Гиёҳвандлик – насл иллати.
17 апрел 2017 й.
29 марта ўқилди.

 Аллоҳ таоло Ўзининг илми ва ҳикмати билан инсон зурриётини барча махлуқотлардан азиз мукаррам қилиб яратган ва ақли, насли, жисми, дини, мол- мулки, шаъни каби муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган.

Ушбу асосларни бирига қилинган тажовуз барча аъзоларга қилинган  хиёнат деб белгилаб, бизларни огоҳ этмоқда. Инсон йўл қўйган хатоси билан ўз жисмига хиёнат қилишга хаққи йўқлиги, бу жисмда келажак авлод борлиги ва ўз насли, шаъни, дини ва жамиятига хиёнат қилмасдан яшаш белгиланган.
Улуғ ҳакимлардан бирлари шундай дебдилар: “Кўзи ожиз инсон ёруғ оламни бир бора кўрсам дейди. Кар одам қани энди товушларни эшитсам дейди. Ўтириб қолган киши ўз оёғида юриш орзусида яшайди. Соқов одам гапиришга зор. Сен эса кўрасан, ҳам эшитасан, ҳам юрасан, ҳам гапирасан. Бас энди сен шукр келтиргин!”
Ушбу насиҳат замирида жуда катта маъно мужассам бўлиб, инсон барча неъматларга сазовор бўлса, бунинг учун шукр келтириб яшамоғи айни фазилат бўлади.
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Харом нарсалардан сақлан, шунда одамларнинг ибодатлироғи ва энг яхшиси бўласан. Аллоҳ тақсимлаб берган ризққа рози бўлгин, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, деб инсон ҳаётининг энг гултожиси бўлган умрини исроф қилмасдан ўтказишга тарғиб қилмоқдалар. Бугунги кунда барча аъзолари соғлом бўлиб, илм маърифат ҳосил қилиш ўрнига умрини гиёҳвандликка ёки фоҳишабозликка сарф қилиб ўз умрини ҳазон қилиш кимга керак. Бундай кишилар ўйлаб қадам босиши ва келажак авлод олдида жавобгар эканлигини ҳис қилиб яшаши инсонийлик мезонига амал қилиши шарт бўлади.
Эътибор берадиган бўлсак, бугунги кунимизда инсон ақлини оладиган хотирасини заифлаштирадиган турли касалликлар пайдо бўлмоқда. Шулардан энг ёмони бу гиёҳвандлик бўлиб, бу иллат динимизда мутлақо харом ҳисобланади.
Бу борада Аллоҳ таоло муборак каломида: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол покларини енглар”, деб марҳамат қилади. Инсониятнинг хаётига, жисмига, оиласига, келажагига зарар бўлган барча нарсаларни динимиз қоралайди.
Ҳалоллик, поклик доимо мақталаган иш бўлиб, бу йўлни танлаганлар нажот топади,  зарарли йўлларни танлаганлар, албатта, ҳаётини ютказиб қўяди.
Яна Аллоҳнинг каломига қарасак, “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни халокатга ташламангиз”, деб инсон ҳаёти давомида ўз қўли билан ўзини гуноҳ сиртмоғига олиб бормаслигини билдирмоқда. Жумладан, гиёҳвандликми ёки фоҳишабозликми, ақидапарастликми, боринки барча ёмонликни ўз қўлларингиз билан пайдо қилманглар, дея ушбу ёмонликлардан сақланиб юришга тарғиб бўлмоқда.
Гиёҳвандлик, фоҳишабозлик Аллох берган жонга, жисмга, ақлга заволлик олиб келса, иқтисодий зарарларидан ҳам ҳолий бўлмайди. Балки маънавий зарар ҳам инсонни ўз комига тортади.
Бугунги кунга шукр келтириб яшаш ўрнига турли оқимлар таъсиридан ўз йўлини йўқотганлар ва бошқа харом йўлларни ўз ақллари билан тўғри деб юрганларни оиласида, ўз вужудида мутлақо хотиржамлик йўқ бўлган.
“Ким шайтонни изидан эргашса бас, албатта у фоҳиш ва мункарга буюради” деб Аллох шайтон йўлидан юрмасликка чақирмоқда жамият ичидаги бузиқ тоифадаги кишилар. Бузиқликка чақирдими, демак улар шайтоннинг шерикларидир. Бундай кимсалардан узоқ юриш кишига бахт келтиради.
Юқорида тилга олинган барча бузиқликларни зарарлари исбот талаб қилмайдиган хақиқат бўлиб турибди. Турли бедаво касалликларни келиб чиқиши, ногирон фарзандлар туғилиши, оилалар бузилиши, фарзандларнинг сарсону саргардон бўлиши, инсон ўз нафсига қул бўлиши,  иродасизлик, ўз жонига қасд қилиш каби ва яна бошқа ёмонликлар барчаси гиёҳвандлик, фоҳишабозлик ва турли зарарли оқимлар гирдобига тушиб қолиш эвазига бўлмоқда.
Ичимизда юриб  Юртимиз келажаги  бўлган ёшлар онгини заҳарлаб, уларнинг ёшлигини ҳазон қилаётганлар юрт хоинлари десак ўринли бўлар.
Тарихдан маълумки, бир давлат иккинчи бир давлатни енгиши, ўзига қарам қилиши учун ўша юртни онгу шуъурини, ақл-идрокини сусайтириш пайига тушади. Бунинг учун гиёҳвандлик ва фоҳишабозликни ёшлар ичига ёйишга ҳаракат қилишар экан. Ёшларимиз огоҳ бўлиб, бундай жирканч ишлардан эҳтиёт бўлишлари  ҳам фарз, ҳам қарз хисобланади.
Шу ўринда айтмоқчиманки, баъзи ёшларимиз интернет тармоқларидаги  ғоявий бузуқ сайтлар ахборотига ошиқ бўлишиб ўзларининг диний, миллий қадриятларидан жудо бўлиб, ўз инсонийлик фазилатларидан маҳрум бўлмоқдалар. Шу жумладан, ундаги фикри саёз ёшлар учун қулай бўлган маълумотларга алданиб, улар билан мулоқотга киришиб ўз йўлларини йўқотиб,  ҳатто, ота-оналар, устозлар насиҳатига ҳам қулоқ солмайдиган манқуртга айланиб қолмоқдалар. Бундай қабиҳ йўлдан огоҳ бўлиб яшаш ҳамманинг зиммасидаги бурчдир.
Юртимиз шаънини улуғлаш, мустақиллигимизни гуллаб яшнаши учун жамиятимизнинг маънавий баркамоллигини таъминлашимиз барчанинг бирдек масъулияти эканлигини унитмаслигимиз зарур бўлади.
Бу борада жаноб пайғамбаримиз “Сизлардан ким бир мункар яъни ёмон ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин қодир бўлмаса тили билан қайтарсин, бу мункар ишни қалби билан ёмон кўрсин, бепарво кетишлик иймоннинг заифлигидир” деб жамият ичида инсонлар зарарига юрт равнақига зарарли ишларни бўлаётганлигини кўриб туриб индамай туришлик гуноҳ устига гуноҳ бўлишлигини бизларга маълум қилмоқдалар.
Махаллаларда  жамиятимизни турли ўринларида барча барчамиз келажак ёшлар тарбияси учун қайғуриб уларни етук инсонлар бўлиши учун уларда бирон нуқсон кўрсак биргалашиб бартараф этишимиз зарур бўлади. Аксинча кўриб кўрмасликка олиш албатта жавобгарликни зиммамизга қўйади.
Бир хикматда шундай ёзилган “Маъсият яъни гуноҳ ёпиқ эшик, агар уни очишга журъат қилсанг кўп марталаб очиш сенга осон бўлиб қолади.Бу шундай бир қадамки ортидан бир нечта қадамлар эргашиб келади. Шу боис сен биринчи қадамни ўлдиришга интилгин”. Бундан маълумки ёшлар ўз ёшлигини биринчи қадамини яхши йўлга қўйса кейинги қадамлар файзли ва баракали бўлади жамиятимиз софлиги учун дойимо хайрли қадамлар кўпайсин.
Энди азизлар биринчи мисрадаги сўзларга эътибор берсак, Аллоҳ кўрадиган, эшитадиган, қадам босадиган соғлом қилиб дунёга келтирибди бу неъматларни қадрига етиб берилган неъматлар асосида яхши хайрли ишлар қилайлик.
Зеро ёшлик умр баҳори деб таъриф беришар экан, ушбу баҳорда яхшилаб меҳнат қилиб умримизни қолган фаслларини ҳам файзли ўтказмоқликни олдимизга мақсад қилиб олайлик ва бу мақсад йўлида тинмай илм, маърифат ҳосил қилиб бизларга ато этилган мустақилликни абадий бўлиши учун ҳалол меҳнат қилайлик.
 
 
                                                                                    Абдураҳмон Бақоев
                                                                              Бухоро тумани «Имом Аъзам» 
                                                                               жомеъ масжиди имом хатиби
 
 
«орқага