ХОЖА НИЁЗ ХОРАЗМИЙ (Ҳазрат Бобойи Лақлақагий)
23 май 2019 й.
350 марта ўқилди.

 

ХОЖА НИЁЗ ХОРАЗМИЙ

(Ҳазрат Бобойи Лақлақагий)

Ромитан тумани ўзининг ўтмишдаги буюк алломалари, авлиё-ю фозилу, олиму пирлари билан бутун  мамлакатимизда маълум ва машҳурдир. Мустақиллик йилларида  улуғ инсонлар мангу қўним топган  ана шу заминдаги  муқаддас қадамжоларни обод қилишга  алоҳида эътибор қаратилиб, мақтаса арзигулик савоб ишлар амалга  оширилди. Айниқса Бобойи Самосий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Ўбон, Хожа Заъфарон, Ҳаким Мулло Мир ҳазратлари қатори  Хожа Ниёз Хоразмий (Ҳазрат  Бобойи Лақлақагий)  каби тасаввуф оламининг  таниқли  намояндалари  қабрлари қўйилган  қадамжоларда улкан бунёдкорлик ишларини  йўлга қўйиш учун бутун халқ оёққа туриб, ўз ҳиссасини қўшди, десак муболаға бўлмайди. Негаки, бу ерлар собиқ Шўро тузуми даврида  ташландиқ, кўримсиз, афтода бир аҳволга тушиб қолган, ҳатто шу атрофда яшовчи оддий аҳоли ҳам улар   ўтмиши ва тарихи ҳақида ҳеч бир тасаввурга эга эмас эди. 
Юқорида номлари зикр этилган  азиз авлиёлар қаторида  саналган  Хожа Ниёз Хоразмий  хожагон тариқати занжирининг  бошланишида турувчи  буюк зот бўлиб, хожагон тариқатининг асосчиси  улуғ пир  Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг  устози саналади.  Маълумки, Ислом оламида  ўзининг халқчиллиги ва оммавийлиги билан танилган  хожагон-нақшбандия тариқатининг  алоҳида ўрни ва  мавқеи бор. Ушбу таълимотнинг шаклланиб, ривож топишида  улуғ авлиё  Хожа Ниёз Хоразмий бобомизнинг хизматлари бисёр.  Ҳазрат асосан деҳқончилик билан шуғуллансаларда  ўз муридлари тарбияси учун  кўпроқ вақтларини  улар билан ўтказганлар,вақт-вақти билан воҳанинг  барча туманларига сафар қилиб турганлар.
  Абдулхолиқ Ғиждувоний  ўз устозларига  ниҳоятда ҳурматлари баландлигидан  уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олган эканлар.  Ул зот  сабоқ олмоқ учун  Ғиждувондан пиёда юриб, Хожа Ниёз Хоразмий ҳузурига келарканлар, Зарафшон дарёси устига қурилган  “Пули Лақлақа” кўпригидан ўтарканлар. Бу кўприкни  Хожа Ниёз Хоразмий шахсий маблағлари ҳисобидан  қуриб,  ундан  ўтиш чоғи  кўприк қимирлаб тургани учун  “Пули лақлақа”, яъни  қимирлаётган кўприк номини олган экан. Ҳазратнинг халқ орасида  “Бобойи Лақлақагий” номи билан аталиши  сабаби ҳам шудир.
Ҳазратнинг мангу қўним топган жойлари  Ромитан шаҳрининг жануби ғарбида, собиқ Зарафшон дарёси  бўйидаги  унча баланд бўлмаган тепалик  устидадир. Халқимиз бу жойни “Ҳазрат Бобо қабристони” деб юритади. 
Ўтган асрнинг 90-йиллари қабристон атрофида  дастлабки ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Шундоқ ён тарафдан оқиб ўтувчи  Хайробод канали  тўғрилаб олиниб, ҳудуд қарийб икки гектарга кенгайтирилди ва  Ҳазрат қабрлари устига мақбара  қуриш ишлари  бошланди. Мақбара  тагзамини тўлиқ очилиб,  темир-бетон панжаралар билан  мустаҳкамланди.  Унинг томонлари 8,5х8,5 метр ва  баландлиги қўшқаватли  гумбази билан 8,5 метрни ташкил қилади.  Мақбара  2016-17 йилларда  тўлиқ  реконструкция қилинди.
  Вилоятимизнинг йирик реставратор устаси  Тағи Обиддинов бошлиқ  жамоа аъзолари  реконструкция  ишларини сифатли бажариб,  зиёратгоҳни туманнинг муқаддас қадамжоларидан бирига айлантирдилар.  Шунингдек, сангтарош уста  Тойир Райимов,  ромитанлик тадбиркор, Шавкат Тойиров, Низом Ҳусенов  ва бошқа ўнлаб саховатпеша  инсонлар Хожа Ниёз Хоразмий  - Ҳазрат Бобойи Лақлақагий  зиёратгоҳини обод қилишга муносиб ҳисса қўшдилар. Мазкур қадамжода  ободончилик ишлари ҳали-ҳануз давом эттирилмоқда.
Юртимиздаги бу каби табаррук қадамжолар ёшларимизни она Ватанга садоқат, ўтмиш аждодларимизга нисбатан ҳурмат-эътибор руҳида тарбиялаш учун муҳим омил ҳисобланади.   
Суннат ФАХРИЕВ,
Ромитан туман “Ҳазрати Умар” 
жомеъ масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram