Ихлос ҳақиқати
28 октябр 2015 й.
1235 марта ўқилди.

 Ихлос ҳақиқати

 
عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّمَا الْأَعْمَال بِالنِّيَّاتِ وَإِنَّمَا لكل امْرِئ مَا نَوَى فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللَّهِ وَرَسُولِهِ وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى دُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَتَزَوَّجُهَا فَهجرَته إِلَى مَا هَاجر إِلَيْهِ» مُتَّفق عَلَيْهِ
 
Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади» (Муттафақун алайҳ).
Зикр қилиб ўтилган ҳадис ҳадисларнинг тожи саналади. 
Имом Шофеъий айтадилар: “Агар яна китоб ёзсам ҳар бобини “Амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадиси билан бошлардим”.
Абдураҳмон ибн Маҳдий айтадилар: “Ҳадис борасида китоб ёзмоқчи бўлган кишига “Амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадиси билан бошламоғи шарт”.
Шунинг учун кўплаб муҳаддислар китобларини ушбу ҳадис билан бошлашган. Муҳаддислар пайғамбар алайҳис саломнинг ҳадисларини умматга етказишда мисли кўрилмаган жонбозлик кўрсатишди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари боис ҳадислар жамланди, уммат ҳали-ҳануз ундан баҳраманд бўлиб келмоқда. Шундай экан қадимдан муҳаддисларга ўзгача меҳр-мурувват кўрсатиб келинган.
Имом Аҳмад айтадилар: “Аҳли ҳадисни зиндиқларгина (диндан қайтганлар) ёмон кўради”. 
Имом Шофеъий айтадилар: “Ҳадис айтаётган ёки унга амал қилаётганларни кўрсам, расулуллоҳни кўргандек бўламан”.
Бу кимсалар пайғамбарни, суннатни, илмни ва иймонни яхши кўрадиганлардир. Ҳадислар шариатнинг буюк мезони. Ҳадисга интилган ва унга амал қилганлар яхшиликка бурканган бўлишади. 
Ушбу ҳадисдан олинадиган асосий тушунча ихлос. Яъни бажарадиган ҳар бир ишда Аллоҳ розилигини қасд қилиш. 
Ихлоссиз бажарилган амал қабул бўлмайди. Бандачиликдан асл мурод ихлос билан ибодат қилишдир. Ихлос холис Аллоҳга бўлади. 
 
قُلْ إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ مِّثْلُكُمْ يُوحَى إِلَيَّ أَنَّمَا إِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ فَمَن كَانَ يَرْجُو لِقَاء رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا
 
«(Эй Муҳаммад, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф, 110).
 
قُلِ اللَّهَ أَعْبُدُ مُخْلِصًا لَّهُ دِينِي
 
“Айтинг: «Мен ёлғиз Аллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман” (Зумар, 14). 
 
وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاء وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ
 
“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир” (Баййина, 5). 
 
أَلَا لِلَّهِ الدِّينُ الْخَالِصُ وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاء مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْ فِي مَا هُمْ فِيهِ يَخْتَلِفُونَ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ كَاذِبٌ كَفَّارٌ
 
“(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас” (Зумар, 3).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳдан бошқа учун илм ўрганса ёки илми билан Аллоҳдан бошқани талаб қилса ўз ўрнини жаҳаннамда деб билсин” (Термизий ривояти).
Ҳадиси қудсийда келтирилади: “Мен шерикликдан беҳожат зотман. Ким амалида менга ширк келтирса, уни ширк келтирган шеригига ташлаб қўяман” (Муслим ривояти).
Амаллар одамлар мақтови ёки ёмонлаши учун ўзгариб турса холислиги йўқолади. Яъни, уларнинг мақташи билан тоат зиёдалашиб, ёмонлаши билан ноқислашиб турса бу ҳақиқий холислик эмас. Ихлос билан бажарилган ишни банда бузолмайди. Ундан том маънода хабардор бўлинмайди. У ягона Аллоҳгагина аён.
Ихлос ошкоролик ва сирликда баробар бўлади. Одамлар кўриб турганда ҳам, кўрмаганда ҳам, эшитаётган ёки эшитмай турганда, озчилик ва кўпчилик ичида, якка қолганда доимо ўзгармаслиги керак. Унинг савобини фақат Яратган беради. Бу учун бандалардан мукофот ёки раҳмат кутилса ихлос бўлмайди. 
Риё ихлоснинг зидди. Бу улкан дард. У кучайса бутун баданни эгаллайди. Ички ва ташқи аъзоларга ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилади. Бора-бора жамиятга раҳна сола бошлайди. Уни мўътабар китобларда кичик ширк дейилган. У ҳар қандай ҳушёр одамни бузиши ҳеч гап эмас. Қалбга талофат етказиб, иродани букиб, қатъиятни сўндиради. Ихлоси заиф инсонларда риё бўй кўрсатади. Унинг келиб чиқиш сабаби узун орзу, илмсизлик, тоатдаги нуқсон, обрў ва мансабга интилиш, қолаверса, ихлоснинг камлигидан. Риёни ихлос билан пасайтириб туриш зарур. 
Ниятнинг ўрни қалб. Тил ва қалб бирлашмаса кутилган натижа ҳосил бўлмайди. Ҳадисда айнан ниятлар амал билан, амаллар ният билан бирга олиб борилиши кўзда тутилган.  Амалда холис бўлмаган киши дунё ва охиратда зиён кўрувчилардандир. Ихлоссиз амалнинг ичи бўм-бўш. Ихлоссиз амал таҳоратсиз намоз, фитр рўзасиз рўза, эҳромсиз ҳаждек. Ҳеч бир ишда ихлос арзимас саналмайди. Ҳар бир амалда унинг ўрни муҳим. Тоғлар ҳам кичик тошчалардан, умммонлар ҳам томчилардан иборат эканлигини унутмаслик зарур. 
Расулулоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаброил алайҳис саломдан: “Эҳсон нима?” – деб сўраганларида, “Эҳсон Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Билиб қўй, сен уни кўрмасангда у сени кўриб туриб турибди”, – деб жавоб берганлар (Муслим ривояти).
Ихлос аҳли суннат вал жамоат мазҳаби наздида амалларнинг қабул бўлиш шартларидан саналади. Амалда холислик бўлса, суннатга мувофиқ келсагина, у комил ҳисобланади. Ихлоссиз амал қабул бўлмаганидек, суннатга хилоф амаллар ҳам қабул эмас. Бидъат аҳлининг ишлари ана шулар жумласидан. 
Баъзан банда холисликни талаб этсада, суннатга эргашиш бобида оқсоқликка йўл қўяди. Бирини маҳкам тутиб, иккинчисини тарк этиш холислик эмас. Суннатга мувофиқ амалга риё аралашса, шуҳратпарастлик ва хўжакўрсин қабилида иш тутилса, гўзал амал хунуклашиб қолади. 
Аллоҳ амалларини тўлиқ қабул қилишини хоҳлаган киши амалларни холис бажарсин. Кўр-кўрона амал қилиш, мақтовга ҳақли бўлиш учун иш тутиш, бировларга чоҳ қазиб, ўзини кўз-кўз этиш яхшиликка олиб бормайди. Аллоҳ риёкор ва фосиқлардан эмас, комил мўминлардангина қабул қилади. 
 
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:30
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram