Ислом давлатими ёки Ислом душмани
07 март 2015 й.
1712 марта ўқилди.

 Ислом давлатими ёки Ислом душмани

     Ҳозирги кунда баъзи баъзи бир жангари кайфиятдаги фирқалар томонидан ИШИД тўғрисида – “Тавҳид байроқларини кўтара олган”, “Дин йўлидаги жангчилар” деб сифатланаётганини кўрамиз. Таасуф бўлсинки бунақанги “таърифлар”га алданиб, ишониб қолувчилар ҳам топилиб турибди.
      Ҳақиқатда ким улар? Мазлум бўлиб хўрланган мусунмонларнинг "халоскорлар"ими ёки ўша ҳудудда парокандалик бўлишидан манфаатдор бўлган кучлар томонидан  ёлланган қонхўрларми? Бу борада маълумотни интернет саҳифаларидан ёки шахси ноъмалум бўлган даъватчилардан эмас, балки айнан ИШИД таркибида бўлиб, ҳолатни ўз кўзи билан кузатган шахснинг гувоҳликларини эшитган ҳар бир ақл эгаси ўзига хулоса чиқариб олади.
        27 ёшли Умар Туркиянинг пойтахти Анқарада истиқомат қилади. Оилали, эгизак қизалоқлар отаси. У 2014 йилнинг февралидан май ойига қадар ИШИД таркибида бўлди. Бундан бир йил олдин гиёҳванд моддалар истеъмолига йўлиқиш арафасида турганида баъзи бир кишилар билан танишиб қолади. Улардан у “шариат”,” жиход” каби тушунчалрни ўрганди. Қолгани эса одатдагидай... Умар шундай ҳикоя қилади:
    -Биз 11-12  кишилик гуруҳ билан Ғозиантепга (Туркиянинг шарқий ҳудудидаги шаҳар) учиб келиб тунда чегаралардан ИШИДчилар томонга ўтиб олдик. Даслаб бизни аль-Қоида вакиллари сўроқ қилишди. Араб тилини яхши биладиган ҳамроҳларимиздан бири биз ИШИДчилар эканимизни уларга тушунтирди. Ярим соат ўтар ўтмас бизни олиб кетгани келишди ва тунги соат учларда биз Сириянинг Роқ шаҳрига етиб келдик.. Тонгда эса биз лагерда жойлашиб бўлган эдик. Кейинги 15 кунни биз фақат ҳарбий машқларни ўташ билан ўтказдик. Югуриш, отиш ва бошқа машқлар. Бизга ўргатувчи тайин қилишди. Очиғи тайёргарликка астойидил эътибор қилишмас, улар учун биз отишни ўргансак бас эди. Кейин бизни гуруҳларга тақсимлаб ҳарбий жангларга жўнатишди.
Дастлабки жангим ҳарбий лагердаги тайёргарликлар тугаганининг дастлабки куниёқ бўлиб ўтган. Тўғрироғи биз пистирмага тушганмиз. Биз кетаётган автомобиллар ўққа тутилган. Биз эса жавоб ўтини очиб аранг қочишга улгурганмиз. Кейинроқ ҳамроҳларимз жасадларини йиғиб Роққа қайтганмиз.
   –Сиз ИШИДчилар қатлининг гувоҳи бўлдингизми?
Ҳа. Ўша ерга борганимнинг биринчи куниёқ. Бу ишларини улар бошқаларнинг кўнглига қўрқув солиш учун қилишса керак. Нега деганда 14 ёшли бола мижжа қоқмай бировни бошини олса қолганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Менимча уларга ақлни олувчи дорилар ичиришса керак. Бунинг натижасида улар ҳеч нарсани фарқига бормайдиган манқуртга айланиб, одамни қўйдай сўядилар, кейин хурсанд бўлиб бақир-чақир қилишади.     –Сизга маош тўлашардими?
– Маош тўлашарди. Ойига 250 доллар. Ҳар бир жанг учун эса алоҳида 150 доллардан. Озиқ-овқат, турар-жой улар ҳисобидан.
– Абу Бакр Боғдодийни кўрдингизми? 
У 200 кишидан иборат гуруҳ ҳамроҳлигида юради. Машинасида ҳам доимий 7-8 киши бор. Алоҳида, бир ўзи юрадиганлар тоифасидан эмас. 
– Сизнинг қайтиб келишингизга нима сабаб бўлди?
– Мен у ерда етти ухлаб тушимга кирмаган нарсаларнинг гувоҳи бўлдим. Ахир Аллоҳ Таоло “шариат учун ўлдиринглар”, “Бегуноҳ одамларни ўлдиринглар” “Масжидларни вайрон қилинглар” демаган-ку. Аллоҳнинг хохиш, иродаси биз бандаларнинг Унинг амрига мувофиқ ҳаёт гузаронлик қилишимиздир. Қотиллик, бузғунчилик, вайронагарчиликлар эмас. Шулар ҳақида бир куни туни билан ухламай ўйлаб чиқдим. Ўзимга ўзим ишонмай қолдим. Наҳотки бу мен? Наҳот шунчалик тубанликка қуладим. Ўшанда қарор қилдим “Ёки ортга қайтаман, ёки шу ерларда ҳалок бўламан”.
– Сизга даровгина жавоб беришдими?
– Гуруҳ раҳбаримиз менинг қариндошим эди. Бу борада менда муаммо бўлгани йўқ. У менга ёрдамлашди. Улар ҳали ҳам мен билан боғланиб ўша дахшатга қайтишни таклиф қилиб туришади.
   ИШИДчиларга қўшилган бошқалардан фарқли ўлароқ Умарнинг омади келиб у ўз юртига қайтди. 25 ёшли Ҳасан бу жангариларга қўшилганидан тўққиз ой ўтиб ўлдирилди. У Истамбулда яшар эди. Масжидаг қатнаб турар эди. Бирдан ўзгариб қолди. Масжидга ҳам бормай қўйди. Олдинги дўстлари билан алоқасини узди. Бегонага айланди қолди. У тез-тез жиҳодга отланишини гапирар эди. Бироқ танишлари унинг бу сўзларига унчалик аҳамият беришмади. Янги танишидан ортирган хаёлотлари деб ўйлашди. Ҳасан Антеп ҳудудидаги лагерга тез-тез борадиган бўлди. У ерда уни бошқа вилоятдан келган қизга уйлантириб қўйишди. Лекин келинни Ҳасаннинг ота-онаси билан таништиришга рухсат беришмади. Кейин у Сирияга равона бўлди. У фейсбукда аёли хомиладор бўлганлигини билганидан кейин шунадай ёзар эди: “Иншааллоҳ болам туғилгунга қадар шаҳид бўлмайман”. Бироқ боласи туғилмасидан бир ой илгари у ҳалок бўлди.
    Фарзандининг ҳалок бўлганини Ҳасаннинг отаси Антепадаги лагердан қўнғироқ қилган келинидан эшитди. Узоқ йўл босиб у Сурияга етиб келди. Ўғлининг жасадини кўра олмади. Бироқ чегарада ИШИДчилар ҳалок бўлганларнинг исми ва суратларини  яқинларига беришаётганини гувоҳи бўлди. Келини ва неварасини олиб кетишнинг ҳам имкони бўлмади. ИШИДчилар тартибига кўра улар лагерда қолишлари керак эди. Ҳойнаҳой келгусида  бошқаси жангаригага турмушга беришса керак.
     Яна бир 52 ёшли отахон ўз фарзандининг жасадини олиб кета олмади. Унга “Сенинг ўғлинг шаҳид бўлди, кел сен ҳам бизнинг сафимизга қўшил” дейишди. Мен у ерда бир кунгина бўлдим ва манашу бир кун ичида умрим давомида кўрмаган даҳшатларни кўрдим,-деб ҳикоя қилади отахон..
     Балки ўз қарашларининг ҳақлигига ишончи комил бўлганлар ва ўзидан бошқани ноҳақ ҳисоблайдиганлар юқоридаги ҳолатларга ўзларининг ижобий узрлари бўлиши мумкиндир, бироқ Ислом тинчлик, хотиржамлик, инсонлар қалбига қўрқув эмас балки умид, яхшилик, файзу Рахмоний олиб кирувчи дин эканлигига шубҳа йўқ. Ақли мутаасибликдан холи бўлган, ҳар бир нарсага озгина бўлсада инсоф юзасидан баҳо бера оладиган инсон “Ироқ ва Шомдаги Ислом давлати”нинг ҳақиқатда “Ироқ ва Шомдаги Ислом душмани” эканлигига ишончи комил бўлади.
 
Интернет маълумотлари асосида "Баҳоуддин Нақшбанд" 
масжиди имом-хатиби М.Нуруллаев тайёрлади
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram