Исломда дўстлик риштаси
23 октябр 2020 й.
83 марта ўқилди.

 
Исломда дўстлик риштаси
 
Инсониятга илк бора Ислом нури келиши билоноқ халқлар ўртасида аҳиллик, тотувлик ва дўстлик мисли кўрилмаган даражада жорий бўлди. Ҳатто неча йиллар бир-бирлари билан адоватда бўлиб келганлар ажралмас садоқатли дўстга айландилар. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар: “Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида бир тана бўлиб, унинг бир аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлгани кабидир”. Дарҳақиқат мусулмонлар ҳақиқий ака-ука каби аҳил дўст бўлиб яшадилар. Ўзида бор нарсани бир-бирларига илиниб, яхши кўрган нарсаларини диндош дўстларига тортиқ қилдилар. Аллоҳ таоло уларни мадҳ қилиб қанча-қанча оятлар нозил қилди. Шулардан Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай деган: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба сураси, 71-оят).
Аллох таоло бандаларини «ухувват»га, яъни  барча мўмин-мўсулмонларнинг бир-бирларига  хайрихоҳлик, дўстлик, севги, шафқат ва ёрдамга буюрар экан, бу неъмат бошқа бирон қавм ёки миллатга раво кўрилмаган, муносиб топилмаган улуғ бир илоҳий ҳадяга сазовор қилди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “аркони”ни (Қуръонини) махкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватга бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз” (Оли-имрон сураси, 103-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб маҳамат қилганлар: “Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир”. Масалан, намоз шаклий ибодат саналади: тахорат олиб қиблага юзланамиз, “Аллоҳу акбар” деб бошлаймиз, рукуъ, сажда қиламиз ва эвазига савобга эришамиз. Аммо дўстлик каби маънавий ибодат ҳам борки, у зохиран қадрсиздай, аҳамиятсиздай туюлса ҳам, аслида у динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир” (Абу Хомид Ғаззолий, “Ихёу улумид-дин”).
Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам саҳобалари билан Мадинага хижрат қилганларида ансорларнинг мухожирлар билан дўстлик ва биродарликлари тилларда достон бўлиб кетган. Ансорлар ўзида борини мухожир диндошлари билан бахам кўрган. Хатто ўзлари оч қолсалар ҳам меҳмонларга бор таомини бериб юборганлар.
Пайғамбаримиз дўстлик ҳақида қуйидаги ҳадисларни марҳамат қилганлар. Имоннинг энг мустаҳкам дастаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир. “Исломдан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар бирортангиз биродаридан дўстликни сезса, уни махкам тутсин. Агар тоат ибодатинга ёрдам берадиган дўстинг бўлса, унинг қўлини маҳкам тут, чунки дўстни тутиб туриш қийин, ундан ажралиш эса осондир. Дўстларнинг сифатларидан бири – улар ўзларидан дўстларини устун қўйишларидир”. 
Содиқ дўстнинг мисоли дарахт кабидир. Агар соясида ўтирсанг, сени соясига олади. Агар унинг мевасини есанг, сени тўйдиради. Агарчи у сенга фойда бермаса ҳам, зарар ҳам бермайди. Мусулмонлрнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка чақирганлар. 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг хожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг хожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам айбини беркитади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Алллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда деб қалбларига уч марта ишора қилдилар. Яна: “ Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир”. (Имом Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ислом динининг талаби шундай экан, унда нега бизлар дўстлик ва қардошликдан бунчалик узоқлашиб кетяпмиз? Бир-биримиз билан дўстлашиш, ака-ука тутиниш, қон-қардошлик ришталарини боғлаш ўрнига ғаним фитнасига учиб ёки арзимас манфаатлар учун ўзаро низога борамиз. Энг дахшатлиси, бир-биримизни жисман ёки руҳан махв этишгача борамиз? Вахолангки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссалом: “Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар”, деб таълим берганлар-ку! (Имом Муслим ривояти).
Ҳозирги кунда баъзи бир ҳолатларда дўстлик унут бўлиб бораётганлигининг асосий сабаби билимсизлик, жохиллик, дин душманларининг орамизга нифоқ, ихтилоф, парокандалик солиш учун тинмай уюштираётган фитна-найрангларига эътиборсизликдан. Бизлар намоз ўкияпмиз, рўза тутяпмиз, Маккага бориб-келаяпмиз, аммо Исломнинг асл моҳиятига кириб бормаяпмиз, динимизнинг соф талабларини тушуна олмаяпмиз. Бир биродаримизнинг ҳаракатига сал нуқсон-камчилик кўрсак, дарров у билан гаплашишни ҳам йиғиштириб кўямиз. Баъзи бирлар мўмин биродарининг кичкина хатосидан фил ясаб, дарров уни диндан чиққанликда айблай бошлайди. Айбловлари шунчалик беўхшовки, рақибининг шаъни, жамиятдаги обрўси, иззат-нафси, оилавий сирларини ҳам аяб ўтирмайди.
Расули акрам соллаллоху алайхи васалламнинг кўрсатмаларига бўйсунган ҳар бир мусулмон ўз диндошларини дўст тутади, уларга хамиша ёрдамга ошиқади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатади, шариат талабларига кўра муносабатда бўлади. Исломда дўстлашиш, дўст топиш ва уни мустаҳкамлашга тарғиб ва ташвиқ жуда кўп. Янги дўст орттиринг, мўминлар билан биродарлашинг, зиёрат қилиб чорланг, ҳадялар беринг, касаллигида зиёрат қилинг, мухтожлигида ёрдам кўрсатинг, деган даъватлар мавжуд. Билингки, “Янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда бир даража юқори кўтаради”, деб марҳамат этилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Аллоҳдан қўрқинггиз ва ораларингизни тузатинггиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 1-оят). 
Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, дўстлик ва биродарликка хиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: “Хужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофларга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир”. (Оли-Имрон сураси, 105-оят).

Пешку туман “Ҳалим Полвон” жомеъ масжид

имом-хатиби Ҳамроев Рустам 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:46
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram