Исломда оптимизм ғояларининг ифодаланиши.
28 октябр 2019 й.
69 марта ўқилди.


 Исломда оптимизм ғояларининг ифодаланиши.

     Оптимизм сўзи ёрқин келажакка ишонч, ҳаётга ижобий нуқтаи назардан қарашни ифодалайди. Оптимист инсон дунё ажойиб, унда жуда кўп орзу ва мақсадларга эришиш имконияти мавжуд, энг ёмон ҳолатлардан ҳам чиқиш йўли албатта топилади, барча инсонлар яхши деган фикрда бўлади. Муқаддас динимиз исломда ҳам инсонларни оптимист бўлишга чақирилади. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўъминларга ёмон деб ўйлаган нарсаларида улар учун кўп яхшиликлар борлигини уқтиради. Бу билан Аллоҳ таоло мўминларни тақдир синовлари олдида тушкунликка тушмай, яхшиликлар келишидан умидвор бўлишга чақиради. Бу борада улуғ саҳобий ҳазрати Умар р.а. нинг айтган ушбу сўзлари ҳам мусулмонлар ўртасида  жуда машҳурдир: “Бир кишидан ёмонлик кўрсанг, унинг етмишта яхши томонини ўйла”.
      Келинг шу ўринда  оптимистик характерни шакллантириш учун замонавий психологлар таклиф қилаётган 5 та босқични  исломнинг бу борадаги қарашлари билан қиёслаб кўрамиз:
    1.Пессимизм (воқеликка салбий томондан баҳо бериш)дан фойдаланиш. Психологлар фикрича, пессимизм қийинчиликлар, тўсиқлар ва омадсизликка сабаб бўлувчи бошқа барча факторларни инобатга олишга ундайди. Ислом динида ҳам яхшиликка умид қилиш билан бирга қийин вазиятларда ақл, тадбир ва эҳтиёткорлик билан иш тутишга буюрилади.
   2.Оптимистлар ёмон ҳолатлар бир лаҳзалик, ташқи таъсирлар натижасида содир бўлган деб қабул қилишади, шунинг учун ёмон ҳиссиётларга қаттиқ берилишмайди. Маълумки, исломда бу дунё ва ундаги барча нарсалар ўткинчи эканлиги ҳамда яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканлиги  мунтазам  уқтирилиб, мусибатда мўминларни чиройли сабр қилишга чақирилади.
    3.Воқеликка ҳаққоний баҳо бера олиш. Тажрибаларнинг кўрсатишича, оптимистлар ўз режаларини амалга ошириш имконияти йўқлигини билганда, бунга тез кўникишади ва янги лойиҳалар устида иш бошлашади. Пессимист эса натижани тан олишни хоҳламай беҳуда куч ва вақт сарфлашда давом этади ёки қўли ишдан совиб, тушкунликка тушиб қолади. Мусулмон эса бир ризқ эшиги ёпилганда бошқаси албатта очилади деган эътиқод билан яшайди.
   4.Атрофдагилар ҳақида яхши фикрда бўлиш. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сураси 12-оятида “Эй, иймон келтирганлар, кўп гумон қилишдан четланинглар. Гумоннинг баъзиси ҳам гуноҳга олиб борур” деб марҳамат қилинган.
   5.Ўтмишдаги хатоларини таҳлил қилиш. Оптимист инсон қилган хатолари учун ўзини кечира олмай, келажагини ҳам барбод қилмайди. Аксинча, хатоларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаб, келажаги учун улардан тўғри хулосалар чиқара олади. Исломда ҳам астойдил қилинган тавба билан инсон гуноҳлардан пок бўлиши таъкидланган ва мусулмонлар инсонларни ўтмишдаги хатолари учун маломат қилишдан қаттиқ қайтарилганлар.
   Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, исломда қалб хотиржамлигига эришиш, келажакка умид билан осуда ва бахтли ҳаёт кечириш йўллари аниқ баён қилиб берилган. Демак, бемалол айтишимиз мумкинки, ислом асосида ҳаёт кечирувчи мўъминлар энг яхши оптимистлардир. 

Бухоро шахар “Хўжа Таббанд” жомеъ масжиди
имом хатиби Азиз Ашуров 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram