Муомала адоби инсон кўрки
28 ноябр 2017 й.
1012 марта ўқилди.

Муомала адоби инсон кўрки 

Одамлар билан муомала қилишда ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим, камтар бўлишига уринилади. Ғазаб келганда, жаҳл чиққанда ғазабни ичга ютиб, ташқарига чиқармаслик тақводорлик белгисидир. Кичикни иззат, каттани ҳурмат қилиш-хушхулқлиликнинг бир кўриниши. Муомалада мулойимлик ва вазминлик  Аллоҳ ҳамда унинг пайғамбарига маъқул ва севимли хислатлардан, ҳисобланади. Одамлар билан хушмуомалада бўлиш зарур. Уларга қаттиқ қўллик қилиб, беҳаёларча сўзлашдан динимиз қайтаради. Ибодатнинг энг енгили ва бажарилиши осони хушхулқлиликдир. Мулойим, яхши муомалали, муросага осон юрадиган одамлар мусулмонларнинг афзалларидандир. Мусулмон киши муомалада камтар, қалби пок, беҳуда гапдан ўзини тиядиган бўлиши керак. Мўминларнинг энг афзали оила аъзоларига, бола-чақасига чиройли муомала қиладиганидир. Қовоқни уюб, зарда билан, кесатиқ, киноя йўсинида гаплашиш Парвардигорнинг ғазабини келтиради. Ваъдага вафо қилмаслик, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш, бўҳтон уюштириш, чақимчилик қилиш, қасамхўрлик энг ёмон иллатлардир. Чинакам мўмин киши кўпчилик тўғри деб топганни нотўғри демайди, нафсини жиловлай олади, ўзгадан айб қидирмайди, бировдан ёмонлик содир бўлса яхшиликка йўяди, гуноҳкор узр сўраса узрини қабул қилади, муҳтожлар ҳожатини чиқаради, ўз айбини тан олади, эл ғамини ейди, одамлар билан очиқ юзли, ширин муомалали бўлади. Одамлардан ёрдамни аямаслик, хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, ҳар қанча жафо кўрсатса ҳам вафо ва меҳрни дариғ тутмаслик, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаришга алоҳида эътибор бериш зарур. Муомала вақтида ўзгаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошни камситиб, камчилигини юзига солиш, паст назар билан қараш, кийими ёки мавқ-насабига қараб муомала қилиш одобсизликдир. Устозлар билан, ёши улуғ ва аҳли дониш кишлар билан муомалада уларнинг кўзига қарамай, гапларини сукутда тинглаш, саволларигагина жавоб бериш, хизматларига ҳамиша шай туриш ҳам мусулмон кишининг одобига киради.

عَنْ أَبِيهِ أُسَامَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : لا يَشْكُرُ اللَّهُ مَنْ لا يَشْكُرُ النَّاسَ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмаган бўлади», - дедилар».

Демак, ўзига яхшилик қилган шахсга раҳмат айтиб, ўзининг розилигини билдирмаган одам Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайдиган бўлади. Шунинг учун, бир одам бизга яхшилик қилса, унга албатта ташаккур айтиб, мукофотлаш керак бўлади. Маълум ва машҳурки, шукр ила неъмат зиёда ва бардавом бўлади. Агар яхшилик қилганга та­шаккур айтилмаса, у ҳам иккинчи бор яхшилик қилишга қўл урмай қўяди. Вақтида ташаккур айтмаганнинг ўзи зарар кўради. Унга ҳалиги одам яхшилик қилишни тўхтатади.

Ўзига ўхшаган одамга унинг яхшилиги учун та­шаккур айтмаган одамнинг Аллоҳ таолога шукр қилиши ҳам қийин бўлади.

عن أبي هريرة، عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "قال الله تعالى للنفس: اخرجي. قالت: لا أخرج إلا كارهة ".

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло нафсга: «Чиқ» - дейди. «Йўқ, чиқмайман. Чиқсам ҳам, ёқмаган ҳолда чиқаман», дейди», - дедилар».

Бунинг маъноси шуки, жон ўз эгасида турган пайтда, унинг эҳтиромини қилиб турган пайтда чиққиси келмас экан. Яъни, жон юқоридагидек, яхшилик қилганга миннатдорчилик билдириб, ташаккур айтиб юрадиган одамлардан чиққиси келмас экан. Аллоҳ таолога «Чиқмайман, чиқсам ҳам, ўзимга ёқмаган ҳолда чиқаман», дер экан.

  Парвардигоримиз нимани буюрган бўлса, унга бўйинсуниш ва нимадан қайтарган бўлса, ундан ўйламасдан қайтишимиз, бу мусулмон деб номлашимизнинг биринчи сабаби.

Мусулмон сўзининг иккинчи маъноси бу тинчлик ва офият, яъни одамларга ғазаб қилмаслик, одамлар билан сулҳда яшаш. Бу сифатни ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда мақтаб дейди:

الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам хайру эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради[1]

Ва мусулмончиликнинг охирги сифати бу ҳам эса мусулмонлар бир бирлари билан кўришганда салом улашишлари. Бу олий сифатни ҳам Худои таборак ва таоло таърифлаб дейди:

وَإِذَا حُيِّيْتُم بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّواْ بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا

Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир[2].

Парвардигоримиз бизларни “мусулмонлар” деб номлаб, юқорида айтиб ўтилган сифатлар билан безалишимизни хоҳлади. Аллоҳ таолога тамоман вужудимиз ила бўйсуниш, одамларга ғазаб қилмаслик, одамлар билан тинчликда яшаш ва мусулмонлар бир бирлари билан кўришганда салом бериши.

 

Мир Араб ўрта махсус ислом

билим юрти 2- курс талабаси: Қосимов  Муҳаммад

 



 

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram