ГЎЗАЛЛИК ВА АХЛОҚИЙ КАМОЛОТГА ИНТИЛИШ ИНСОН ЗОТИГА ХОС ХУСУСИЯТДИР
04 март 2015 й.
2631 марта ўқилди.

 ГЎЗАЛЛИК ВА АХЛОҚИЙ КАМОЛОТГА ИНТИЛИШ  ИНСОН ЗОТИГА ХОС ХУСУСИЯТДИР 

 
      Инсон олам аро олам бўлиб, унинг қалб тўлғонишлари, идроки, тафаккур кучи ва туйғуларининг бепоёнлиги, ҳиссиёти ва эҳтиросининг жўшқинлиги олдида ташқи олам рангсиз ва бемажолдир. Мавжудотлар ичида азиз ва мукаррам қилиб яратилган Инсон ўзининг ақли, онги ва тенгсиз заковати, одамийлик каби фазилатлари билан улуғдир. Зеро, “Ер ҳаёт оламининг мадрасаси бўлиб, коинот дарси шунда ўқилмоқда” . Бунинг асосий сабаби ерда барча нарсаларнинг мазмун-моҳиятини оча оладиган Инсон яшайди.
Ахлоқий камолот инсон зотига хос жараёндир, чунки у ақл, тафаккурнинг буюк қудратига таянган ҳолда ҳақиқат билан ёлғоннинг чегарасини аниқлабгина қолмасдан, балки дўстни душмандан ажрата олади. Илм билан хулқ-атвор, саъй-ҳаракатларнинг ўзаро бирлиги инсонни донишмандлик, комил инсон даражасига етказади. Бунга ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак, чунки «гўзалликка ва ахлоқий камолотга интилиш - бу инсон зотига хос хусусиятдир» . 
     Мукаммал ахлоқ ва комил инсон ҳақидаги тушунчалар ҳар бир даврнинг имкониятлари ва мезонлари асосида белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Инсон маънавий оламининг юксалиши билан боғлиқ турли ҳолатлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин, мухтасар қилиб айтганда, Оллоҳнинг ўзи бизга буюрган комил инсон бўлиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларнинг маъно - мазмунини нафақат чуқур англаш, балки ана шундай хусусиятларга эга бўлиш, уларга амал қилиб яшаш – одамзотнинг маънавий бойлигини белгилаб берадиган асосий мезон десак, ҳеч қандай хато бўлмайди. Бундай хулосани инсоният ўз онгли ҳаёти давомида доимо орзу қилиб, интилиб келган юксак маънавий идеалнинг фалсафий ифодаси,  мантиқий натижаси сифатида қабул қилиш ўринлидир”. 
Инсон муаммоси  азалдан азал инсониятнинг энг илғор вакилларини ўзига жалб қилиб келмокда. Жамиятда инсонлар  тинч  яшаши,  бир-бирига  самимий муносабатда бўлиши, бир-бирига ёрдам қилиши керак.  Қуръоннинг  кўпгина  оятларида: "инсоннинг  ихтиёри ўзида билан бўлиб,  у қилган ишларига ўзи жавобгардир",- деб таъкидланади. Агар инсон ўзи яшаётган жамиятда  ёмонлик тарқатса,  маишатида турли камчиликлар пайдо бўлса, бунинг барчасига унинг ўзи сабабчидир.
      Қадимги давр файласуфларидан бири Суқротнинг “Ўзлигингни бил” деган ҳикматли сўзи ҳар бир тарихий даврда янгича аҳамият касб этади. Улуғ мутасаввуф Абдухолиқ Ғиждувоний инсонни “кичик олам” деб ҳисоблаган. Форобийнинг  фикрича,  инсон ўз-ўзидан  бахтли бўла олмайди, бу нарса унинг ҳаракатларига,  меҳнатига, касб-ҳунарни эгаллашига, билимига боғлиқ. «... Инсон юксак камолотга эришуви йўлида ҳаракат қилганидек,  ақлий ҳам ҳаракат қилса,  ҳеч шубҳасиз,  ўзи ўйлаётган сўнгги даражадаги бахт-саодатга эришади».  
      Берунийнинг  қайд  қилишича, инсондаги  мақтовга сазовор хислат олижаноблик,  мардлик, мурувват, нафсни тия билиш, покизалик, дид билан кийинишдир. Мутафаккир ростгўйликни ҳамма нарсадан устун қўяди,  билиб-билмай нотўғри хабар тарқатувчиларни, атайин елғон сўзловчиларни қоралайди.  "Ёлғончиликдан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа одам у ёқда турсин,  ёлғончининг ўзи ҳам севиб мақтайди... Демак, ёлғончилик кишини адолатдан юз ўгиртиради; зулм, ёлғон гувоҳлик, омонатга хиёнат қилиш, бошқалар  мулкларини хийла билан босиб олиш,  ўғирлик,  дунё ва халқнинг бузилишига сабаб бўладиган бошқа ёмон хулқларнинг  кишига  яхши  қилиб  кўрсатади". “Инсоннинг қадр-қиммати ўз ишини қойил қилиб бажаргани билан белгиланади”, дейди Беруний. 
      Алишер Навоий инсоннинг    қадр-қиммати   унинг   мол-мулки, зеб-зийнати,  мансаби,  ижтимоий келиб чиқиши билан эмас, балки унинг маънавий қиёфаси,  ахлоқий сифатлари, ундан элга қанчалик наф тегиши билан белгиланади, дейди.  Бу  ҳақда  унинг  қуйидаги сўзлари таҳсинга сазовордир: "Кишиларнинг сўз билан наф етказиш қўлидан келмаса,  лоақал кўнглидаги андишаси яхши бўлиши керак. Кўнгли одамларнинг хурсандлигидан хурсанд бўлиши лозим". 
     Агар, - дейди Бедил, - яхшилардан бегона бўлмайман, ажралмайман десанг,  ёмон сўзловчилар, ғийбатчилар билан ошнолик қилма, ўзингни тўғри қўрмоқчи бўлсанг, ойнанинг орқасига боқма".
      Қомусий мутафаккир, олим, файласуф Аҳмад Дониш ёш авлоддан эзгу ниятли,  ҳимматли,  жасоратли  бўлишни  талаб этади, уларга  ҳар  бир ишни бажаришга онгли суратда киришишни маслаҳат беради. Инсоннинг яшашидан кутилган натижа кўнгилни бадфеъл одатлардан халос қилиш, унга ҳар томонлама сайқал бериш, нафсни ёмон хулқлардан муҳофаза қилишдир . Нафс ҳукмронлик қилган жойда мол-дунё тўплаш, хазина орттириш учун ёлғон ишлатиш, фирибгарлик, макр-ҳийла ва хиёнат билан боғлиқ ишларга кенг йўл очилади. Ўз қадр-қимматини ҳис қилмаган кимсалар етим-есирлар ҳақига хиёнат қиладилар, энг ёмони ўлчов ва тарозидан уриб қоладилар.                                                      
         «Қобуснома»да эса бу инсоний фазилат қуйидагича талқин этилади: «Бор молингга қаноатда бўлгил, қаноат туганмас ганждур ва сенга тақсим этилган насиба, кундалик овқат сенга, албатта, етишгусидур. …Ўзгаларнинг молидин тамаъ қилмагил, токим барча халойиқнинг яхшироқ ва азизроғи бўлгайсан» .
      Форобий эса инсоний хислатларни тўртга бўлади: назарий фазилатлар, тафаккур, яралма фазилатлар, амалий санъат фазилати(касб-ҳунар). «Бахт-саодатга эришув ҳақида»ги рисоласида инсон гўзалликни самарали идрок этиши учун унда нозик табиат ва ақлий мукаммаллик замини бўлиши керак, ҳиссий ва ақлий қобилиятга эга бўлган инсонгина дунёнинг барча сирларини била олиши мумкин, деб таъкидлайди, «Инсон ақл-идроки туфайли хақиқий инсонга айланади, билим инсонга бахт ва шодлик келтиради, инсон билиш орқали ўзида гўзаллик ва мукаммалликни кашф этади», - деб уқтиради. Форобий одамларни илм билан, санъат билан шуғулланишга даъват этади ва шу туфайли гўзал нарсалар тушунарли нарсага айланади, деб кўрсатади.
     Форобийнинг фикрича, шахсни камол топтириш жараёни инсон ўз ҳаёти давомида илм-ҳунар ўрганиши, ахлоқий нормаларни эгаллаши ва санъатни ҳаётий тажриба билан бойитиши орқали содир бўлади. Инсоний фазилатлар инсон атрофини қуршаган муҳит таъсирида шаклланади. “Камолотга бир кишининг ёлғиз эришуви мумкин эмас. Ҳар бир инсон, ҳар қандай камолотга эришувда бошқаларнинг кўмагига ва улар билан бирлашишга муҳтож ёки мажбурдир” , дейди мутафаккир. 
Бугунги кунда эса этика, эстетика, маънавият асослари фанларини ўқитиш жараёнида қуйидаги масалаларга алоҳида ўрин бериш мақсадга мувофиқдир:
- умуминсоний қадриятларга содиқлик 
- миллий анъаналар, дин ва маданиятни қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш
- тарихий шахслар тимсолида Ватанга муҳаббат ва Ватанпарварлик туйғуларини сингдириш
- буюк мутафаккирларнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш
- халқимиз маънавий меросини янада ривожлантириш.
Тарбия жараёнида ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, садоқат каби фазилатларнинг  ўрни беқиёс. Олимларнинг айтишича, умр боқийлик  яхшилик ва илмга бўлган муносабатга боғлиқ экан. Яхши фикр ва илм руҳий оламдаги яхши кучларни ривожлантиради. Ёмон фикр яхши кучларнинг заифлашувига олиб келади. Инсонпарварлик ва яхшилик асосий яратувчи кучдир. Инсонни севиш, кечириш, ҳамдард бўлиш – соғлиқ ва тинчлик манбаи, фалсафаси, ҳаёт мақсади ва маънавияти бўлгандагина инсон завол кўрмайди. Абу Наср Форобийнинг таъкидлашича: “Руҳни тарбиялаш ва поклаш изчил давом этсагина, яхши натижаларга эришиш мумкин”. Аждодларимиз саломатликда руҳнинг ўрнини билиб, унга катта аҳамият берганлар .
Аҳмад Дониш  ёшларни билим ва ҳунарларни эгаллашга чақириш билан уларнинг эътиборини меҳнатнинг ижтимоий аҳамиятига жалб этади.  Демак,  Дониш касбни эгаллаш зарурлиги ҳақида сўз юритганда жамият талабини, халқ манфаатини биринчи ўринга қўяди. Буни ўз  фарзандларига  қилган васиятларида ҳам кўришимиз мумкин. "Сизлар халқнинг ҳожатини чиқарадиган бир ҳунарнинг бошини ушланглар.  Зинҳор, мол тўплаб,  дунё кўпайтиришга тиришманглар. Дунё тўплашга киришганлар ботқоқ лойга ботадилар. Илм ўқиб, ҳунар орттиришда ватандошларнинг ҳожатларини чиқаришни ният  қилинглар. ...Ҳар бир ҳунарманд ўз ҳунарини қилса-ю,  лекин бундан мақсади халққа фойда  етказиш бўлмаса,  ундай ҳунарманд барака топа олмайди”.
Дарҳақиқат, бугунги кунда биз юксак маънавиятли, зукко, билимли, қалби гўзал инсонларни тарбиялаб вояга етказишимиз лозим. Қалби гўзаллик, инсонийлик, нафосат билан тўла инсон доимо гўзаллик яратишга интилади.
Мухтасар қилиб айтганда, гўзаллик ва ахлоқий камолотга интилиш, илм ва ҳунарларни эгаллаш - бу инсон зотига хос хусусиятдир. Айнан илм билан хулқ-атвор, саъй-ҳаракатларнинг ўзаро бирлиги инсонни донишмандлик, комил инсон даражасига етказади. 
 
З.А.Ахмедова – доцент, ф.ф.н.
Бухоро давлат тиббиёт институти
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram