Энг гўзал ибрат
27 ноябр 2015 й.
1528 марта ўқилди.

 Энг гўзал ибрат

   Мўмин-мусулмон учун энг гўзал ибрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Эътибор берсангиз кичик каттага эргашиб унга тақлид этади, кучсиз кучлига эргашиб ундан фойда топади ва илмсиз илмлига эргашиб ундан зиё олади. Мўмин-мусулмонлар эса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, дунё ва охират ютуқларига сазавор бўладилар. 
              Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
 
       قال اللّه تعالى : لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا  
  
       " Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир". (Аҳзоб, 21¬- оят).
     Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб  Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. Қилган ишлари эса, Аллоҳнинг амри биландир. Бундан ҳам гўзал ибрат бўлиши мумкинми?!
 
عَنْ أَبِي ذَرٍّ  قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ: اتَّقِ اللهِ حَيْثُمَا كُنْتَ وَأَتْبِعِ السَّيِّئَةَ الْحَسَنَةَ تَمْحُهَا وَخَالِقِ النَّاسَ بِخُلُقٍ حَسَنٍ.
  Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонлик ортидан уни ўчирадиган яхшиликни эргаштир. Одамларга чиройли хулқ билан муомала қил”, деб насиҳат қилдилар.
  
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учта улкан ишни ҳаётда тадбиқ этмоқликни улуғ саҳобий орқали бутун умматларига етказдилар ва ўзлари барчага тақвода, яхшилик ва муомалада ибрат бўлдилар.
Оиша онамиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўраганларида “Ҳулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳллари ҳузурида бўлганларида нима ишлар қилар эдилар деб сўраганларида. “Ўз аҳллари хизматида бўлар эдилар. Намоз вақти бўлса, намозга чиқар эдилар” деганлар. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир эркак киши уйида нима иш қилса, шуни қилар эдилар. Уст-бошлари ва кавушлари йиртилса, ўз қўллари билан ямардилар, қўйларини ўзлари муборак қўллари билан соғар эдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлганлар ҳам ана шу ахлоқи набавийдан ибрат олишлари, ўрнак олишлари лозимдир. 
 
 Анас розияллоҳу анҳу болалар олдидан ўтаётиб уларга салом бердилар ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар олдидан ўтсалар шундай қилар эдилар”, деб марҳамат этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишлари ҳаммамизга ибрат бўлиши лозим. Чунки болалар катталарнинг саломидан ибрат олиб, катта бўлганларида салом беришга шошиладиган бўладилар. 
 
  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эдилар, бир аъробий кириб келди. Икки ракаат намоз ўқиб, Аллоҳим, менга ва Муҳаммадга раҳм қилгин. Биз билан бирга бошқани раҳм қилмагин, деб дуо қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Чеклашни кенгайтириб юбординг”, дедилар. Кўп ўтмай, у туриб масжиднинг бир бурчагига пешоб қилди. Одамлар шошилиб, унга зажр қила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтариб, “Уни ўз ҳолига қўйинглар ва пешоби устига  сув қуйинглар. Албатта, сизлар енгиллаштирувчи қилиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи қилиб эмас”, дедилар. У зот бир кишига бир челак сув олиб келиб, пешобнинг устига қуйишни буюрдилар. Кейин аъробийни чақирдилар ва унга: “Албатта, масжидларда мана бу пешоб ва ифлос нарсаларни қилиш дуруст эмас. Масжид фақат Аллоҳнинг зикри, намоз ва Қуръон қироати учун”, дедилар. 
 
 Ҳа, Мўмин-мусулмон учун энг гўзал ибрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Уни уришмадилар ҳам, унга зажр ҳам қилмадилар, балки чиройли сўз билан билмаганини тушинтирдилар. Демак, барча кишилар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиши керак.
 
  Бир донишманддан "Бизларга бир мўжиза кўрсатинг" деб сўраганларида, у киши: "Ўзи мўъжиза бўлмаган бирор нарсани менга кўрсатингларчи" деб жавоб берган эканлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, ибратлари ҳам мўъжизадир.   
 
 
      Мир Араб мадарасаси мударриси
                                                               Жобир Элов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram