Исломда қарз муомаласи
27 феврал 2016 й.
1928 марта ўқилди.

Исломда қарз муомаласи 
Аллоҳ таоло инсониятга чексиз  неъматларни ато этганки, улар бу неъматлар учун шукр  қилишга буюрилганлар. Буюк яратувчи ер юзидаги инсонларни ҳар-хил миқдорда мол-мулк билан ризқлантирган. Инсонлардаги  мол-дунёнинг турли   миқдорда бўлиши,  бир-бирларига ёрдам беришлари учундир. Қайси бир одамга қандайдир бир жиҳатдан ҳожати тушиб турган бўлса,  Аллоҳ таоло унга кўп яхшиликларни ҳоҳлаган бўлади. Аллоҳ каломида: «Аллоҳга «чиройли қарз» берадиган(Унинг йўлида  ўз бойлигидан сарфлайдиган) бормики, унга бир неча баробар кўп қайтирса? Ҳолбуки Аллоҳ (ризқни) танг  ҳам кенг, кенг ҳам қилур ва (сизлар)  Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар»
(Бақара, 245-оят)
 
 Ушбу оятда, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағни, мол-мулкни Аллоҳ таолога  қарз бериш деб аталмоқда. Ислом динида садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Қарз бериш билан одам боласи катта савобга эга бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн(баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб)  билан (мукофотланади) - деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? - деб сўрадим. У айтдики : Чунки,   садақа  бойнинг ҳам, фақирнинг  ҳам  қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади».(Таброний ривояти)
 
Қарз олди-берди муомаласига ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва маъсулиятларни юклайди. Қуръони каримда: «Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз уни ёзиб қўйингиз! » .(Бақара, 282-оят)
Анас ибн Моликдан Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кимки ҳар куни Ихлос сурасини юз марта  ўқиса, Аллоҳ таоло унинг  эллик йиллик гуноҳидан поклайди модомики унинг қарзи бўлмаса  дедилар.
 
Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам, уни  ўз вақтида қайтариш шартдир. Чунки, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик низо ва тушунмовчилик чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар олдида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ  ишдир.
 
Сарвари коинот  соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтдилар: «Кимки бировдан  қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзни узишга ёрдам беради. Кимки молига талофот етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг  ўзига талофот етказади.» дедилар. Демак қарзни узишга имкони бўлиб, уни адо қилмаса гуноҳкор бўлади. 
 
Ҳозирги доруломон кунларда орамизда қарзга пул, мол олиб қайтариб бермаслик одат тусига кирган, баъзи бир шайтонга шерик бўлган одамлар шу ишларни қилиб юрибдилар. Бу ишлари уларни улкан гуноҳларга етаклайди. 
Аллоҳ таоло мусулмон бандаларини қарзларга эгилиб қолишдан  Ўзи асрасин. 
 
Бухоро шахар 
Сайфиддин Бохарзий Жомеъ масжиди 
имом-хатиби Камолов Равшан 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:30
Пешин: 13:10
Аср: 18:40
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram