Умидсизлик сабаб ўзингизни ҳалокатга ташламанг
11 май 2017 й.
66 марта ўқилди.

 Умидсизлик сабаб ўзингизни ҳалокатга ташламанг.

    Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси билан инсон зотини барча махлуқотлардан азизи мукаррам қилиб яратди. Унга ақл ва идрок берди. Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга доимо шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, мусибатларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва  умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши керак бўлади.
   Кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган ҳаёт нурини бевақт ўчиришдек, оғир гуноҳга қадам қўймоқдалар. Муқаддас ислом динимизда инсон ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ саналади.
    Аллоҳ таоло айтади: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195 оят).
     Аллоҳ таоло ояти каримада бандаларини қандай кўринишда бўлмасин ўзини ҳалокатга ташлашдан қайтарияпди.
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”.(Имом Бухорий)
    Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло хадиси қудсийда марҳамат қилади: Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.(Имом Бухорий)
     Демак, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг бандага берган умр неъматига ношукурлик ҳисобланиб оқибатда, банда қабрда ҳам, жаҳаннамда ҳам, илоҳий азобга гирифтор бўлади. Абадий роҳат жаннатдан тўсилади.
    Бугун  баъзи ота-оналар болаларидан узоқлашиб, фарзандларига яқин дўст, сирдош бўла олмаяпдилар. Уларни орзу-ҳаваси, дарди, фикрини эшитмаяпдилар. Эҳтиёжлари, муаммолари, руҳий ҳолати билан қизиқмаяпдилар. Болаларини қийнаётган саволларига биргаликда жавоб изламаяпдилар. Шунинг оқибатида улар ҳаётнинг паст-баландига, зарбаларига чидаёлмай, ўзларича воқейликка ҳукм чиқариб, хулоса қилиб бу ҳаром ишга, гуноҳга қўл урияпдилар.
   Бу гуноҳга қадам қўйиши оқибатида нафақат ўзининг охирати барбод бўлади, вужуди, руҳи абадий дўзах оловига куяди, балки, унинг ортида қолган бева аёли, етим болалари, ота-онаси, ака-ука, яқин қариндошлари ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам иқтисодий машаққатга қолади. Бу гуноҳни ният қилганлар шуни ҳам яхши англашлари лозимки бир инсонни дунёдан кетиши, арзимас, ноўрин оиласи, иш жойи, касби-кори, қўни – қўшни, атрофидаги дўстлари орасидаги келишмовчиликларга, маслаҳат билан ҳал бўладиган муаммоларга  жаҳл қилиб ўз жонига қасд қилиб вафот этиши билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Ортидан қалганлар ризқидан маҳрум бўлмайди. Бир оз вақтдан кейин ҳаммаси унут бўлиб, ўз ўрнига тушиб, ҳамма яшашга давом этаверади. Бу иши билан ўзи катта зарар кўради ва охири йўқ азобга гирифтор бўлади. Ҳар қандай муаммони ечими бўлади. Ҳар қандай қийинчиликдан кейин енгиллик бўлади.
   Инсонни Аллоҳ таоло бу дунёда имтиҳон қилади. Бошига турли мусибатлар келади. Бу қийинчиликлар олдиди банда ўзини йўқотиб қўймай, сабр қилиб, “ Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ бўлади”, деган, хакимлар сўзини унутмай, Илоҳий ва пайғамбарона насиҳатларга амал қилиб, бугунги кунида бир оз қийинчилик бўлиятган бўлса, эртанги куни албатта яхши бўлишига умид қилиб, шукр қилиб яшаши лозим.
       Аллоҳ таъоло “Бақара” сурасининг 216-оятда шундай марҳамат қилади:
 “...Шоятки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоятки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади сиз билмассиз.”
     Ёши  улуғ бир киши ўғли билан масофаси икки кунлик йўл бўлган шаҳарга сафар қилди. Уларнинг юк ортилган эшаклари ҳам бор эди. Чол доимо:” Аллоҳ Таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деган сўзни қайтараверарди. Улар йўлнинг ярмига етганларида эшакнинг оёғи синиб қолди. Чол:” Аллоҳ Таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!” деди. Юкларини елкаларига ортиб йўлда давом этдилар. Бир оз  муддатдан  сўнг чолнинг оёғи  қайрилиб  кетиб ҳеч нарса кўтаролмай қолди. Оёғини зўрға судраб кетар ва:” Аллоҳ Таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир! “ деб айтарди. Чолнинг ўғли барча юкларни  елкасига ортиб  йўлда  давом  этдилар. Йўлда чолнинг ўғлини илон чақиб олиб  оғриқдан  ерга  йиқилди. Чол яна: ”Аллоҳ Таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир! “ деди. Ана шунда ўғли  ғазабланиб отасига:” Бошимизга шунча мусибат келган бўлса , нега ҳа деб бир гапни  қайтараверасиз? дебди. Ўғлининг дарди енгиллашгач йўлда давом этдилар. Шаҳарга етиб келганларида қарасалар зилзила оқибатида у ердагиларнинг барчаси ҳалок бўлишганди. Чол ўғлига қараб:” Эй ўғлим кўрдингми, агар сафаримиздаги мусибатлар бўлмаганида ҳозир биз ҳам мана шу ҳалок бўлганлар билан бирга бўлар эдик” дебди.
      Хулосамизшуки, ҳаётимиздаги муаммо ва қийинчиликлардан тўғри хулоса қилиб, фақат яхшиликни умид қилайлик. Аллоҳ таоло берган умр неъматини қадрига етайлик, синов дунёда эканлигимизни унутмасдан. ҳар бир кунимизга шукр қилайлик. Ўзи берган жонни фақат Ўзи олишга ҳақлидир. Бунинг ҳақиқатини атрофимиздагиларга, болаларимизга тушунтирайлик, улардан узоқлашмайлик, ўз ҳолларига ташлаб қўймайлик.  “Аллоҳ Таолонинг биз учун яшириб қўйган ҳикмати буюкдир!”деган ҳикматли сўз бугунги кундаги ҳаётимиз дастури бўлсин. Зеро Роббимиз ҳукм қилувчиларнинг ҳукм қилувчироғи, раҳим қилувчиларнинг раҳим қилувчироғидир.
 
 
 
Ғиждувон тумани
« Соктари » жомеъ
масжиди имом хатиби:
Жасурбек Латипов.
«орқага