Гўзал хулқлар нажот йўлидир
30 декабр 2015 й.
1663 марта ўқилди.

 

 
Гўзал хулқлар нажот йўлидир.
Инсонлар камбағал дейишса хафа бўлманг, кийимлари эски экан  деб айблашса ўксинманг, уйи замонавий кўринишда, давр талаби фасонида қурилмаган экан десалар парво қилманг, аммо, хулқи ёмон экан десалар, тарбиясиз экан дейишса, ёхуд фарзанди беодоб-ахлоқсиз экан деб дашном беришса ўтириб йиғланг. Шундай йиғлангки, кўзингиздан ёш эмас, балки, қон оқсин.
 
Бизнинг миллатимиз ҳеч қачон моддиятчи, фақатгина дунё матоларига ружу қўйган халқлардан бўлмаган. Бизнинг миллат азал-азалдан маънавиятга юксак баҳо берган, маънавиятли  ва зиёлиларни бошига кўтарган миллатлардан бўлган. Аждодларимиз буюк маънавиятимизнинг асосий бўлаги бўлмиш ахлоқ масаласига ҳам катта эътибор беришган. Доимо хонадонларда гўзал хулқ билан безаниш, ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қилиш ва шунга ўхшаш чиройли одоблар айтилган - жорий қилинган. Бу меҳнатлар ҳам ўз ўрнида самарасини берган. Ота-боболаримиз яхшиликни қабул қилишдан ҳеч қачон ор қилишмаган. 
 
Инсонни бахтга, саодатга эриштирадиган, оқибати мақталадиган гўзал ахлоқу одобларни қаерда кўрсалар қабул қилиб, унга амал қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқлар ҳақида шундай дейдилар : “Мен гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим”.
 
У зот келтирган барча нарсалар, аҳкомлар, гўзал  ахлоқ-у одоб ўз доирасида эканини шу ҳадисдан билиб оламиз. Яна бир ҳадисда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Менга энг суюклингиз ва қиёмат куни менга жойи яқин бўладиганларингиз гўзал хулқлиларингиздир” – деганлар.
 
Аслида соғлом табиатли ҳар бир инсон ҳам одобу ахлоқни мақтайди, гўзал одобли ва чиройли хулқли инсонларни ҳурмат қилади. Аллоҳ таоло инсонни шундай яратган. Ҳамма ҳам ростгўйликни, аҳдга вафо қилишни, сахийликни, сабрлилик ва шижоатни, яхшиликка чорлашни қўллаб қувватлайди, бундай фазилат соҳибларига тасанно айтади. Унинг муқобилида ёлғончилик, хиёнаткорлик, бепарволик ва шунга ўхшаш ёмон хулқларни яхши дейдиган инсон бўлмаса керак. Ҳақиқий мусулмон гўзал хулқларни яхши деб, ёмон ахлоқларни қоралайдиган инсон эмас, балки, гўзал хулқлар билан безаниб-зийнатланиб , ёмон хулқлардан узоқ бўладиганлардир. Бугунги кунда бизнинг амалсизлигимиз энг ката мусибатлар бошимизга келишига сабаб бўлмоқда. Яхши-ёмонни билиш билан иш битмаслиги, билганига амал қилиш лозимлиги бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири. 
 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири Уқба ибн Омирга шундай деганлар : “Эй Уқба, сенга дунё ва охиратнинг энг афзал хулқи нималигини айтайми? Сендан алоқани узганлар билан алоқа ўрнатасан, сенга зулм қилганларни кечирасан, сени маҳрум қилганга яхшиликлардан берасан”.
 
Ҳадисга эътибор назари билан қарасак “фалон, фалон хислатларни билиб қўй” дейилмаган, балки, ўша ишларни қилишга, яъни амалга ундалган. Чунки амал инсонни, жамиятни қутқарадиган асосий омил. “Мусулмонман”   деб ҳар қаёққа жар солиб турли оқимларга кириб кетганлар аҳволини бир таҳлил қилинг. Гўзал ахлоқни бир четга суриб қўйиб, қариндошлик ришталарини узаётганлар, ота-онадан воз кечаётганлар, бегуноҳларга зулм қилаётганлар, маҳрум қилганларга бериш ўрнига бермаётганлар, яхшилик қилганларни маҳрум қилаётганлар қандай мусулмон эканлар-а?!
 
Алоқани узган киши билан алоқа ўрнатишга уринган, зулм қилганларни кечирган, маҳрум қилганларга яхшиликдан берган инсонлар жамиятини бир тасаввур қилинг-а! Уларда ҳаё илдиз отган, уларда сабр қарор топган, уларда шижоат ўз ўрнида, уларда мулойимлик одатга айланган шундай бир жамиятки, бундай жамиятга келишмовчиликлар ўз-ўзидан бартараф  бўлиб кетади. Бундай халқ фаровон яшайди, бундай миллат юксалади, бундай ватан гуллаб яшнайди.
 
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни мақтаганида энг буюк мақтови хулқлари буюклиги, гўзаллигини мақташи бўлди. У зот: “Сиз буюк хулқ узрадирсиз”-деди.
Демак, гўзал хулқли бўлиш барча муаммоларимизнинг ечими экан. 
Гўзал хулқни аввало ўзимиздан бошлашимиз, сўнгра яқинларимиз, атрофимиздагиларга сингдиришимиз, фарзандларимизни одоб-ахлоқ асосида тарбия қилмоғимиз лозим.
Агар шундай қила олсак, бизнинг орамиздан ўғри ҳам, гиёҳванд ҳам, зинокор-у ҳар хил бедаво касалликларга мубтало бўлганлар ҳам, қолаверса мусулмонликни даъво қилиб юрган фирибгарлар ҳам чиқмайди. Ёшларимиз ўзимиздан тарбия олишади. Илк ва соф исломий тарбияни биздан ўрганиб ҳар хил экстремистлар таъсирига тушиб қолмайдилар. Натижада Ватанни ҳам, миллатни ҳам ҳар хил хатарлардан асраган бўламиз.
 
Ҳикмат ва илм соҳиби бўлган аждодларимиз услублари, ҳаётий  тажрибалари ҳам шуни исботлаган. Уларни буюк қилган нарса гўзал хулқлари ва тўғри тарбиялари эди. Биз ҳам уларнинг авлодлари ўлароқ уларнинг изларидан боришимиз бизнинг бурчимиз ҳамда фахримиздир.      
 
 
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:24
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram