ИСТИҚЛОЛИМИЗ ТУФАЙЛИ МАСЖИДЛАРИМИЗ ОБОД БЎЛДИ
28 август 2016 й.
1209 марта ўқилди.

 ИСТИҚЛОЛИМИЗ ТУФАЙЛИ МАСЖИДЛАРИМИЗ ОБОД БЎЛДИ

 
Ҳар бир халқнинг ўзига хос қадрияти, урф-одатлари бўлади. Бу урф-одатлар ўша халқнинг эътиқоди, дунёқараши, тарихи ва шу каби бошқа омиллар таъсирида шаклланади. Ўзбек халқининг ҳам дунё эътироф қилган буюк тарихи, дину диёнат, маънавият каби қадриятлари, меҳмондўстлик, бағрикенглик каби кўплаб эзгу фазилатлари бор. Бу муборак хислатлар муқаддас Ислом динимизнинг илоҳий кўрсатмалари орқали сингиб, халқимиз маънавиятининг ажралмас қисмига, пойдеворига айланган.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида ушбу улуғ неъматга шукрона ўлароқ, истиқлол туфайли ушалган орзуларимиздан бири ҳақида суҳбат қилсак. 
Мустақилликнинг энг улуғ неъматларидан бири мустабид тузум даврида топталган диний қадриятларимизни тиклаш учун кенг йўл очиб берилиши бўлди десак, муболаға бўлмайди. Шу тариқа, бошқа соҳаларда эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлганимиз каби, динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлдик. Минглаб масжидлар қайта очилди, қурилди, ишга туширилди, таъмирланиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилинди, улуғ аждодларимизнинг мақбаралари обод қилинди. 
Масжид – мўмин-мусулмонлар учун муқаддас даргоҳдир, Аллоҳнинг уйи саналмиш саждагоҳдир. Масжидлар Ислом динининг рамзидир, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб, У Зот билан роз айтишадиган қутлуғ маскандир. Шундай экан, масжиднинг обод бўлиши Исломнинг обод бўлиши, қалб мулкимизнинг, кўнгил қасримизнинг обод бўлишидир. 
Истиқлол шарофати билан масжид-мадрасаларимизнинг тикланиши давлатимизнинг бевосита раҳбарлиги остида амалга ошириладиган бўлди. Бир пайтлар мустабид тузум масжидларимизни вайрон қилган, уларни тортиб олиб, бузган, омборхонага, отхоналарга айлантирган бўлса, бугунги кунда масжидларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳукуматимиз бош-қош бўлмоқда. 
Биргина пойтахтимизнинг ўзида қисқа муддат ичида Ҳазрати Имом мажмуаси тўлиқ таъмирланиб, янги масжидлар қурилиб, фойдаланишга тоопширилди, шаҳарнинг қоқ марказида муҳташам Минор масжиди қуриб битказилди, кўҳна исломий обидалар қайтадан чирой очди. 
Халқимиз бу дориломон кунларга етгунча мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди, айниқса, йигирманчи асрда даҳрий тузум истибдоди остида динидан, тилидан, ёзувидан, тарихидан мосуво бўлаёзди. Аммо ўзбек халқи сабот билан, келажакка умид билан яшади ва ҳақ қарор топиб, истиқлолга эришди. Муқаддас динига содиқ қолган халқимиз барча қийинчиликларга, жабру ситам, зулму адолатсизликка қарамай, буюк аждодларнинг муносиб авлоди эканини, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг қонуний вориси эканини ҳар томонлама исботлади. 
Ҳақ субҳанаҳу таоло Ўз каломида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида мадҳ этган буюк амаллардан бири – динимизнинг рамзи бўлмиш масжидларни, Аллоҳнинг уйларини обод қилиш ва уларни яхши ҳолатда сақлашдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни барпо қиладиган, закот берадиган ва фақат Аллоҳдангина қўрққанлар обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар» (Тавба сураси, 18-оят).
Ибн Касир ушбу оятнинг шарҳида шундай дейди: «Аллоҳ таоло ушбу оятда масжидларни обод қилувчиларнинг мўмин эканига гувоҳлик бермоқда. Бу хусусда имом Аҳмад ва Термизийлар Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидга доимий қатнашни одат қилган кишини кўрсангиз, унинг мўминлигига гувоҳлик беринглар», деганлар.
Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш чинкам иймон-эътиқоднинг кўриниши экан. Зеро, ояти каримада ҳам, ҳадиси шарифда ҳам бу амаллар иймон билан боғланмоқда.
Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидларни обод қилиш икки йўл билан – маънавий ва моддий йўллар билан бўлади. Масжиднинг маънавий ободлиги у ерда ибодат қилиш, зикр-тасбеҳ айтиш ва Қуръон ўқиш каби амаллар билан бўлса, моддий обод қилиш супуриб-сидириш, тоза сақлаш, қайта таъмирлаш ва янгидан бино қилишдек амаллар билан бўлади. Масжидларимизнинг ҳам моддий, ҳам маънавий обод бўлишида масжидда саф тортиб турадиган, саждага бош қўядиган намозхонларимизнинг ўрни беқиёсдир.
Салмон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадисни келтирадилар:
«Кимки уйида таҳорат олиб, сўнгра масжидга келса, у Аллоҳнинг меҳмонидир. Меҳмонни ҳурматлаш мезбоннинг ҳаққидир».
Буни қаранг! Масжидга келувчилар Аллоҳнинг меҳмонлари экан. Дарҳақиқат, улар инсонларнинг уйига эмас, Аллоҳнинг Байтига ташриф буюрадилар. Аллоҳ Ўзининг меҳмонини икромсиз қайтармайди, бандалари қилган хайрли амалларга зиёда қилиб ажр-савоблар беради.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
«Кимки бир масжидда чироқ ўрнатса-ю, унинг нури ўша масжидни ёриштириб турса, фаришталар, ҳатто Аршни кўтариб турувчи(фаришта)лар ҳам унга истиғфор айтиб туришади».
Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юртимиздаги 2000 дан ортиқ масжидлар кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Саховатпеша тадбиркорларимиз, Аллоҳ неъматлантирган азизларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан, халқимизнинг хайрия ишлари туфайли қатор масжидлар қурилди, жуда кўплари таъмир қилиниб, чиройли ҳолатга келтирилди. Намозхонларимизнинг масжидларга нисбатан иззат-эҳтироми ҳамда қилаётган хайриялари натижасида бу муборак масканларимизда илгарилари мисли кўрилмаган қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Шинам, кенг, ёруғ хонақоҳлар, таҳоратхоналар қишу ёз мавсумига, Рамазон ойидаги таровеҳ намозларига тўлиқ мослаштирилмоқда, намозхонлар хотиржамликда, хушуъ ва хузуъ ила ибодат қилишлари учун барча имкониятлар, шароитлар муҳайё қилинмоқда. Буларнинг ҳаммаси аввало Аллоҳнинг марҳамати, мустақиллигимиз шарофати ҳамда давлат ва ҳукуматимизнинг миллий ва диний қадриятларимизга нисбатан ижобий мунособатларининг аломатларидандир.
Шуни ҳам билиб қўйиш лозимки, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бир шаҳарга битта жомеъ масжид кифоя қилади деганлар, иккинчисини қуриш учун ўртада дарё ёки тоғ каби табиий тўсиқ бўлишини шарт қилганлар. Бунинг сабаби шуки, масжид қанча кўп бўлса, имомлар ҳам шунча кўп бўлиб, уларнинг мавъизалари ёки берган фатволари фарқланиб боради, натижада мусулмонлар ўртасида ихтилоф ва тушунмовчилик чиқиш эҳтимоли пайдо бўлади. Бу фикрлар ўша даврдаги вазият ва шароитдан келиб чиқиб айтилган бўлиб, кейинчалик бир шаҳарнинг намозхонлари битта масжидга сиғмагани, намозхонларнинг сони тобора ортиб боргани туфайли мутааххир уламолар бир шаҳарда зарурат юзасидан бир неча масжидда жума ва ҳайит намозлари ўқилишига рухсат бериб, фатво қабул қилганлар. Бинобарин, бу имконият ва ижозатни суистеъмол қилмай, ибодатларимизни шукрона билан адо этиб боришимиз лозим.
Мустабид тузум даврида коммунистик мафкура диёримиз халқлари онгидан Ислом ақийдасини сиқиб чиқаришга тиш-тирноғи билан ҳаркат қилди. Минглаб дин уламолари қатағон қилиниб, халқ душмани деб номланди, минг-минглаб масжид-мадрасалар бузиб ташланди, қолганлари омборхонага, оғилхоналарга айлантирилди, дурдона асарлар, китоб ва бошқа диний адабиётлар ёқиб ёки кўмиб юборилди. Аммо шунга қарамай, Ислом дини халқимиз қалбида мустаҳкам сақланиб қолди. Коммунистик мафкура ўзининг қабиҳ мақсадларига эриша олмади. Ўша даврларда жумҳуриятимизда атиги 80 та масжид мавжуд эди.
Аллоҳнинг лутфи карами ила юртимиз истиқлолга эришгач, омон қолган масжидлар қайтадан таъмирланди, замонавий, кўркам, муҳташам янги масжидлар қад ростлаб, уларнинг сони ҳозирги кунда икки мингдан ошиб кетди. Диний таълим муассасалари очила бошланди, динимизнинг тарихига оид кўплаб тарихий ёдгорлик обидалари мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Намозхонлар беш вақт намозларни, жума, таровеҳ ва ҳайит намозларини бемалол адо этиш учун, Рамазонда хатми Қуръон қилиш учун барча шароитларга эга бўлишди. 
Шундай экан, эндиликда масжидларимизни ҳам маънавий, ҳам моддий обод қилиш ҳар биримизнинг иймоний бурчимиз, исломий вазифамиздир. Масжидларимиз тоза-озода, саранжом-саришта ва тинч-осойишта бўлса, юртимиз ободлиги, мамлакатимиз фаровонлиги бардавом бўлади.
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча масжидларни моддий ва маънавий обод қилишни насиби рўз айласин, истиқлолимизни абадий қилсин!
 
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имоми, 
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:25
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram