Инсоннинг ақли уч хил бўлар экан.
08 апрел 2018 й.
350 марта ўқилди.

Инсоннинг ақли уч хил бўлар экан.



Бугунги «баҳс»ларни кўринг. Озгина илм ўрганиб қолиб ёки хат танийдиган бўлиб қолиб, Қуръон ва ҳадисдан бироз илм олиб, ҳеч тап тортмай шундай улуғ зотларга тош отишяпти.
Инсоннинг ақли уч хил бўлар экан. Энг юқори ақллар фикрларни мушоҳада қилар экан. Ўртача ақллар воқеаларни мушоҳада қилар экан. Энг паст ақллар эса шахсларни мушоҳада қилар экан.
Бугун мана шу энг паст даражадаги, энг тубан ақллар ҳамма ёқни босиб кетганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳеч тап тортмай бир мўмин-мусулмонни айбини излаш, уни оёқости қилиш, бадном қилиш, сўкиш, ғийбат қилиш, иғво қилиш оддий ҳол бўлиб қолди. Бу ҳали оддий, аҳли илм бўлмаган одамга нисбатан. Агар у аҳли илм бўлса, аҳвол бундан ҳам баттар.
Имом Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Суфён Саврийга айтган машҳур гаплари бор. У зот Суфёнга «Абу Ҳанифадек зотни кўрмаганман, у ҳатто душманларининг ҳам ғийбатини қилмайди», деганлар. Шунда Суфён Саврий: «Абу Ҳанифа барча савоб амалларининг устига уларни йўқ қиладиган ёмон амаллар юкламайдиган даражада ақлли зот», деганлар.
Абу Ҳанифанинг ўзлари ҳам, у зот асос солган ҳанафий мазҳаби ҳам кўплаб муҳокамаларга нишон бўлган. Бу ҳақда ўз ўрнида гаплашиб ўтамиз, иншааллоҳ. Аммо ҳозирги кундаги вазифамиз – мазҳабимизни ўрганишимиз, унинг моҳиятини, аҳкомларини яхши англаб олишимиз ва унга амал қилишимиз керак. Бунинг сабаби шуки, бугунги кунда мазҳабсизлик деган янги бир тушунча пайдо бўлди. Бу ҳақда марҳум устозимиз, шаҳидул меҳроб – Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий алоҳида китоб ҳам ёздилар. Ҳаммаёқни мазҳабсизлик босиб кетди, мазҳабни умуман тан олмайдиганлар чиқди. Улар шу қадар ҳийлакорлик билан иш олиб боришяптики, фарқлаб олиш қийин. Баъзан ҳатто мазҳабни умуман тан олмаймиз демай, балки тўртта мазҳабнинг устига ўтириб олиб, қайси мазҳабнинг далили тўғри бўлса, шуни қиламиз ёки қайси мазҳабнинг далилида саҳиҳ ҳадис бўлса, ўшани оламиз деб, тўрт мазҳабга ҳукм ўқийдиган мазҳабсизлар ҳам пайдо бўлиб қоляпти. Биз бугун жамиятимизни мана шу хатардан сақлашимиз керак. Рамазон Бутий мазкур китобларига сарлавҳа қўйганларида «Мазҳабсизлик – охири хатарли бўлган кўприкдир», деганлар. Аввалига бу хатар оддий нарса бўлиб кўринади. Масалан, илмий бир баҳс қиляпти, фиқҳ бўйича мунозара қиляпти деб ўйлайсиз. Лекин эртага бу катта хатар келтиради, биз буни бир марта бошимиздан ўтказиб кўрдик. Мен олдинги жумада 90-йилларни бекорга эслатмадим. Биз бу хатони бир марта қилдик, энди унга яна қайтмаслигимиз керак, биродарлар. Фарзандларимизга динни тўғри англатиб, мазҳабни яхши тушунтириб, уламолар йўлидан юриш кераклигини етказишимиз керак.
Тўғри, шу тўрт мўътабар мазҳабдан бирида бўлсак бўлди, уларнинг бирига эргашсак бўлди. Лекин ўшанда ҳам, бугунги кунда ҳам ихтилофлар ҳар кунги беш маҳал намозимиздаги ҳолатлардан бошланган. Бир юртнинг мусулмонлари бир мазҳабга кўра намоз ўқиётган бўлса, бошқа мазҳабдагилар ҳам, ўзича мазҳабни тан олмайман деганлар ҳам ўша халқни, ўша мазҳаб уламоларини, унинг асосчиси бўлган мужтаҳидларни ҳурмат қилсин, бошқа йўлдалигини келиб-келиб динининг шиори бўлган намозда атайлаб намойиш қилмасин. Ҳозир яна намозни ҳар хил ўқийдиган биродарларимиз пайдо бўлиб қолишяпти. Оёқни ниҳоятда кериб олиш, қўлни киндик остига эмас, кўксига боғлаб олиш каби ҳолатлар шу масжидни тўлдириб турган, бу кунларни неча-неча йиллардан буён орзиқиб кутган, аксарияти намоз ўқишни ҳанафий мазҳаби кўра ўрганган одамларга бироз беҳурматлик, беодоблик бўлади. Масалан, оёқни ниҳоятда кериб олиб ўқиш тўрттала фиқҳий мазҳабда ҳам йўқ. Ҳар такбирда қўлни кўтариш, оминни жаҳрий айтиш эса эски масала. Бу масалани уламоларимиз, устозларимиз ҳар қандай савиядаги одамга ҳам тушунарли қилиб, батафсил тушунтириб беришди. Қолаверса, қўлни киндик остига эмас, кўксига боғлаб олиш бизнинг мазҳабда аёлларга хос нарса. Бу мазҳабда эркаклар қўлини киндик остига боғлайди, биродарлар. Бу хушуънинг, тавозенинг энг юқори кўриниши ҳисобланади. Шунинг учун ўзимни ҳам, сизларни ҳам аввало ҳанафий мазҳабини кўпроқ ўқиб, ўрганиб, унга тўғри амал қилиб, икки дунёда саодат топишга чақириб қоламан.



Устоз Саййид Раҳматуллоҳ

Термизий ҳафизаҳуллоҳ

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:28
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram