Хожа Исматуллоҳ Бухорий
24 май 2015 й.
976 марта ўқилди.

                             

 

  Хожа Исматуллоҳ Бухорий

     Буюк шоир, валиюуллоҳ  Ҳазрат Хожа Фахриддин  Исматуллоҳ бинни Масъуд  Бухорий Бухорода туғилган. Шоирнинг туғилган йили манбаларда кўрсатилмаган. Баъзи тадқиқотларда бу зоти шариф 1365-1375-йиллар орасида туғилган деб тахмин қилинади. Қуйидаги тарихда шоир вафот этган сана кўрсатилган:
             Тарихи вафоти Хожа Исмат
             Ҳар кас, ки шунид, гуфт: “Таммат”
    “Таммат” сўзидан абжат ҳисоби билан ҳижрий 840 йил келиб чиқади, бу эса милодий 1436 йилга тўғри келади. Барча исматшунослар бу сананинг тўғрилигини эътироф этадилар. Шоирнинг қабри Бухоро шаҳрининг Шайх Жалол дарвозасидан ташқарида жойлашган. 
     Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, Алишер Навоийнинг “Мажолисун нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Таскиротуш-шуаро” асарларида Хожа Исматуллоҳ валий ҳақларида маълумотлар берилган.
    Хожа Исматуллоҳ форс-тожик ва ўзбек тилларида ижод қилган. Унинг 1035 байтдан иборат “Иброҳим Адҳам” номли достони ўзбек тилида ёзилган. Маълумотларда келтирилишича, шоирнинг форс-тожик тилида битган “Девони”нинг нусхалари Санкт-Петербург, Филоделъфия, Лондон, Калкута, Душанбе ва Бухоро кутубхоналарида сақланади. “Девон”дан шоирнинг ғазал, рубоий, мухаммас, қасида, таркибанд, қитъа, марсия, муаммо ва маснавийлари ўрин олган. 
    Атоқли шоир адабий мероси тематикасининг асосини ишқ мавзуси ташкил этади. Бу бесабаб эмас, албатта. Маълумки, Шарқ мумтоз адабиётида  ҳам ишқ мавзуси етакчилик қилади. Хожа Исматуллоҳ Бухорий шеърлари ўз даврининг маҳсули бўлиб, даврнинг адабий қонуниятлари ва анъаналари билан уйғунликда яратилган. Уларда ошиқ ва машуқнинг вафо ва садоқати, ишқ изтироби ва азобу уқибатлари, айрилиқ  ғами, танҳолик, рақиб фитнасидан шикоят каби мавзулар куйланади. Гарчанд Хожа Исматуллоҳ Бухорий ижоди тематик жиҳатдан Шарқ адабий анъанаси билан муштарак бўлса-да, ўзининг мазмунан теранлиги, бетакрор образларга бойлиги билан алоҳида хусусият касб этади. Шоир шеърларида ифодаланган “ишқ”, “ишқ ғами”, “ишқ дарди” унинг қалб тўридан ўтган, ўзгача жило топган, юксак бадийятга эга фикр ва туйғулардир.
      Шоир адабий фаолияти марказида ишқ ва унинг ғами доимий турганини қуйидаги мисралардан ҳам билса бўлади:    
                      Кўрмадим қалбим мулкида ғамдин бўлак ишқ туҳфасин, 
                      Ўтди йиллар, во дариғ шу ғамни меҳмон асрадим. 
    Хожа Исматуллоҳ назарда тутган “ишқ” нима?
    Шоир шеърида “ишқ” кенг маънода қўлланилган. Аксарият ғазалларда ишқ ва у билан боғлиқ инсоний ҳис-туйғулар куйланади. Баъзи ғазалларнинг мавзу мундарижаси яна кенгайган бўлиб, уларда ижтимоий, ахлоқий, шунингдек замонанинг носозликларидан шикоят каби мавзулар ҳам қаламга олинади. Хожа Исматуллоҳ шеърларида ифодаланган ишқ – бу фақат ёр ишқи ёки дарди эмас, бу – дўст, ватан, пир-устоз, Аллоҳ ишқидир. Ишқ ва ишқ дарди деганда шоир мана шу кенг маъноларни рамзлар, тагдор ифодалар орқали акс эттирган. Жумладан, бир ғазалида  шоир юртма-юрт кезиб ўзига ҳамдам бир дўст, беғам бир дил тополмаганидан шикоят қилиб ёзади: 
              Дилга роз айтдиму, аммо, у ичирди менга қон,
              Кошки аввал билсам эрди, менга маҳрам топилмас.
             Мисли Исмат неча  йил сарсон юрдик юртма-юрт,
             Бир дили беғамни излаб, воҳки, ҳеч ҳам топилмас.  (26 б) 
  Хожа Исматуллоҳ Бухорий Самарқандда Халил Султон саройида хизмат қилиб, унга устозлик қилади. Мирзо Улуғбекнинг таклифи билан бир муддат унинг ҳам хизматида бўлади. Саройдаги тартибсизликлар, фисқу-фасодлар, ўзаро мулк талашишлар, низолар шоир қалбини изтиробга тўлдиради. Юқоридаги ғазалда “вафодор бўлгулик бир ҳамдам” тополмаган шоирнинг ҳолати, дарду алами ўз ифодасини топган. 
     Шоир сарсон-саргардонликда юриб Бухорога қайтиб келади. Ҳар ерда носоз, бесару сомон замонанинг жабру-жафосига дуч келган шоир шундай муножот қилади:
             Қайда бўлсак муҳри меҳринг кўксимизда бор эди, 
             Боқ, ҳануз ҳамроҳ ўшал муҳру нишон, келдик яна.
            То қиёмат хоки пойинг кўзимизга тўтиё, 
            Ҳайдама остонаданким, бағри қон келдик яна.
            Гарчи юрдик қанча юртда, гўё саргашта сабо,
            Эшигингга бош уриб, хор нотавон келдик яна. (16 б)
   Паст тийнатли одамларнинг адолатсизлиги-ю дилозорлигидан кулфат кўрган, дард чеккан шоир “Бир васият сўйлар Исмат тинглагил боиштиёқ” дея бир шеърида китобхонга шундай ўгитлар қилади:
             Ҳар киши бирла жаҳонда суҳбат айлар истасанг,
             Дўст эмас, душман бўлур маслакда йўқса иттифоқ.
Ёки:
             Ноаҳиллар даврвсидан қоч, гуноҳга ботмайин,
             Руҳ қушинга қайғу, кулфат ташламай банду тузоқ.  (33 б)
     Бу ғазалда маърифатли, халқпарвар, дўстпарвар, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, дину-диёнатли шоирнинг тарбиявий – ахлоқий қарашлари ўз мужассамини топган. Улар китобхонни зарарли, бузуқ ахлоқлардан огоҳлантириб, дўст, меҳрибон бўлишга, хайрли ишлар, яхши хулқ касб этишга, икки дунё саодатига эриштирувчи тўғри йўлни топишга даъват этади. 
     Хожа Исматуллоҳ баъзи шерларида инсон маънавияти, одоб-ахлоқини исломий-тасаввуфий ақидалар билан боғлиқ ҳолда тасвирлайди. Аллоҳни билиш, унга етишиш завқини Хожа Исматуллоҳ  шеърий сатрлар ёрдамида изҳор этган. Уларда Аллоҳни ёри азиз ва дўст билиш, севиш маънавий комиллик, поклик тушунчаси билан уйғунлашган. Адиб  ёр(Аллоҳ) васлига етишиш учун уқубатларга сабрли бўлишни қуйидаги рубоийсида шундай баён қилади:
              Жабринг хушдурур барчанинг вафосидан,
              Дашноминг яхшироқ барчанинг дуосидан.
              Лутф айлаб, асрагил – бизга бегоналик,
              Барча бегонага ошнолик балосидан. (42 б)
       Ҳазрат  Хожа Исматуллоҳ каромат соҳиби ҳам эди. Тери касаллигига чалинган беморлар Хожа Исматуллоҳ зиёратгоҳларига келиб, у ердаги чашма сувидан шифо топганлар.      
        Хожа Исматуллоҳ Самарқандда шоҳлар саройида хизмат қилди. Улардан мол-дунё истамади. Балки уларга устозлик қилиб, саройда адолат, илм-маърифат нурини ёритишга ҳаракат қилди. Саъ-ю ҳаракатларининг самараси йўқлигини сезган шоир Бухорога қайтиб келади ва она шаҳрида фақирликда яшаб, ижод билан машғул бўлади. Қуйидаги  мисраларда шоирнинг ҳаёт тарзи – фақирлик ўз ифодасини топган.
 
             Шоҳ қасри ёнидан ўтардим, кўзга –
             Чалинди зар битик шундоқ калима:
             Мўрчадай хок бўлгин қаноатда, лек,
            Сулаймон тожини зинҳор тилама.
           Фақирлик йўлининг чанги афзалдир,
           Бебаҳо бойликка кўнглинг бойлама.  (33 б)
     Шоир бир шеърида Аллоҳга илтижо қилиб ёзади: 
            Қийнаб ўлдир, розиман, лек, ўзлигим қолдир менга,
            Булбули саргамтани гулдан узоқ ўлдирмагил.
            Исматинг ўлдирма, ё Раб, шум балолар ўқидин.
            Ки азиз айлаб ўзинг, хор, бесўроқ ўлдирмагил.     (16 б)
        Аллоҳ ўзи азиз тутган бандасини хор этмади, илтижосини қабул этди. “Булбули саргашта” – шоирга ўзлигини сақлаган ҳолида “ўз гулзори” – Бухорода вафот этишни насиб этди. 
 
Бухоро ш. Хужа Исмат жомеъ
Масжиди имом хатиби:
 Гадоев Салохиддин
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:34
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:35
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram