Ҳасад эмас, ҳавас қилайлик
25 май 2016 й.
543 марта ўқилди.

 Ҳасад эмас, ҳавас қилайлик

 
Муқаддас динимиз таълимотлари барчани одоб-ахлоқ, ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эҳтиромга чорлаб, салбий иллат ва ёмонликлардан эҳтиёт бўлишга чақиради. Ҳар бир мўмин киши ким бўлишидан қатъий назар, дунё ҳаётида ички ва ташқи дунёсини ислоҳ этиши ва қалбини турли иллат ва зарарли офатлардан эҳтиёт қилиши лозим бўлади.
 
Мўмин кишини қалби ва ички қиёфаси қанчалик гўзал ва пок бўлса, унинг ташқи манзараси ҳам шунчалик гўзал ва солиҳ бўлади. Бу тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадиси шарифларида чиройли баён қилиб берганлар:“Огоҳ бўлинглар! Инсон жасадида бир парча гўшт( яъни эт бор), агар у солиҳ бўлса барча жасад солиҳ бўлади, агар у бузилса жасаднинг ҳаммаси ҳам бузилади. Огоҳ бўлинглар! У қалбдир” – дедилар. (Бухорий ривояти).
 
Мана шундай инсонни ўзига ҳам, унинг жамиятига ҳам зарар қиладиган қалб хасталикларидан бири бу – ҳасаддир. Агар мўмин киши бундан ўз вақтида сақланмаса, уни ахлоқан бузилишига, маънан тубанлашувига олиб келади.
 
Аввало “ҳасад” сўзининг маъноси нима?
- Ҳасадчининг – кишига берилган неъмат, фазилатни зоил-йўқ бўлишини ёки ундан тортиб олинишини исташдир.
Уламоларимиз: “Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига (яъни ўзига) етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир” – дейдилар.
 
Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати билан инсонларни моддий ва маънавий жиҳатдан турли хил қилиб яратган. Кимнидир бой, кимнидир камбағал, яна кимнидир қувватли, бошқа бирини заиф ва ҳоказо. Аллоҳ ўз фазли билан бир бандасига кўпроқ насиба берган бўлса, унга нисбатан ҳасад қилиш энг оғир гуноҳлардандир.
 
Ҳасад бошқалардаги фазилатни кўролмаслик. Бу эса Аллоҳнинг раҳматига қарши чиқиш ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилди:“Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор. Аллоҳдан фазлини сўранг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир”. (Нисо сураси, 32 – оят).   
 
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳасаддан сақланинглар! Чунки олов ўтинни ёндириб тугатгани каби ҳасад ҳасанотни (савоб амални) еб тугатади” – дедилар.
 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан жойда олов ҳамма нарсани ёндириб кул қилгандек, ҳасад ҳам кишидаги яхшиликларни еб тугатади.
 
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир бандада иймон ва ҳасад асло бирга бўлмайди” – дедилар.
 
Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бундан ҳасад инсон учун нақадар ёмон қалб хасталиги эканлиги, ҳатто иймон нурига ҳам зарар етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.
 
Ҳар бир иллатнинг давоси бўлгани каби, ҳасаднинг ҳам давоси бор. Аввало, ҳар бир киши англамоқлиги лозимки, Аллоҳ таоло бир неъматни ўзининг фазли билан бандасига беради ва уни хоҳлаган муддатгача бардавом этади. Бир бандани ҳасади туфайли неъматини кўтармайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди:
 
Сен: “Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Сен хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, сен ҳар бир нарсага қодирсан” – деб айт. (Оли Имрон сураси – 26 оят).
 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, ул зот марҳамат қилиб айтдилар:“Сизлардан қайси бирингиз мол-дунё ва фарзандлар берилиб, бадавлат бўлган одамга назар солмоқчи бўлса, ўзидан кўра фақирроқ инсонга ҳам ибрат кўзи билан боқсин” (муттафақун алайҳи). Неъматда фазилатли кишини кўрганда, уни ўзидан йўқлигини кўриб унга ҳасад қилмасин, буни ўрнига ўзидан кўра фақирроқ кишига ибрат билан қарасин.
 
Бошқа бир ҳадисда: “Уч нарса борки, умматим ундан қутулмайди.: ҳасад, бадгумонлик ва шумланиш. Сизларга ундан қутулиш йўлини айтайми? Қачон бир кишидан гумон қилсанг, шу гумонга кўра иш тутма, қачон бировга ҳасад қилсанг, зулмга ўтиб кетма, бирор нарсадан шумлансанг, унга парво қилмай ўтиб кетавер!” – дедилар.(Абу Яъло).
 
Ҳасад дардига мубтало бўлган инсон ҳасади унга қайси амални буюрадиган бўлса, ўшанинг аксини қилиши лозим бўлади. Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас, ҳавас қилган бўлади. Ҳавас қилишда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига биноан “Икки тоифа кишига кучли ҳавас қилса бўлади: бир кишига Аллоҳ таоло Қуръонни берган бўлса, у Қуръонни кечаю-кундуз ўқиб турган бўлса ва яна бир кишига Аллоҳ таоло мол-дунё берган бўлса, у молдан кечаю-кундуз яхшилик йўлида инфоқ қилиб турган бўлса”.
 
Аллоҳ барчаларимизни ҳадиси шарифда зикр қилинган тоифалардан бўлишимизни насиб айлаб, ҳиқду ҳасаддан Ўзи сақласин.  
 
 
Ширинов Ҳайит
Шох Ахсавий жомеъ
масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:34
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:35
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram