Имомларнинг вазифалари
22 май 2015 й.
900 марта ўқилди.

 Диний  экстремизм, терроризм, миссионерлик  ва  бузғунчи  оқимларнинг  сохта, асоссиз ғояларига  қарши  курашишда  имом  хатибларнинг  вазифалари.

Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Бунинг учун энг зарури тинчлик ва осойишталикдир. Оиладаги ҳотиржамлик инсоннинг иш самарадорлигининг ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлса, юртдаги тинчлик мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади. Ҳақиқатан ҳам инсон учун тинчлик-осойишталикдан яхшироқ неъмат йўқ. Аллоҳ асрасин, оиланг, юртинг нотинч бўлса, тўй-томоша, шодлик-ҳуррамлик, хуллас, ҳаётнинг ҳеч бир неъмати татимайди. Уруш-жанжал сабаб меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, эзгу мақсадлар амалга ошмай қолади.
Қуръони каримда бундай дейилади: "Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур" (Исро, 83). Ояти каримдан англашиладики, бизга бериладиган тинчлик, саломатлик ва фаровонлик неъматдир, унинг қадрига етиш, шукрини қилиш лозим бўлади. Биз мавжуд тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, ношукрчилик қилишдан сақланишимиз керак.  Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан". Чунки тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади. Бундай шароит киши Аллоҳ таолонинг буйруқларини  мукаммал ва хотиржам адо этишига имкон беради. Шу боис Жаноби Ҳақ таоло бандаларини келишмовчиликни бартараф этишга, тинчликни сақлашга чақиради: "Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!.." (Ҳужурот, 9).
Албатта  ҳар  бир  инсонда  ҳис  туйғу  бўлиб, бу  ҳис-туйғу ижобий ва салбий бўлиши билан шахснинг ҳаёти ҳамда жамият фаолиятига ўз таъсирини ўтказади. Ижобий қизиққонлик кишига ижобий манфаат келтириши табиий. Бу орқали инсон мақсадига эришади, камолга етади, юксак даражаларни эгаллайди. Салбий қизиққонлик дунёвий ва диний кўринишда ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Воқеалар ечимини топа олмай турли урушларга сабаб бўлади. Диний эътиқодлардаги кераксиз қизиққонликлар дунёдаги мавжуд динларга келтирган ташвишда намоён бўлаётир. Эътиқод қилувчиларнинг ўз динларига бўлган муносабатидаги чуқур кетишлик, муросасизлик турли оқим ва тоифаларга бўлинишга сабаб бўлмоқда. Айнан шу салбий қизиққонлик иллатлари келиб чиқишини теран тушуниб етган Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифда: “Албатта, дин жуда мустаҳкамдир. Унга уюшқоқлик ва бағрикенглик билан ёндашинглар”-деб инсониятни огоҳлантирганлар. Бу пурҳикмат чақириқнинг остида инсонийлик борлигини тушуниб етиш қийин эмас. Демак, барча одамлар инсонийлик ва ақл-идрок билан динга ҳам, дунёга ҳам ёндашишса мақсадларига албатта етадилар. Инсон келажакни тўла тасаввур қила олмаганлиги сабабидан хато ва камчиликларга йўл қўяди. Кўпинча баъзи ишни қила олмай ёки қилиб-қўйиб афсус надомат қилади. Инсондаги туғма феъл-атвор, ички ва ташқи кучларнинг таъсиридан келиб чиққан шошма-шошарлик, охирини ўйламаслик оқибатида у хато ва камчиликларга, қолаверса жиноятга дучор бўлиб, жавобгар ҳам бўлиб қолиши муқаррар.
Илоҳий таълимотларда дин ва ҳаётнинг барча жабҳаларида шошилмаслик, босиқлик, фикр-мулоҳаза билан иш юритиш, ҳар бир ишда маслаҳат ва машваратга суяниб фаолият олиб боришга чақирилади. Хусусан динга эътиқод қилувчиларга маънавий ва маърифий етукликда барчадан муқаддам бўлишни таъкидлайди. Ахлоқий сифатларда қалби ва жисми билан масалани тўғри ечимини топишга, адолат қилишга амр этилади. Динимиз кўрсатмаларида мўъмин мусулмонлар ўзаро муносабатларда тинчликни асос қилиб олиш, бошқаларга маслаҳат ва нисаҳатларда кескинликдан қочиш лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Ўтмиш ва ҳозирдаги тоифаларни таҳлил қилинадиган бўлса уларни шу кайфиятга олиб борган муаммо асосан ахлоқий ноқислик, муаммони тўғри еча олмаслик, ҳар бир нарсани ижобий ва салбий моҳиятини тасаввур эта билмаслик, шошма-шошарлик ёки замон тили билан айтганда радикализм сабабидан пайдо бўлганига амин бўлинади. Бу иллат охир оқибатда кишиларни дунёни терроризм балосига етаклаб бораётгани аниқ.
Муҳтарам  давлатимиз  раҳбари  Ислом  Каримов: “Халқларимизнинг табиатига мутлақо ёт бўлган сиёсий, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа ёвуз оқимларнинг минтақамизга кириб келиши ва тарқалиши тинчлик ва осойишталикка, фарзандларимизнинг келажагига катта хавф туғдиришини одамлар онгига чуқур сингдириб бориш керак”   дейдилар.  
Дарҳақиқат,  мана  шундай  хавф  туғдирадиган  оқимларга  раддия  жавобларни  ким  бера  олади?  Фарзандларимизнинг  онгига  асосли, тўғри  ғояни  ким  сингдира  олади?  Албатта,  бугун  Юртимизда  фаолият  олиб  бораётган  имомларимиз.  Улар  шу  замоннинг  дин  пешволари  ва  халқни  тўғри  йўлга  бошловчи  олимлардир.  Бу  иш  уларнинг  бугун  мамлакат  олдидаги  ва  Яратган  Холиқ  олдидаги  бурч  ва  вазифалари  ҳамдир. 
Ҳозирда ислом оламида муқаддас динга нисбатан фундаменталистик қарашларнинг шаклланиши нотўғри қизиққонлик, асоссиз шошма-шошарлик оқибатида ноқонуний фаолият олиб бораётган оқимлар, тоифалар, динни ниқоб қилиб олганлари ачинарли ҳолдир. Ҳозир дунёдаги халқаро терроризмнинг барча кўринишлари сиёсий-диний фундаментализмнинг бузғунчи ғоялари остида юзага чиқмоқда. Бунинг асоси радикализм бўлиб, ғайри инсоний хусусиятлар билан сифатланиб, муайян шароитларда сиёсий-диний экстремизмга айланиб бормоқда. Ақидапарастлар дунёвий фан ва техникани, санъат ва маданият ютуқларини, шунингдек, дунёвий билимларни инкор этиб, исломни илк ҳолига қайтаришга чақирадилар. Аслида динимиз ҳеч қачон ҳеч вақт дунёвийликни рад этган эмас. Зеро, дарахт ўтқазган, кўприк қурган, илм тарқатган, эхтиёжи чекланганларга ёрдам қилганга  қанча савоб, хатто буларни ўчмас савоб деб белгиланишини ўзи диннинг дунёвий муносабатга қанчалик эътибор бераётганига мисол эмасми? Бундан ташқари санаб саноғига етиш мумкин бўлмаган даражада яхшилик, эзгуликка буюряпти. Дин дунёни хароб қил, одамларни ўлдир, обод турмушни йўқ қил деб, ҳеч қачон айтмайди ва айтган ҳам эмас. Соф иймон ва ақидага эга бўлган киши дунёга келиб ўтган пайғамбарлар, салоҳиятли инсонлар, эзгу парвар жамиятлар тараққиётга эришган асрлардан ибрат олади ва ўзи ҳам ўшалардек бўлишга ҳаракат қилади.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда яшаш учун курашиш ҳисси, сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бу мудҳиш ҳолатлар нафақат ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазою қадарига ҳам туғён қилишдан иборатдир. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб исломий жамоалар орасида кенг тарқалиб, ҳатто жасорат даражасига ҳам чиқариб қўйилди. Яқин Шарқда бўлаётган воқеаларни, белига портловчи моддаларни боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган ёшларни тез-тез телевидения  ва радио ахборотлари орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Ўшандай жоҳилона ҳатти-ҳаракатларни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар аслида ана шу мудҳиш жиноятларнинг сабабчиларидир.
Қолаверса, ўзларини портлатиб юбораётган ёшлар ҳеч қандай шаҳид ҳам бўлмайдилар, чунки улар билан бирга ҳалок бўлаётганлар орасида бегуноҳ кишилар ҳам борлар. Уларнинг ичида сайёҳлар, бошқа дин ва миллат вакиллари ҳам бор. Бегуноҳ кишиларни ўлдирганликлари учун ноҳақ одамни ўлдирган бўлиб улкан гуноҳ қилган бўладилар ва бу билан Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлишади. Бу номақбул ишга тақлид қилувчилар ҳам дунё, ҳам охиратда аламли азобларга гирифтор бўладилар.
Ёшларни мақсадли шижоатлантираётган чаламуллалар уларга шаҳидлик мақомини ваъда қиладилару, аммо жонлари ширинлиги учун ўзлари бу ишни қилмайдилар. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
Террорчилик ёки шу маънодаги даҳшатга солиш (одам ўлдириш) исломда катта гуноҳлардан бири бўлиб ҳисобланади. Террорчиликни юртни вайронагарчиликка айлантириш воситаси деб аталса, янада тўғрироқ бўлар эди. Зеро, бузғунчилик барча нарсани хароб этиш, экинзорларни пайҳон этиш ва инсон наслини ҳалок қилиш, барча гўзалликка барҳам бериш мақсадини ифодалайди. Мутаассиблик, хусумат ва ҳасад балосига мубтало бўлган кимсаларгина буни амалга оширади. Инсонга чиройли сўзларни баён қилиб, қалблари ҳасад ва адоватга тўлиб-тошган одамлар тўғрисида Аллоҳ таоло ўз китобида қуйидагича тушунтиган: “Инсонлар ичида дунё ҳаётида сўзи сизни таажжубга соладиган одам ҳам борки, у қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ этур, ваҳоланки, унинг ўзи ашаддий хусумдордир. Агар у бош бўлиб қолса, ер юзида фасод, экинзорларни пайҳон этиш, инсон наслини ҳалок этиш билан машғул бўлишга ҳаракат қилади. Аллоҳ фасодни яхши кўрмайди” (“Бақара” сураси 204-206-оятлар).
Ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни гўёки динга “даъват” қилиб юрган, асл мақсадлари ҳокимиятни эгаллаш ва бунинг учун ҳар нарсага, ҳаттоки террорчилик, гиёҳвандлик, ноҳақ одам ўлдиришга ҳам тайёр бўлган кимсаларнинг ҳақиқий мақсадлари ва ёвуз ниятлари очилди, буни бугун бутун жаҳон кўрди ва керакли хулосаларини чиқариб олишди. Улар гўё ўзларини исломга даъватчи деб кўрсатган бўлсалар ҳам, уларни экстремистик фаолиятлари ошкор этилди. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эълон қилиб, ўлсак, шаҳид бўламиз, деб жар соладилар. Аслида эса бу ислом динига мутлақо зиддир.
Барчамиз яхши билмоғимиз керакки, террористлар, турли кўринишдаги экстремистлар, энг аввало, Ватанимиз тараққиётига, қолаверса, жаҳон цивилизацияси, айниқса, муқаддас динимизга путур етказмоқчи бўлган ғаламис, беватан, динсиз кимсалардир. Барчамиз лоқайд бўлмаслигимиз керак. Бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Бу кечириб бўлмайдиган гуноҳ десак муболаға бўлмайди.
Хулоса ўрнида Муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги ўзларини келтиришимиз мумкин: “Ислом дини номидан қўпорувчилик қилаётган кимсаларни жиловлаб қўйиш ҳар бир имонли кишининг, ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчидир”, барчамиз ушбу муҳим масъулиятни димо ёдда тутиб, мазкур кимсаларнинг фитналаридан огоҳ бўлиб яшашимиз ҳам фарз, ҳа қарз ҳисобланади. 
Яна  бир  муҳим  гап, ислом тарихида хорижийлар томонидан қўлланилган услуб бугунги кунимизда ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом этиб, унга кўра уларга эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблаш тамойили марказий ўринда турибди. Шунинг учун ҳам 2005 йил июль ойида Оммон (Иордания) шаҳрида ислом дунёсининг етакчи уламолари томонидан қабул қилинган фатвода “тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш мумкин эмас”, – деб эълон қилинган.
Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам айтди: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, – деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”.
Ақида китоблари, жумладан, “Таҳовий ақидаси”да: “Қибла аҳлидан бўлган бирор бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз”, – дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорат бўлиши, мободо вафот этса, бу – Аллоҳнинг ҳоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён қилинган.
Юқоридаги фикрларни  айтишдан мурод динимизни софлиги, эътиқодимизни мустаҳкамлиги, ҳанафий мазҳаби бошлиқларини сифатлари, хусусиятлари, дунё олимларининг у кишига берган мақтовларини ва унда мустаҳкам туриш лозимлигини эслатиб ўтиш эди. Зеро, бизларни бир дин, бир мазҳаб, бир Ватан жамлайди, юртимиз ва халқимиз равнақини сақлаб қолади.
Мамлакатимиз ўз истиқлолига эришганидан сўнг миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бағрикенгликдан асосий кўзланган мақсад инсониятни тинчлик ва осойишталикни сақлашга ундашдир.
Муқаддас ислом динимизда ҳам бағрикенглик тушунчаси диний истилоҳда «мурувват», деган маънони англатиб, кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндошиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир.
Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти). «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).
Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзодни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларига ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ. Шу нуқтаи-назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу-ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Ёш  фарзандларимизнинг  мукаммал тарбия топишида  ва  ота  бувалари  эътиқод  қилган  асл  ислом  динига  эътиқод  қилиб  вояга  етишида  энг  катта  хавф  туғдираётган  ҳаракат  бу  миссионерлик  ҳаракатларидир. 
Хўш,  миссионерлик  ўзи  нима?  Бу иллатга қарши курашга ўз ҳиссамизни қандай қилиб қўшишимиз мумкин?
Миссионерлик (лотинча ,,missio”-,,юбориш’’, ,,вазифа топшириш’’)  бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб этишни англатади. Прозелитизм эса-бу миссионерлик фаолияти натижасида тўғридан - тўғри бирон-бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдир.  Демак, прозелитзм миссионерликнинг юқори чўққиси ҳисобланади.
Миссионерларнинг турли давлатлар, жумладан, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларида олиб бораётган фаолияти христианликни тарғиб қилишда махсус адабиётлар, аудио ва видеокассеталарни маҳаллий тилларда тайёрлаш ва бепул тарқатиш масалаларига эътибор қаратадилар.
Миссионерлар жамиятга мослашиш, одамлар орасига киришиб кетишга жуда ,,уста” бўлишади. Суҳбатдошнинг миссионер ёки миссионер эмаслигини ажратиб олишда бир қанча хусусиятларга эътибор бериш лозим? Биринчидан, суҳбатдошингиз сиз билан Худо ҳақида гаплашишга уринади. Бунда, у Қуръон ва ҳадислардан ҳам мисоллар келтириши мумкин. Мана шу пайтда сиз унга  “Қуръон энг муқаддас ва энг  тўғри китобми?” деган саволни беринг, Агар у тутилиб қолса ва гапни бошқа томонга буришни ҳоҳласа демак у аниқ миссионер. Иккинчидан, миссионер сизнинг муайян дардингизни даъволашга ваъда бериши мумкин. Шунда, ундан қаерга боришингиз кераклигини сўранг, агар у, “Биз хонадонларда даъволаш ишларини олиб борамиз” деса, демак у аниқ миссионер. Учинчидан, ҳар бир миссионер суҳбат охирида сизга муайян китоб ёки журнални ўқиб чиқишни таклиф қилади. Сизга, “бепул” таклиф қилинган китоб ёки журналнинг номлари қуйидагича бўлиши мумкин: “Сторожевая башня”, “Пробудитесь”, “Худонинг раҳбарлиги жаннатга йўл кўрсатмоқда”.
Кузатишлар натижасида миссионерликдан асосан икки хил мақсад кўзланиши аниқланган. Биринчидан, миссионерлик орқали турли секта вакиллари каттагина бойликка эришадилар. Тажриба турли бузғунчи секталар ўз издошларидан кўпроқ маблағ ундириш мақсадида қиёмат қойимнинг аниқ кунини эълон қилиш амалиётидан кенг фоойдаланишини  кўрсатади. Чунки инсон умри тугашини ҳис қилгач, иложи борича қолган ҳаётида эзгулик, хайр-эҳсон қилишга интилади, бор бойлигинин сарфлаб жаннатга кириб олиш иштиёқида яшайди.  Мазкур ҳолатдан секта раҳбарлари унумли фойдаланадилар. Жумладан адвентистлар  жамоаси томонидан 1941, Иегова шоҳидлари томонидан 1914, 1918, 1925, 1982 йилларда охир замон бўлади, деб эълон қилинишида ҳам айнан шундай, ,, хазинани тўлдириш” мақсадлари кўзланган эди.
Миссионерликдан кўзланган иккинчи мақсад эса юқоридагидан ҳам дахшатлироқ бўлиб, у сиёсий мақсадларга йўналтирилади. Бунда, ўз диний таълимотларини тарғиб қилиш йўли билан жамиятда хайрихоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат ва ҳудуд устидан назорат ўрнатиш кўзланади. Дин моҳиятан ижобий феномен бўлсада, айни дамда, диний хусусиятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, унинг бунёдкорлик моҳиятининг вайронакорликка айланишига, бирлаштирувчилик вазифасининг парчаловчиликка айланишига олиб келишига тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Тарих, энг муросасиз, узоқ муддатга чўзилувчи қонли тўқнашувлар ҳам айнан диний ва миллий асосда келиб чиққанига гувоҳлик беради. Миссионерликнинг мазкур хусусиятини инобатга олган ҳолда жамиятни ичдан емириш, кучсизлантириш ва битта ҳам ўқ отмай уни маҳв этишга хизмат қилади.
Бугунги кунда миссионерлик ташкилотлари янги ,,ўлжа”лар орттиришда тиббий ва таълим соҳаларида фаолият олиб бориш, хайрия ёрдамлари кўрсатиш, уйма-уй юриб ташвиқот олиб бориш, маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётлар, газета ва журналлар чоп қилиб, тарқатиш, радио теледастурлар тайёрлаш, кино махсулотлари ишлаб чиқариш орқали ўз қарашларини тарғиб қилишга алоҳида эътибор бермоқдалар. Фактлар  шуни кўрсатади-ки, миссионерларнинг асосий ,,мўлжал”лари асосан ёшлар ва аёллар хисобланади. Аёллар орасида иш олиб бориш эса, миссионерлар учун ,,бир ўқ билан камида уч қуённи уриш”дир. Биринчиси- аёлнинг ўзи, иккинчиси-унинг фарзандлари ва учинчиси-турмуш ўртоғи. Аёлларнинг улуши баптистлар ва пятидесатниклар черковларига қатнайдиганлар орасида 70, адвентистлар ва ,,Иегово шоҳидлари” орасида 80, пресвитериан черковларига қатнайдиганлар таркибида 90 фоизгача бориши эса миссионерларнинг ана шу мақсадлар  йўлидаги хатти-ҳаракатларининг ҳаётий-амалий  натижасидир.
Хулоса  ўрнида  яна  шуни  таъкидлаш  лозимки,  муҳтарам  юртбошимиз  сўзларида: “Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди” деганлари  айни  муддао.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг ҳар бирингиз бошқарувчидир ва ҳар бир қўл остингиздагидан сўраласизлар”. (Имом Бухорий ривояти)
Бу ўринда маҳалла оқсоқоллари, диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда имом-хатибларнинг фаоллигини ошириш алоҳида аҳамият касб этади.
Жамоат имоми ўз жамоатининг раҳбари, уларнинг йўлбошчиси, намозларининг ва бошқа ибодатларининг тўкис бўлишида асосий хизмат кўрсатадиган пешвоси ҳисобланади. Шу билан бирга, имомнинг зиммасига бир қанча масъулиятларни ҳам юклайди.  
Ҳукуматимиз томонидан жорий қилинган маънавий-маърифий ишлар ва турли тадбирлар режаси айни муддао бўлди. Бу борадаги қилинаётган ишлар ва диний экстремистик оқимга қўшилиб қолган шахслар билан якка тартибдаги суҳбатлар ижобий самара бермоқда. Бундай оқимга қўшилиб қолган шахслар билан яқиндан мулоқот қилиш икки томон учун ҳам ноқулай ва мураккаб жиҳати бор албатта. Чунки бир инсонни, айниқса ҳали онги, фикри тозаланиб улгурмаган шахснинг кўнглига йўл топиш игна билан қудуқ қазиш деганидир. Бир оғиз сўз билан жанжал кўтарилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундай эҳтимолларда фақатгина хушмуомалалик, самимийлик ва зийраклик қутқариб қола олади.
Шу мақсадда, имом-хатибларимиз, маънавият ва маърифат соҳаларида ўзининг фидоийлиги билан  нотўғри оқимларга қўшилиб қолган шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ташкил этиб, тушинтириш ишларини олиб боришлари  лозим.
Диний экстримистик оқимга аъзо сифатида рўйхатда турувчи шахслар билан сухбатда бўлганимизда, у шахснинг  фикрини жамлай олмаслиги,  яъни у инсонда кўпинча иккиланиш  борлиги кузатилади. Сухбатимиз давомида Қуръони каримда келтирилган оятлар, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари ҳамда дунёвий жиҳатдан меъёрий қоидалари гапириб ўтилади. Сухбатнинг аввалида озгина бўлсада баҳслар бўлиб ўтади, лекин шахснинг ички кечинмалари суҳбатдош томонидан яхши ўзлаштирилганидан сўнг, ўрталарига диққат билан тинглай бошлайди ва тушинишни бошлайди. Энг аввало ҳол аҳвол сўралиб, оилавий шароити ўрганилади, қандай ёрдамга эҳтиёжи борлиги аниқланади. Эҳтиёжлари ўрганиб чиқилгач, муаммоларининг ечими хусусида маслахатлар бериб борилади. Суҳбат давомида, диний экстремизмнинг салбий оқибатлари тўғрисида аниқ равишда тушинтирилади.
Оқим раҳнамолари шундайки, ҳаётда қийналган, оилавий шароити оғир бўлган ва шунга ўхшаш турли ҳил сабаблари бўлган шахсларни танлашади. Нима бўлганда ҳам кўпинча сухбатимиз ижобий якунланади. Ундай шахслар бу йўлдан қайтганини,  ҳақиқатдан ҳам бу нотўғри йўл эканлигини англаб етмоқдалар.
Бундай давра сухбатлари ва учрашувлар  ўтказилишидан  мақсад  уларнинг онгидан турли хил бузғунчи ғояларни  чиқариб ташлаш, аввало ундай адашган шахсларнинг  фикрини соғлом бўлишига кўмаклашиш лозимдир. Бундай оқимга кириб қолган шахслар кучли психолог томонидан онги захарланганлиги аниқ. Биз уларга турли экстремистик кучларнинг  қилган ваҳшиёна ишларини эслатиб ўтиш, қодир этилаётган қотилликлар халқнинг юрагини ларзага солаётгани, қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар  ҳаётдан бевақт кўз юмаётгани, неча-неча ота-оналар фарзандидан, умр йўлдошидан ва яна гўдакларнинг етим бўлишига сабаб бўлаётгани тўғрисида аниқ далиллар билан тушинтирмоғимиз лозим. Зеро ҳар қандай шароитда жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ лозим.
Мусаффо, бағрикенг ва инсонпарвар Ислом динимизниг фақат эзгуликлардан иборат, инсонларни яхши амаллар қилишга чорловчи, хаётбахш амр ва насихатларини қалбларимизга  мустахкам жо этиб, саъй-ҳаракатлар қилсак, оқил ва одил юртбошимизни даъватларига “лаббай” деб жавоб берсак, фаолияти алдов ва ёлғондан, зулм ва қўпорувчиликдан иборат қабих ниятли террорчилар ўзлариниг ёвуз мақсадларига асло эришолмайдилар.
Ўзбекистон  мусулмонлари  идораси  
Бухоро  вилояти  вакили в.б  
Мансур  Нуруллаев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:34
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:35
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram