Илмдан бошқа нажот йўқ
24 январ 2019 й.
487 марта ўқилди.

 

 Илмдан бошқа нажот йўқ


Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Инсонни илм ва ақл ила бошқа мавжудотлардан ортиқ қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Башариятнинг энг комили ва афзали бўлмиш саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи вассалламга, у кишининг аҳли оилаларига ва асҳоби киромларига Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин. 
Барча замонларда илм ва унинг соҳибига юксак иззат-ҳурмат кўрсатилган. Маълумки, ҳар бир ишнинг илмини билиш уни охирига етказиш ва мукаммал адо этишга асосий омил бўлади. Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради. Киши орзу-умидларига илм орқали эришади. Ҳалолни истифода этиш, ҳаромдан сақланиш, ҳаёт учун зарурий манфаатларни олиш, хавф-хатардан омон қолиш ҳам илм чўққиларини забт этиш орқали бўлади. Чунки, имл шарафи эгасига фойда келтиради, унинг фазилати илм олувчи даражасини кўтаради. Зеро, Қуръоннинг илк нозил бўлган ояти ҳам ўқишга, илм олишга даъват қилади. Каломуллоҳда илм ва унга далолат қиладиган сўзлар 700 мартадан ортиқ зикр қилинади. Зумар сурасининг 9-оятида шундай марҳамат қилинади: 
“Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар баробарми?” 
Аллоҳ таоло илм фазилати фақат олим кишигагина хос бўлгани учун олим билан жоҳилни тенг кўрмайди. Бир донишманд айтганидек, “Илм қадри йўқ кишига шараф, одоб эса хатари йўқ молдир”. Илм энг афзал меросдир. Пайғамбарлар динор ва дирҳам мерос қолдирмадилар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар. 
“Уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир”, дейилади муборак ҳадиси шарифда. Илмнинг қадри мол-давлатдан улуғдир. 
Илмлар ичида энг яхшиси ва афзали дин илмидир. Чунки ибодатни адо этиш йўллари ва шартларини билмаган кишининг амали тўғри ва мақбул бўлмайди. Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшироқдир. Илм ибодатга йўл кўрсатади. Обиднинг у ҳақда етарли билими бўлмаса, ибодат ибодат ўрнига ўтмайди. Шунинг учун ҳар бир мукаллаф шахс дин илмини баҳоли қудрат ўрганиши лозимдир. 
“Илм излаш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”. 
Илм олишнинг энг қулай ва афзал вақти ёшлик давридир. Шу туфайли ҳар бир киши ёшлик чоғини ғанимат билиб, илм чўққиларини эгаллашга жидду жаҳд қилмоғи даркор. Агар инсон ёшлигида вақтни бой бериб, илм ўрганмаса, турли баҳонаи сабаблар билан умрининг энг ғанимат даврини зое қилса, кексайганда албатта надомат чекади. Ёши ўтганда эса илм олишга уялади, жоҳиллик тамғасига рози бўлади, уни илм ўрганишдан устун қўяди. Бу эса айни нодонлик ғурури ва дангасалик алдовидир. Илм олувчи қария жоҳил қариядан афзалдир. “Мансур-ул ҳикам”да ёзилишича: “Ёшнинг нодонлиги узрли ва унинг илми тошга ўйилган нақш кабидир. Аммо кексанинг жоҳил бўлиши ёмон ва айб-нуқсони жуда уятдир. Чунки кексалик унга фазилат бағишламаса ва илми фойда бермаса, унинг кунлари нодонликда ўтаётган ва фазилатдан холи бўлса, ёш ундан афзалдир. Чунки ёшдан умид кўпроқ, ундаги орзу амалга ошиш эҳтимоли яқинроқ. Жоҳилликда ёш ва кекса баробар бўлиб қолса, ёшни кексадан афзал деб қаралади. Кексанинг мана шу нуқсони ибрат олишингга етарлидир”. 
Илмдан тўсадиган омиллар бир талай. Жумладан, камбағаллик, дангасалик, зеҳни пастлик, хотираси суст бўлиши, дунёга берилиш, оила ташвишлари ва бошқалар. Аммо бу баҳоналар узр ҳисобланмайди. Пировард натижада инсон катта зиён кўради. Умрининг охирида надомат чекади. Чунки умр қисқа, ёшлик эса ғанимат. 
Илм ўз соҳибини улуғлайди, қадрини оширади. Қанчадан қанча юртларннг равнақи илм билан вобаста. 
Илм талашиб-тортишиш ва риё мақсадида ўрганилмайди. Агар шунинг учун ўрганилса, у илм ўз эгасининг зарарига ҳужжат бўлади. Кимки илмга тўғри ва холис ният билан ёндашса қадри улуғ, ризқи фароғ, ажри зиёда бўлади. 
Сўзимиз охирида мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтган пурмаъно гапларни айтамиз: “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай”. 

Бухоро туман “Чаҳор Бакр” жомеъ 
масжиди имом хатиби  А. Иноятов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram