайди” – деб. Энди буни ҳам синаб кўрдим. Сизнинг охир замон пайғамбари эканлигингизга ҳеч қандай шубҳа қолмади, - деб шу вақтнинг ўзида дарҳол иймон келтирди. (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва Табароний ривояти)
Имом Абу Довуд ва Ибн Можа келтирган ҳадисда: Муъоз ибн Анас ал Жуҳайний разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ғазабини ютса, ваҳоланки у ўша жазони қўллаб билади, у шу ишга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ уни қиёмат куни халойиқнинг олдида чақириб, ҳуру аъйнларнидан истаганини танлаш ихтиёрини беради”, дедилар.
Аслини олганда, ғазаб – инсоний туйғуларидан бири. Яъни, Аллоҳ берган ҳиссий неъмат. Инсоннинг моли, жони, орияти, яқин кишиларига қарши хатти-ҳаракатлар қилинганда табиий равишда қўзғолади ва юқоридаги ҳолатларни бартараф этишга ундайди. Бироқ ғазабнинг Аллоҳ томонидан бизга неъмат сифатида берилганлиги бутунлай унинг измига тушиш мумкинлигини англатмайди. Зеро, у чегаралай билиш керак бўлган ҳис. Акс ҳолда, ғазабланган киши ҳам, унинг атрофидагилар ҳам бундан азият чекишади. Гапнинг индаллоси, ғазаб – мисоли олов. Инсон унга муҳтож. Аммо меъёридан ортиб, назоратимиздан чиқиб кетса, ўзимизни, бошқаларни ҳам ёқиб, кул қилади.
 
Жамол Мавлонов 
Мир Араб мадрасаси мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram