ҲАР СЎЗНИНГ ЖАВОБИ БОР
13 октябр 2015 й.
1663 марта ўқилди.

 ҲАР СЎЗНИНГ ЖАВОБИ БОР

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “То банданинг қалби тўғри бўлмагунича, имони тўғри бўлмайди. То тили тўғри бўлмагунича, қалби тўғри бўлмайди. Киши то қўшниси унинг озорларидан омон бўлмагунича жаннатга кирмайди” (Абу Дунё ривояти).
 
Мўмин одам тилига эрк бермайди. Пайғамбар (алайҳиссалом) тилни тийиш борасида яна бундай марҳамат қилганлар: “Мўминнинг тили қалбида. Агар бирор нарсани гапиришни хоҳласа, қалби билан ўйлайди, сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили қалбидан ташқарида, хаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди” (Хароитий ривояти).
 
Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, шубҳа-гумон, ўзгаларни ҳақорат қилиш каби иллатларнинг барчаси шайтон алдовларига учган киши тилидан содир бўлади.
Мўмин-мусулмон охиратда тили туфайли азобланишидан, беҳуда, ёлғон сўзлар туфайли амаллари ҳабата бўлиб қолишидан қўрқиши лозим. Зотан, тилимиздан чиққан ҳар бир сўзни фаришталар ёзиб боради.
 
“Ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф, 17-18).
 
Демак, инсонни жаннатга етакловчи ҳам, дўзахга олиб борувчи ҳам тилдир.
Тил  яна кўнгилнинг таржимони. Фикр тўғри бўлса, айтар сўзимиз фойдали бўлади. Фойдасиз сўз зиён келтиради. Абу Ҳурайра (розийаллоµу анҳу) бундай деганлар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Албатта, банда яхши-ёмонлигини ўйламай баъзи сўзларни гапириб юборади, оқибатда дўзахнинг машриқ ва мағриб ўртасидаги масофадан ҳам узоқроқ  жойига тойилиб кетади”».
 
Маҳмадоналик, эзмалик ва сергаплик динимизда қораланади. Фойдасиз гап-сўзлар одамларнинг вақтини олади, фойдали ишлардан қолдиради. Кайфиятини бузади. “Банда ёмон сўзлардан тилини тиймагунича ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деган ҳадис бор. Ўтган азизлар: “Кўп ўйла, оз сўзла, бўлмаса тек тур”, дейишган. Сергаплардан безор бўлган Аҳмад Яссавий ҳазратлари бундай деганлар:
 
“Оғзи очуқ, нафси улуғ мисли лаққа
Нодонлардин қўрқуб Сенга келдим мано”.
 
Доно одамларнинг суҳбатини тинглаб, вақти келганида ўринли жавоб қайтара билиш кишига ҳурмат келтиради. Ҳеч ким кўп сўзлаб доно бўлган эмас. Аммо кўп эшитиб кўпчиликка бош бўлганлар қанча. Камгаплик доноликнинг бошидир.
 
Тарихда саҳобалар, тобеинлар кам гапириб, кўп эшитишган, тилга эрк беришдан қочиб оғизларига баъзан тош солиб юришган. Уларнинг бу одатлари биз учун ибрат. Сўзловчи тингловчининг ҳолига эътибор бериши лозим. Меъёридан ортиқ сўзлаш фойдасиздир. Абу Абдуллоҳ  Рудакий айтадилар:
 
“Кўп сўз айтиб бўлдим пушаймон,
Айтмаганимдан доимо шодман”.
 Ҳақ таоло барчаларимизни тилимиз сабабли келадиган мусибатлардан асрасин.
 
 
 
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
 Бухоро шаҳридаги “Хожа Исмат”
 жоме масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram