ИФФАТЛИ ҚИЗЛАР
23 июн 2017 й.
1219 марта ўқилди.

ИФФАТЛИ ҚИЗЛАР


    Бугунги кунда жамиятимиздаги кўпчилик қизларнинг онгига "қанча калта кийинсам, шунча замонавий кўринаман" деган нотўғри тушунча ўрнашиб олган. Бундай кийинган қизлар  замонавий бўлиб эмас, оддийгина "қўғирчоқ"қа айлиб қолишади. Қўғирчоқнинг вазифаси эса фақат ишлатиб, фойдаланилгандан сўнг ташлаб юборишгина холос. Ислом дини эса аёл-у қизнинг барча ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда, уларни иффатли бўлишини таьминлайди. Иффат ― бу энг юқори одоб ва олий даражадаги хулқ бўлиб, бу билан инсон даражаси ошади,  шон-шуҳратга эришади ва юксалади. Бу гўзал хулқ, софдил ва ақлли киши билан табиати бузилган ва ақлдан озган кишининг орасини ажратиб беради. Иффат аёлларгагина хос бўлган хулқ эмас. Балки эркаклар ҳам иффатли бўлишга буюрилгандирлар. Лекин бу хулққа эркаклардан кўра аёллар кўпроқ тарғиб қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўқлигингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир», деганлар.
Бу ҳадисда «сен йўқлигингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёл» деган сўз билан эркакларга аёл танлашда иффатли аёлни танлаш тарғиб қилинмоқда. Чунки аёллар иффати билан таққосланади. Уларнинг ўзга аёллардан ортиқлиги ҳам иффатидадир.
Аллоҳ таоло Қурьони Каримнинг  Нисо сураси 43 оятида
шундай марҳамат қилади:
«Солиҳа аёллар – (эрларига) итоаткор, (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича (уларнинг ҳақларини) сақловчилардир»
Муфассирлар бундан мурод аёл киши эри йўқ вақтда ҳам ўз нафсини ва эрининг мол-мулкини сақлаши лозимлигидир ва бунда иффатга ишора бордир, дейишган. Бу эса юксак ахлоқ соҳибаси бўлган пок, софдил ва иффатли аёлнинг мақоми иффатини йўқотган, ёмон хулқли аёллардан қанчалар юқори эканига далолатдир.
      Нега айнан қизларни эрмак қилиб, улар билан ўйнашиб, гаплашиб юрадиган йигитлар уйланиш вақти келганда қалби хотиржам бўлиши учун диёнатли, иффатли, шарм-ҳаёли қизни қидириб қолади? Ўзлари гаплашиб юрган ёки ўзгалар билан гаплашиб юрган қизларга уйлангилари келмайди. Нима учун? Чунки ундай қизларга нисбатан уларнинг қалби хотиржам бўлмайди. Уларга шубҳа назари билан қарайди. Ғурури йўл қўймайди. Шунинг учун аёлларни юксак чўққига олиб чиқадиган энг қисқа йўл бу – иффат экан.
Қурьони каримда ҳам жаннатнинг аёллари ва ҳурлари
 иффат билан васф қилинган:
«Олдиларида кўзларини (бегоналардан) тийгувчи шаҳло кўзлилар бордир.» (Соффат, 48)
 «Уларда (яьни, ўша жаннатларда) кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур)лар бор». (Роҳман, 56)
 «Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор». (Роҳман, 72)
 Демак, жаннатдаги гўзал ҳурларни ўз ҳожаларидан бошқалар кўришмайди. Мазкур ҳурлар ҳам эрларидан ўзгаларга кўз тикмайдилар. Улар ўз зийнатларини бегоналарга кўз-кўз қилиб намойиш қилишмайди, аксинча ўзларининг ҳурматини сақлашади. Улар тилло, кумуш, луьлу-маржон, ёқут ва зумрадлар билан безалган чодирларда бўлишади. Демак, иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлиш аёлларнинг юксак ахлоқли ва покиза эканидан далолат беради. Иффати бор аёллар ўз зийнатларини бегоналарга кўз-кўз қилиб намойиш қилишмайди, аксинча ўзларининг ҳурматларини сақлашади.
Аллоҳ таоло Қурьони Каримда шундай марҳамат қилади:


“Аёллардан (кексайиб) ўтириб қолганлар, никоҳни умид қилмайдиганларига  зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини қўйишликда гуноҳ йўқдир. Иффат талабида бўлсалар, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ ўта эшитгувчи зотдир”.
Ушбу оятдаги “кийимлари”дан мурод катта ёпинчиқ ва ҳамда устдан кийиладиган ридодир. Аёл киши ўта қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганда  паранжи-чиммат қилмасликка рухсат бор. Лекин, шундай бўлса ҳам, иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир. Аммо воқеьликда қари аёлларнинг ўраниб-чираниб, ёшларнинг очилиб-сочилиб юргани кўрилади. Бу ҳам, яьни ёшларнинг бу ҳолати шариатга бўйинсунмасликнинг бир кўринишидир.
Демак, иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлиш аёлларнинг юксак ахлоқли ва покиза эканидан далолат берар экан.  Аёл иффатли, диёнатли, шарм-ҳаёли бўлса, улуғлик чўққисини энг қисқа йўл билан забт эта олади. Эй, муслима қизлар, ялтироқ қўғозга ўралган "I love you" сўзларга учмасдан, ҳою-ҳавасга берилмасдан, ўзингизни қадрингизни билсангиз, ҳеч қачон биров сизни “қўғирчоқ” қила олмайди. Шуни унутмангки, сизнинг зийнатингиз калта-култа кийимда, косметик бўёқларда, чирёли машинаю, ҳашаматли уйларда эмас, балки қалбингизнинг поклигида, самимийлигингизда, иффат-у ҳаёингиздадир!
 


Зариф Қудратов

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram