Имом Бухорийнинг таҳсинга сазовор ҳаёт йўли
24 март 2020 й.
56 марта ўқилди.

 

Имом Бухорийнинг таҳсинга сазовор ҳаёт йўли

Имом Бухорийнинг тўлиқ исми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғира ибн Бардизбаҳ ал-Бухорий ал-Жаъфий бўлган. Имом Бухорийнинг отаси Исмоилнинг куняси Абул-Ҳасан бўлиб, ўз замонасининг етук муҳаддисларидан саналган. Имом Моликнинг шогирдларидан бўлган ва тижорат билан шуғулланган. Абдуллоҳ  ибн Муборакнинг ҳадис дарсларига қатнашган ва бир қанча кишилар ундан ҳадис ривоят қилган, лекин асарлари бизгача етиб келмаган. Исмоил ўта тақводор ва ҳалол инсон бўлган. Ўлими олдидан: Молимга бир дирҳам ҳам ҳаром ёки шубҳали мол аралаштирмадим, деган экан. Ушбу ҳалол мол Имом Бухорийнинг етук муҳаддис бўлиб етишига катта сабаб бўлган. Боболари Муғира Яман Жаъфийни қўлида мусулмон бўлгани учун Жаъфий нисбатини олган. Бардизбаҳ исми “деҳқон” маъносини англатиб, у кишининг ажамлардан эканлигини билдиради. Имом Бухорийнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва соҳиби каромат аёл бўлган. Эл орасида Аллоҳга илтижо қилиб дуо қиладиган, дуоси мустажоб бўладиган аёл сифатида танилган эди. Имом Бухорийнинг ёшлик чоғида кўзи ожиз бўлиб қолади ва онаси тинимсиз дуо қилади. Шунда Иброҳим алайҳиссалом  бу аёлнинг тушига кириб: “Эй волида! Сенинг дуоларинг бардавомлигидан Аллоҳ таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди”,- деб хитоб қилганлар. Шу вақтда она уйғониб қараса, ўғлининг кўзи тўлиқ тузалган экан. 
   Имом Бухорий 194-ҳижрий йилнинг 13-шаввол ойи жумъа кунида (милодий 810- йилнинг 20-июлида) Бухорои шарифда туғилган. Имом Бухорий “Имомул-муҳаддисийн” ва “Амийрул-мўъминийна фил-ҳадис” каби номлар билан машҳур бўлган. Имом Бухорий гўдаклик вақтларида отасидан ажралади. У ёшлигидан ақл-идрокли, қунтли, қобилиятли ва ҳадис илмига қизиқиши катта бўлган ва Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакиънинг ҳадис асарларини ёд олган. Мактабда ўқиётган ўн ёшларида Бухоролик машҳур олим ад-Дохилийнинг ҳадис санадидаги хатоларини тўғрилашга муваффақ бўлади. Имом Бухорийга Муҳаммад ибн Салом Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Пойкандий, Абдулллоҳ ибн Муҳаммад Муснадий, Иброҳим ибн Ашъас каби Бухоро уламолари устозлик қилишган. Имом Бухорий ўн олти ёшга етмасдан ва ҳали Бухорони тарк этмасдан туриб етмиш мингдан ортиқ ҳадисни ёддан билган. Имом Бухорий 825-йили онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга бориб Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилишади.  Онаси ва акаси Бухорога қайтишади ва Имом Бухорий олти йил Ҳижозда қолиб илм билан машғул бўлади. Илм сафарини давом эттирган Имом Бухорий Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод шаҳарларда яшаб машҳур олимлардан илм олади. Имом Бухорийнинг сафар қилган шаҳарларини ўзаро масофасини ҳисоблаб, ҳозирги ўлчов билан ўн тўрт минг километрдан ошиқроқ эканини айтишади. Ваҳоланки Имом Бухорий баъзи шаҳарларга қайта-қайта сафар қилган. Имом Бухорий жуда тақводор ва кам овқат тановул қиладиган киши бўлган. Бир кечада ўн саккиз марта уйғониб зеҳнларига келган нарсаларни ёзиб қўяр эканлар. Укиши билан тортишганларга ҳам ва ҳадис борасида  заиф бўлганларга ҳам одоб билан муомалада бўлганлар. Кечаю-кундуз ҳадис билан банд бўлган Имом Бухорий кечаси ой ёруғида ва шам ёруғида китоб ёзарди. Имом Бухорий илм талабида юриб мингдан ортиқ устозлардан таълим олганлиги ривоят қилинган. Ўз юртига қайтган Имом Бухорий олти юз минг ҳадисни ёддан билган.Ҳадисларни саҳиҳларга ажратишда ровийларга кучли шартлар қўйиб, энг ишончли ҳадисларни, яъни ўз шартларига тўғри келадиган ҳадисларни тўплаб, уни “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, деб номлайди. Китоб чўзилиб кетмаслиги учун кўп саҳиҳ ҳадисларни китобга киргизмайди. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари машҳур бўлиб кетишининг сабаби Имом Бухорийгача бўлган муҳаддислар китобларига барча ҳадисларни ёзаверишган эди. Имом Бухорий эса кучли шартлар асосида фақат саҳиҳ ҳадисларни тўплади ва бу китоб ўзидан кейинги саҳиҳ китобларига намуна бўлди. Имом Бухорий яна бир қанча асарлар ёзган бўлиб, улардан “Ал-адаб ал-муфрад”, “Ат-таърих ас-сағир”, “Ат-таърих ал-кабир”, “Китоб ал-илал”, “Баррул-волидайн” каби бир қанча асарларни санаб ўтиш мумкин. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарига 7275 та ҳадис бўлиб улардан такрорланмай келгани 4000 тани ташкил қилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Бағдодда Имом Бухорий билан хайрлшаётиб:”Илм ва мухлисларни ташлаб Хуросонга кетасизми?” деб зорланган эди. Имом Бухорий жуда кўп шогирдлар ҳам тайёрлаган ва улардан Имом Термизий, Муслим ибн Ҳажжож  ва бошқа бир қанча исмларни келтириб ўтиш мумкин. Ҳатто Имом Термизий Имом Бухорий вафотидан кейин йиғлаб кўзлари кўр бўлиб қолади. Имом Бухорий ватанга қайтга, Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий  у кишидан саройга келиб дарс беришни талаб қилади. Шунда Имом Бухорий:”Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшигига  олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин”, деган жавобни берадилар. Натижада фитна чиқиб, Имом Бухорий Самарқандликлар таклифи билан Хартанг қишлоғига келадилар ва шу ерда 256-йилда (милодий 870-йил 1-сентябрда) 60 ёшида вафот этадилар ва шу ерда дафн қилинадилар. 1998-йил Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан буюк муҳаддис қабрига мақбара қурилди. Бугунги кунда бу табаррук гўша халқаро ва маҳаллий зиёратчилар билан гавжум зиёратгоҳ ҳисобланади.  

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси, 
Абу Ҳафс Кабир масжид имом - хатиби А. Абдуллаев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:15
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram