Ўзини-ўзи ўлдириш шаҳидлик эмас, балки фосиқлик
06 феврал 2017 й.
1603 марта ўқилди.

 Ўзини-ўзи ўлдириш шаҳидлик эмас, балки фосиқлик

Маълумки, ислом дини тинчлик, меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи пок ва муқаддас диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан шуғулланиш, Аллоҳ томонидан ато қилинган неъматлардан манфаат олиб, шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса ўз жонига қасд қилиш каби амаллар қораланади. Шу билан бирга бу каби амаллар оғир гуноҳ эканлиги таъкидланган.
Оламларни яратган зот каломида: “Биз одамзодни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик” – деб марҳамат қилган. Мазкур оятда Аллоҳ инсониятнинг қадру-қиймати нечоғлик улуғлиги баён этилган. Демакким, Парвардигор инсониятга шунчалик мурувват кўрсатган экан, биз инсоният аҳли шунга мос равишда ҳаёт ўтказмоқлигимиз лозим бўлади.
Инсониятни ҳидоят, икки дунё саодатига элтгувчи пок Ислом дининиг асослари бўлмиш Қуръони карим ҳамда ҳадисларда инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз қилиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номусига зарар етказиш қатиъян ман этилади. Инсоният учун ато этилган энг муҳим омонат бу ҳаёт, умрдир. Инсон бу омонатни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим. Зеро, бу ҳол энг оғир жиноятга қўл урган , ўз зиммасига катта гуноҳ ортирган бўлади. Қуръони каримда бу каби ишлар кариҳ кўрилиб: “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар” дейилган.
Пайғамбар с.а.в. ҳам ўзларининг ҳадиси муборакларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилганлар учун охиратда қаттиқ азоблар борлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда: “Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши ўша темир парчаси қорнига суқилган ҳолда қиёматда жаҳаннам ўтида абадий қолур. Кимики ўзини заҳар билан ўлдирса, у киши ўша заҳар билан қиёмат кунида дўзах азобида доимий азобланур”, деган бўлсалар,  бошқа ҳадисда: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”, - деганлар. Яна бошқа бир ривоятда эса: “Ким ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир”, -деб марҳамат қилдилар.
Имом Буҳорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в.: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудусийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.  Мин афсуслар бўлсинки ҳозирги кунимизга келиб баъзи инсонларга саобу матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ҳолатни Аллоҳ берган ҳаётга ношкурлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бундай мудҳиш ҳолат нафақат Ислом дини, балки Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига туғён қилиш, унинг амрига қарши бориш ҳисобланади. Айниқса, ўз-ўзини турли йўллар билан ўлдириш ҳозирги вақтда баъзи бир мутаассиб тоифалар орасида одат тусига айланиб қолмоқда.дунёда бўлаётган ҳодисотларни, танасида портловчи моддаларини боғлаб, жамоат жойларида ўзларини портлатиб юбораётган кимсалар тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали ҳабардор бўлиб турибмиз. Бундай аянчли ҳолатни “шаҳидлик мақоми” деб баҳолаётган кимсалар ана шу жиноятларнинг асосий сабабчиларидир.   Ҳолбуки, ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас балки фосиқликдир. Ўзларини портлатаётган нодон кимсалар гуноҳи азимга қўл урмоқдалар. Расулуллоҳ с.а.в. бундай кимсаларга жаноза намози ўқилмаслигини айтиб ўтганлар. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек тутиб, одамларни исломга даъват қилиб юрган, асл ниятлари эса, тероризм ва ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса бўлмаган кимсаларни бутун дунё қораламоқда. Биз ҳам Аллоҳдан бундай кимсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тиламоқлигимиз, соф Ислом динини кенг ёйишликда Аллоҳ ўзи бизга мададкор булишини сўрамоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни иймонда собит қадам қилсин.
 
 
Имом Ғаззолий жомеъ масжиди 
имом-хатиби Саидов Миршод
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:18
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram