“Ҳожи оши”
02 ноябр 2017 й.
1291 марта ўқилди.

“Ҳожи оши”

 

Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб-ичинглар,

садақа қилинглар, кийиниб ясанинглар лекин

исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар.

(Имом Аҳмад ривояти)

  

Аллоҳ таолонинг иродаси билан муборак ҳаж сафарига бориб, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги муқаддас зиёратгоҳларни тавоф этиб, Ислом динининг бешинчи арконини мукаммал адо этиб келмоқлик Аллоҳ таолонинг улуғ марҳаматидир. Ҳаммамизга маълумки узоқ йиллар давомида диёримиз мусулмонларининг бу орзулари ушалмай келди. Мана буюк истиқлол туфайли азалий орзу умидлар ушалди.

Ҳар йили минглаб мўмин-мусулмонлар муборак Ҳаж ва Умра зиёратларига боришга мушарраф бўлмоқдалар. Муборак Ҳаж ибодати туфайли ҳожиларимиз руҳан пок, жисман бардам бўлиб, қалблари хурсандчиликка тўлиб, қайтмоқдалар. Лекин минг афсуски, муборак Ҳаж сафарини ихтиёр этиб муқаддас зиёратгоҳларни тавоф этиб келганлар орасида бесабр, ношукр, бу дунёнинг алдамчи роҳат-фароғатига,  ўткинчи ҳою-ҳавасларига берилиб охиратини унутганлар оз бўлсада борлиги кишини  ажаблантиради. Ахир ҳажга бориб келган одамнинг гуноҳлари тўкилиб, онадан янги туғилгандек бўлиб қайтиши ҳадисларда зикр қилинган. Ана шундай улуғ мартабага мушарраф бўлган киши билиб – билмай яна разолатга юз тутса, риёкорлик қилса, яъни “Мен ҳожиман”, деб кибрланса, ваҳоланки ҳадиси шарифларда риё, кибр амалнинг савобини зое қилади, риё Аллоҳ таолони ғазабига сабаб бўлади. Риёкор Аллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўлади дейилган.

 

Кучинг борки кибрга бўлма йўлдош,

Кибр бир кун кўзингдин тўккуси ёш.

Такаббур бўлмаса одам жаҳонда,

Яшар иззатдаю бўлғай омонда.          

      (Муҳаммад Ҳусайний)

 

Бугунги кунда катта – катта қозонларда ош дамлаб, зиёфат бериб, ўзини кўрсатишни ўрнига Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “ Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деган ҳадисларини эсласин. Ҳолбуки, қўни-қўшнилардан хабар олиб туриш, муҳтожларга ёрдам бериш мўминлик бурчимиздир. Ёки бўлмаса, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “мусулмонлар ичида энг яхши уй, етимга яхшилик қилинаётган уйдир. Мусулмонлар ичида энг ёмон уй, етимга ёмонлик қилинаётган уйдир. Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз”, - деб икки бармоқлари ила ишора қилдилар”, ёки “ қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни очга таом берса Аоолҳ уни жаннат  мевалари ила таомлантирур. Қайси бир мусулмон сувсиз  чанқаган бир мусулмонга сув берса Аллоҳ азза ва жалла уни жаннат шаробидан сероб қилур”, дея марҳамат қилинади, деган ҳадисларига амал этиб ошу-зиёфатларидан  “Меҳрибонлик уйлари” ёки “саҳоват уйлари”дагиларни баҳраманд этсалар, янги оила қуриш ниятида турган ёшларга уйланишларида ёрдам берсалар,  ўйлаганларидан ҳам кўпроқ савобга эга бўлар эдилар. Аҳмад Яссавий бобомиз айтганларидек:

     

          Қайда кўрсанг кўнгли синуғ малҳам бўлғил,

          Андоқ мардум йўлда қолса ҳамдам бўлғил,

          Уммат бўлсанг ғарибларға тобеъ бўлғил,

          Оят, ҳадис ҳар ким айтса, сомеъ бўлғил.

 

Баъзи ҳожилар хонадонидаги зиёфатларда фақат танлаб таклиф қилинганлар иштирок этишади, баъзи бир инсонларни кўнглини олишга ҳаракат қилишадию ўзининг туғишган қариндош-уруғларига эътибор беришмайди. Ваҳоланки, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан асари қолишини яхши кўрса силаи раҳм қилсин”,- деганлар.    

“Ҳожи оши” деган маросимларда ҳожи бўлмиш соҳиби хонадон арабларнинг узун кўйлагию, оқ дўпписини кийиб олиб, келганларни кутиб олиши қизиқ. Ҳаттоки баъзи бирлари йил 12 ой бу либосларни эгниларидан ташламайдилар. Наҳотки ҳожилик мартабаси, шоҳона зиёфатлару, эгнидаги кийими билан белгиланса... Ахир ҳожилар ташқи қиёфаси билан эмас балки ички дунёси, гўзал хулқи, ширин муомаласию ва камтарлигида намоён бўлмайдими?

Ҳикоятда келтиришича Ардашер Бобак шоҳ, бир куни ўз ўғлининг ғоят қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрибди. Уни олдига чақириб: “Ўғлим киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч қандай хазинада бўлмасин!”, - дебди.

 Ўғли ундан, “Эй ота у қандай либос нимадан  тикилади”, -деб сўрабди.

Отаси унга: “У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади!”,-дебди.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг иродаси билан муборак ҳаж сафарига бориб, муқаддас зиёратгоҳларни тавоф этган кишининг қалби ҳидоят нури билан тўлади. Руҳи тетиклашиб, бу ҳол уларнинг бутун вужудини кенг қамраб олади. Истардикки ана шу туйғу ҳар бир ҳожининг қалбини умр бўйи тарк этмасин.

 

 

 

Ромитан туман “Амир Ҳамза”

 масжиди имом хатиби

Абдулазиз Раҳмонов

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram