ИЛМ–АҚЛ ЧИРОҒИ
27 май 2019 й.
343 марта ўқилди.


ИЛМ–АҚЛ ЧИРОҒИ

    Ёшлар бизнинг келажагимиз, эртанги кунимиз эгалари. Шундай экан уларнинг нечоғлик ақлу заковатли, билимли ва комил инсонлар бўлиб етишиши бугунги саъи ҳаракатларимизга боғлиқ. Пайғамбаримиз соллалаҳи алайҳи вассаламга  нозил қилинган  дастлабки оятларда илм   бандалар учун қиёматгача маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси эканлиги айтилган эди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши  алоҳида таъкидланганди.
    Аммо ҳозирги фаровон, тинч-омон ва тўкин-сочин ҳаётимиз қадрига етмаган айрим ёшлар таълим олиш, ўқиш-ўрганиш, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш ўрнига  бепарволик қилиб, олтинданда қиммат  вақтларини  бекорга  совурмоқдалар. Кўча-куйларда бемақсад юришлар, компьютер ўйинлари, улфатчиликлар билан андармон бўлиб, кунларини мазмунсиз ўтказмоқдалар. Ҳатто баъзилари ёт ғоялар таъсирига  тушиб қолиб, ёш умрларини хазон қилмоқдалар. 
                  Буюк алломаларимиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақшдир” деб бежиз таъкидлашмаган. Шу ўринда муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси  ва таълимига жиддий аҳамият бериб,  уларни доимо назорат қилиб боришлари кераклигини, мактабдан сўнг албатта  бирон бир машғулот билан шуғулланишларига имкон  яратиш, спорт,  уй юмушлари, томорқа ва чорва парвариши  каби жисмоний  ишларга  жалб қилишлари зарурлигини эслатиб ўтмоқчимиз. 
   Айни кунларда мактабларда  ўқув машғулотлари тугаб, ёзги таътил бошланди. Болаларимизнинг мунтазам китоб мутолаа қилишлари учун қулай  фурсат туғилди. Бунинг учун уларни китоб, газета-журнал билан таъминлашимиз, кутубхоналарга аъзо қилишимиз лозим.  Бола китобни шунчаки ўқимасин, бунинг учун ўқилган мавзу юзасидан савол-жавоблар ўтказиб, олган таассуротлари билан қизиқишимиз даркор.
     Буюк бобомиз Амир Темур айтган эканлар: “Китоб барча бунёдкорлик,  яратувчилик ва ақл-идрокнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.” Шундай экан,  ҳаёт йўлларида қоқилмасин десангиз  фарзандларимизни китоб ўқишга, илм олишга чорлашдан  чарчамайлик.
 
Суннат ФАХРИЕВ,
Ромитан туман “Ҳазрати Умар” 

жомеъ масжиди имом- хатиби. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram