Имом Бухорий - мужтаҳид олим
12 июн 2019 й.
29 марта ўқилди.

 

 Имом Бухорий - мужтаҳид олим

Имом Бухорий ҳазратлари тўрт мазҳаб:
1.Ҳанафия;
2.Шофеъия;
3.Моликия;
4.Ҳанбалия  илмини билган мужтаҳид олим бўлганлар.
“Мужтаҳид” сўзи   луғатда “ижтиҳод қилувчи”, яъни  интилганига етиш учун бутун куч қувватини сарфловчи маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса- шаръий ҳукм чиқариш салоҳиятига эга фақиҳ мужтаҳид олим дейилади. Мужтаҳидлар уч даражага ажратилган: 
 
1.Мутлақ мужтаҳид.
Мазҳаббоши олимлар мутлақ мужтаҳидлар сирасига киради. 
 
2.Мужтаҳид фил-мазҳаб.
Мазҳаб даражасидаги мужтаҳид. Бу мақомдаги олим ҳар қандай масъалани фақат ўз мазҳаби асосчиси манбаларига суянган ҳолда ҳал этади. Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳ алайҳ шундай олимлар сирасига киради. 
 
3.Мужтаҳид фит- таржиҳ.
Ўз мазҳабига суянган ҳолда, айрим масъалаларни тадқиқ қилиш ҳуқуқига эга. Яъни; ҳукмлар бир нечта бўлганда шулардан бирини қувватлаши мумкин бўлади.   
     Мужтаҳид араб тили қоидалари, усул-ул фиқҳини, Қуръон ва ҳадис илмларини мукаммал билиши шарт. Шу билан бирга мужтаҳиднинг одоб- ахлоқи, турмуш тарзи намунали бўлиши лозим.
  Имом Бухорийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Бардезбаҳ ал-Бухорий бўлиб, ҳофизларнинг буюги,имомлар пешвоси, ҳадисда мўъминларнинг амири, умматнинг фахри, олиму омил каби сифатларга эга бўлганлар. Имом Бухорий раҳматуллоҳ алайҳ илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада Жума намозидан кейин,  810 йил, (194 ҳ. шаввол ойи), Бухоро шаҳрининг ҳозирги “Хўжа Зайниддин” мавзеъсида дунёга келганлар. Оталари Исмоил ҳам муҳаддис олим бўлиб, ёшликларида вафот қилган. Етимликда оналари қарамоғида, гўзал ахлоқ ила тарбия топдилар. Илмга ҳиммат ва муҳаббатни оналаридан ўргандилар. Муҳаммад ибн Исмоил болалик даврида бехосдан кўзлари ожиз бўлиб қолади. Муҳаммаднинг оналари тақводор, дуоси ижобат бўладиган маърифатли аёл эдилар. Она ўғлини  дуо қилади. Тушларида Иброҳим алайҳиссалом келиб, “сенинг дуонг ижобат бўлди”, дейдилар ва эртадан бошлаб Муҳаммад кўзлари яна кўра бошлайди. 
   Имом Бухорий болалик даврида Қуръони каримни ёд олган. Муҳаммад ибн Салом Пайкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муснадий ал-Бухорий  ва ад –Дохилийлардан ўз даврида ҳам ибодатгоҳ ҳам таълим маскани саналаган ҳозирги Масжиди Калонда сабоқ олдилар. Муҳамад ибн Салом Пойкандий  зоҳид, олим, муҳаддис, фақиҳ бўлиб Имом ал Бухорийга таълим берганлар. Муҳаммад ибн Салом Пойкандий Имом Бухорийнинг талабалик даврини хотирлаб: “Ёш Муҳаммад ибн Исмоил ёнимда бўлса, ҳар гал хатога йўл қўймай деб юрагимни ҳовучлаб ўтираман.”  Пойкандий ҳазратлари Бухоро шаҳрида фаолият олиб борган ва шу ерда вафот топганлар. Бу зотнинг қабри ҳозирги Бухоро шаҳридаги “Чашмаи Аюб” ҳазирасида. 
     Абдулкарим ас-Самъонийнинг  “Насабнома” асарида келтиришича, Имом Бухорий  Бухоро шаҳридан уч фарсах (бир фарсах 5.5 км)  узоқликда жойлашаган Сурморо қишлоғида яшаган муҳаддис олим Абу Аҳмад Ғолиб ибн Шуъба ас-Сурморий ал-Бухорий (Ҳижрий242 мил. 857) йилининг раббиул аввал ойида вафот қилганлар)дан ҳам ҳадис ривоят қилган . 
   Имом Заҳабий ва бошқа тарихчилар айтадилар: “У кишининг ҳадис эшитишни бошлашлари икки юз бешинчи йилда бўлди (милодий 821 йил). Икки юз ўнинчи йилда (милодий 826 йил), ўз юртида замонасининг улуғларидан кўпалаб ҳадисларни эшитиб бўлгандан кейин, икки юз ўнинчи йилда онаси ва акаси билан Байтуллоҳни ҳаж қилиш учун йўлга чиқади. Акаси Бухорога қайтади. Аммо у зот Маккада қолишни қолишни афзал кўради. Макка Ҳижоздаги энг муҳим илмий марказларидан бири эди”.
  Имом Бухорийнинг котиблари Муҳаммад ибн Ҳотим ёзганки: “Имом Бухорий 10 яшарликларидаёқ устозлари хатоларини тузатардилар. “Тарихи Боғдод”да Хатиб Боғдодий: Имом Бухорий 16 яшарликларида Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, Вакиъ ибн Жарроҳ ва кўплаб муҳаддисларни  китобини ёдлаб, шунингдек ҳали ёшлик пайтларидаёқ,  Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламнинг 70 минг ҳадисларини эсда сақлаганлар. Ўша пайтда Бухоро илм марказларидан бўлиб, муҳаддислар ва фақиҳлар илмий ҳалқалари билан тўла бўлган”, дейдилар. Бундан маълум бўладики, Имом Бухорий ёшлик чоғларидаёқ олим сифатида шаклланиб, ҳадис ривоят қила бошлаганлар. Ҳадис илмини пухта эгаллагандан сўнг, ушбу илмни тадқиқ қилиш ва бошқа ровийлардан ҳам ҳадисларни ривоят қилиш мақсадида сафарга отланганлар. 
  Имом ал- Бухорий оналари ва акалари Аҳмад билан 826 йил ҳаж сафарига борадилар. Имом Бухорий сафарлари давомида Макка, Мадина, Шом, Қоҳира, Басра, Кўфа, Бағдод, Марв шаҳарларида бўлиб, ҳадис илмини такомиллаштириб, Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламни ҳадисларини  тўплаганлар. Нақл қилинишича, Басрада Имом Бухорий ҳадис дарсида дафтарсиз, қаламсиз қатнашиб, ҳеч нарсани ёзиб олмас эканлар. Сабоқдошлари Имом Бухорийни синаш мақсадида ўн олти кун аввал ўтилган дарсдан  савол беришган ва ҳаммалари дафтарни очиб, ёзганларини кузатишган. Имом ал -Бухорий кўзларини юмиб, устоздан эшитганларини бир бошдан айтиб, айрим сабоқдошлари хато кўчирган, баъзилари ёзиб олишга улгурмаган жумлалари бор экан. Имом такрорлаганларидан сўнг, улар ўз хатоларини тузатишибди ва Имом Бухорийнинг қувваи ҳофизаларига тан беришибди.
  Ибн Касирнинг “Ал-Бидоя ван-ниҳоя” асарида ёзилишича, Аҳмад ибн Ҳамдун ал-Ҳофиз айтадилар: Имом Бухорийни бир жанозада кўрдим, Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий ҳадислар санади хусусида сўрарди. Имом Бухорий жавобда; “Қул ҳуваллоҳу аҳад”(ихлос сураси) ни ўқиганчалик ўқ мисоли ўтиб кетарди. Бу ҳолат у зотнинг зукко ва ҳозиржавоб бўлганларидан далолатдир.
 Имом Бухорий Бухоронинг энг буюк фақиҳи  Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳ алайҳ (767-832)дан ҳам таълиму таҳсил олган.  
  Имом Заҳабийнинг “Сияр аълам ан-нубало” (“Буюк сиймолар сийрати”) асарида келтирилишича: “Муҳаммад (Абу Ҳафс Кабирнинг ўғли) айтадилар: Отам раҳимаҳуллоҳдан  эшитдим, Муҳаммад ибн Исмоил кичиклик пайтларида Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг орқаларидан эргашиб келардилар. Абу Ҳафснинг: “Бу зийрак йигит. Мен унинг даражаси ва шон-шуҳрати баланд бўлишини хохлайман”, дердилар.” 
Абу Ҳафс Кабир Имом Бухорийга шундай таъриф берганлар: “Ундан ҳадис ёзиб олинглар, бир кун келиб у буюк муҳаддисга айланади”.
Имом Бухорий тақво, саховат, меҳру мурувватда ҳам тенгсиз бўлганлар. Буюк аллома  “Ал Жомиь ас- саҳиҳ”, “Ал Адаб ал -муфрад”, “Ат -Тарих ас сағир”, “Ат Тарих ал- кабир”, “Китобул виждон”, “Китоб ал- куна” ва бошқа ўнлаб асарларнинг муаллифи сифатида жаҳонга машҳур. Имом Бухорий ўз  изланишлари давомида 600 минг, баъзи бир ривоятга кўра бир миллионга яқин ҳадисни тўплаганлар. Уч юз минг саҳиҳ ҳадислар орасидан энг ишончлиларини саралаб, 7275 ҳадисни “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига киритган. 
  Ҳадис илмининг дарғалари саналаган Имом Муслим , Имом ат –Термизий , Имом ан-Насоий , Имом Абу Довуд , ибн Хузома , ва яна юзлаб муҳаддислар Имом ал Бухорийнинг шогирдлари саналади. Манбаларда қайд қилинишича, Имом Муслим Имом Бухорий ҳазратларига юксак эҳтиром кўрсатган. Имом Муслим узотнинг олдиларига келиб, икки кўзини ораси яъни, пешоналаридан ўпиб:
“Эй устозларинг устози, муҳаддислар саййиди, ҳадис илмининг нуктадони , қўйиб беринг икки оёғингиздан ҳам ўпсам”, дея эъзозлаган.
 Шайх Тоҳир Жазоирий, Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий ҳамда кўплаб олимларнинг таъкидлашича, Имом Бухорий ўзлари мужтаҳид олим бўлганлар. “Тарихи Бағдод” китобида келтиришича, басралик олим Муҳаммад ибн Башшор ҳузурларига Имом Бухорий ташриф буюрганда “Бугун фақиҳлар саййиди келди” дея қарши олардилар. 
   Яна мазкур асарда қайд қилинишича, Мадина қозиси Имом Моликнинг шогирди,  Абу Мусъаб Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Маданий айтадилар: “Муҳаммад ибн Исмоил фаҳмлашда бизнинг наздимизда Аҳмад ибн Ҳанбал (ҳанбалия мазҳаби асосчиси)дан ҳам фиқиҳроқдир.” Абу Мусъаб: “ Агар Имом Молик (моликия мазҳаби асосчиси) учратганда, у киши ва Имом Бухорийга қараб айтардингки, “Фиқҳ ва ҳадисда ҳар иккалалари ҳам тенгдирлар”. 
  Шайхул ислом Ибн Таймиянинг  “Мажмуъ ал-фатово” асарида ,  Имом Бухорий ва Абу Довуд фиқҳда пешқадам олим ва ижтиҳод аҳлидан эканлиги баён қилинган.
 
 Жалолиддин Сабуров
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram