Исломда ҳурфикрлик
25 декабр 2015 й.
1512 марта ўқилди.

 ИСЛОМДА ҲУРФИКРЛИК

    Ислом таълимоти одамлар ҳаёти ва ҳурфикрлилигини ҳимоя қилади. Мусулмонларга бошқа кишига нисбатан ёмон гап айтишни, ғийбат ва туҳмат қилишни, ҳатто нохолис фикрга  боришни таъқиқлайди. Одамлар ўртасида адоват ва ихтилофларни тўхтатишга буюради. Ислом жисмоний зўравонлик ва ваҳшийликнинг барча кўринишларини ҳам, одамларга нисбатан озгинагина ғоявий босим ўтказишни ҳам бирдай манъ этади.
«Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди».    (Бақара, 256)
 Одамларни динга ёки диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш Исломнинг моҳияти ва руҳига мутлақо зиддир. Зеро Ислом ақидасига кўра, чинакам иймонга хоҳиш-ирода ва виждон амри билангина келиш мумкин. Албатта, мусулмонлар Қуръони каримда баён этилган ахлоқий асосларни ҳаётга татбиқ этиш зарурати тўғрисида бир-бирларини рағбатлантиришлари, огоҳлантиришлари ёки эслатишлари мумкин. Қуръони каримнинг ахлоқий кўрсатмаларини одамларга тушунтириш ҳар бир диндор одамнинг бурчидир. 
   Дунёда яшаётган кўп сонли халқлар турли динлар ва ақидаларга: насронийлик, яҳудийлик, буддавийлик, ҳиндукийлик, бутпарастлик ва мажусийлик кабиларга мансубдирлар.
Бу дунёда ҳар бир мусулмон уларнинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, барча одамларга ҳурмат, муроса, авф ва адолат, муҳаббат ва раҳм-шафқат кўрсатишга Аллоҳ таоло ҳузурида масъулдир. Аллоҳ таоло томонидан иймон эгалари зиммасига Ислом динига яхшилик, омонлик ва ҳурмат билан даъват қилиш юклатилган. Динга кирадими ёки йўқми, ўзига етказилаётган даъватга бўйсунадими ёки ундан тийилиб турадими, бу ҳақда қарорга келиш даъват қилинаётган томоннинг тўла ихтиёридадир. Бирор кишини динга зўрлаш, бирор нарсани мажбуран унинг зиммасига юклаш Қуръони карим даъватига зиддир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Юнус сурасида шундай дейди:    «Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?»
    Дин-эътиқод талабларига риоя қилишга одамлар мажбурланадиган жамият шакли Исломга тубдан қарама-қаршидир. Чунки инсон Аллоҳга хоҳиш-иродаси ва виждон амри билан юзлангандагина дин ва эътиқод қийматга эга бўлади. Агар у ёки бу ижтимоий тизим одамларни динга ва диний кўрсатмаларга риоя этишга мажбурласа, унда одамларнинг художўйлиги ҳокимиятдан қўрқишгагина асосланган бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло динга фақат очиқ виждон билан, Ўз розилиги йўлида хизмат қилиш учунгина киришни амр этади. Аллоҳ бегуноҳ одамларни ўлдиришни таъқиқлайди.Қуръони каримда бир одамни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) саналади ва бу ҳақида Моида сурасида :  «Кимки бирон жонни (ўлдирмаган) ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди, деб таъкидланади.
  Аллоҳ таоло кишиларни ноҳақ ўлдирганларга Парвардигорнинг улкан жазоси тайёрлаб қўйилгани ҳақида огоҳлантиради. Аллоҳ барча кишиларни огоҳлантирадики, бир кишини ўлдириш ер юзидаги ҳамма одамни ўлдирилганига тенг келадиган оғир гуноҳдир. Улуғ Парвардигор томонидан белгилаб қўйилган ҳад-чегаралардан чиқмайдиган тақволи одам ҳатто бир кишига зарар етказишдан ҳам қўрқади. Бу дунёда адолат ва жазодан қутулиб қоламан, деб гўлларча ўйлайдиганлар, нариги абадий дунёда қилмишлари учун Парвардигор ҳузурида жавоб беришдан, аччиқ интиқом ва даҳшатли азоблардан қочиб бўптилар! Ҳудди шунинг учун ҳам ҳаётларининг ҳар лаҳзасида ўлимнинг ҳақлигини, Парвардигор ҳузурида ҳисоб-китоб борлигини эслаб турувчи мўминлар Аллоҳ таоло ўрнатган ҳадларга риоя қилишда катта саъй-ҳаракат кўрсатадилар.
     Аллоҳ мўминларга раҳм-шафқатли ва меҳр-мурувватли бўлишни буюради.
Қуръон оятларидан бирида чинакам мусулмоннинг маънавий қиёфаси шундай тавсифланади:     «Сўнгра у (мақтанчоқ кимса) иймон келтирган ва бир-бирларига сабр-қаноат қилишни тавсия этган, бир-бирларига меҳр-мурувват кўргизишни тавсия этган зотлардан бўлмади. Ана ўша (яъни, мақтанчоқ кимсага ёт юқоридаги фазилатларга эга бўлган) зотлар ўнг томон эгаларидир» .
      Аллоҳ таолонинг марҳаматидан умидвор бўлган, қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан нажот топишга интилган ва жаннатдаги абадий ҳаётни истаган мўминларнинг ўзларида тарбиялашлари зарур бўлган муҳим ахлоқий хислатлардан бири ояти карима буюрганидай «меҳр-мурувват кўрсатиш»дир.
   Чинакам меҳр-мурувватнинг манбаи – Аллоҳни севишдир. Инсоннинг Парвардигорига муҳаббати унинг қалбида самимийлик ва Аллоҳ Таоло яратган барча мавжудотларга нисбатан ғамхўрлик туйғуларини уйғотади. Парвардигорини севган инсон Унинг барча махлуқларига руҳий яқинлик ва муҳаббат билан муносабатда бўлади. Аллоҳ таолога содиқлик ва муҳаббат мўминни, Қуръони карим буюрганидай, ер юзидаги барча одамларга нисбатан эзгулик ва омонликда муносабатда бўлишга даъват этади ва бу унинг қалбида чинакам меҳр-мурувват туйғуларини уйғотади. 
   Тавба сураси 60 оятида «Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат  фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир»  тилга олинган мўминларнинг яхши фазилатлари Аллоҳга бўлган чуқур севги шарофатидандир. Улар Парвардигорлари Қуръони карим орқали амр этган ахлоқий фазилатларга эришмоққа чин дилдан ҳаракат қиладилар. Иймон эгалари бировга раҳм-шафқат ёки ёрдам кўрсатсалар, бунга миннатдорчилик сўзлари айтилишини ҳам исташмайди. Уларнинг мақсади - ўзларининг солиҳ амаллари, эзгу ҳаракатлари билан Аллоҳ розилигини топиш. Чунки мўминлар қиёмат куни фақат дунё ҳаётидаги қилган ишлари учун ҳисоб бериш учун Парвардигорлари ҳузурига чақирилишларини яхши билишади.
    Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда баён этиб берилган мусулмоннинг маънавий қиёфаси раҳм-шафқат ва эзгулик билан фарқланади. Ана шундай тарбияланган киши кимдир зулм ва бузғунчилик қилса ёки тинч, бегуноҳ одамларга нисбатан шафқатсизлик кўрсатса бир четда томошабин бўлиб туролмайди.
    Қиёмат кунида банданинг амалларини тортадиган адолат тарозусида яхши амаллари оғир келиб, жаннатга киришни истаган одам ҳусни хулқли бўлиши керак. Ҳусни хулқли бўлмай, фаҳш гап ва ишларни қиладиган, тилида чиркин сўзлар кўп айтиладиган киши бўлиш эса, Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳусни хулқли бўлайлик ва фаҳшдан ҳамда чиркин гап-сўзлардан йироқ  юрайлик.
 
 
Мир Араб мадрасаси талабаси
Саидов Шаҳбоз
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram