Қуръонни учдан бирига тенг сура
23 декабр 2015 й.
1664 марта ўқилди.

 Қуръонни учдан бирига тенг сура

Қуръон карим биз, мусулмонлар учун муқаддас китоб, илоҳий дастурул-амал бўлиши билан бирга, ўхшаши йўқ, тенгсиз ва улуғ бир мўжиза, парвардигорнинг каломидир. Ушбу илоҳий калом Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий ва биринчи манбаидир.Улуғ фақиҳ-олимларимиз шариатдаги бирор нарсанинг ҳукмини билмоқчи бўлсалар аввало Қуръонга мурожаат қиладилар ва излаётган масала ҳақида Қуръонда бирор ҳукм бўлса, уни дарҳол  қабул қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръони каримнинг учдан бирига тенг" деб таърифлаган ихлос сурасини барча мусулмонлар яхши билишади. Ушбу муборак сура 4-оятдан иборат бўлишига қарамай  Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади дейилган ва Аллоҳнинг каломи Қуръонинг асосий мақсади яъни : Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналиги исботи ва ақидани тузатиш каби мақсадларни ўз ичига олган. Маккада нозил бўлган бўлиб: Тафрид, Нажот, Тавҳид, Маърифат деган номлари бор, аммо буларнинг машҳури Ихлосдир. Макка мушриклари  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, бизга Роббингни сифатлаб бер, насабини баён қил деганларида,Аллоҳ ўзи "Ихлос" сурасини нозил қилиб жавоб берган.
 
Ушбу сурада Аллоҳ марҳамат қилиб айтади: 
 
1.(Эй, Муҳаммад) Айтинг: У  Аллоҳ ягонадир. 2. Аллоҳ-Сомаддир. 3. Туғмаган ва туғилмаган.4. (Шунингдек),Унинг ҳеч бир тенги йўқдир. 
 
Баъзи уламоларимиз  "Ихлос" сураси ҳақида қуйидаги мулохазани айтганлар: Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборат. У жуда ҳам мўжаз ва мўъжиза бўлиб келгандир. У Аллоҳ таълони жамоли ва камолини очиқлаб келган. У Аллоҳни барча ожизлик ва нуқсон сифатларидан поклаб келган. 
 
Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:"Ким "Ихлос"ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ  таоло унга жаннатдан бир қаср қуради".
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтдилар:"Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб борар эдим. Ул зот бир одамнинг "Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус сомад," деб  қироат қилаётганини эшитиб, "Вожиб бўлди",-дедилар.
"Эй Аллоҳнинг расули нима вожиб бўлди ?"-дедим. "Жаннат,"-дедилар. Имом Термизий бу муборак ихлосу-муҳаббат билан тиловат  қилинса,  улуғ савобга ва юксак мақомга эришиши муқаррардир, дейдилар.
 
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб фақир ва қашшоқлигидан шикоят қилди. Унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: " Ҳар қачон ўз манзилингизга кирганингизда "Ихлос" сурасини ўқигин",-деб таълим бердилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилган эди, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ризқ эшикларини унга очди.
 
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят  қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча тўшакларига ётишда икки кафтларини очиб, "Қул ҳуваллоҳу аҳад", "Қул  аузу бироббил фалақ", "Қул аузу бироббин-нас" сураларини ўқиб, дам солар, сўнг баданларига қўллари етганича сурардилар, буни уч марта қилардилар. (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривояти).
 
Буюк олимларимиз марҳамат қилганларидек: Кавсар сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида тушгани каби  Ихлос сураси Аллоҳ таоло ҳақида нозил бўлган. Бу муборак сура бизларга Аллоҳ таолонинг ягоналигини, беҳожатлигини, туғмаган ва туғилмаганлигини ва  ҳеч бир нарса унга тенг эмаслигини, шериги йўқлигини таълим беради.
 
 
Бухоро шахар 
Сайфиддин Бохарзий масжиди 
Имом хатиби Камолов Равшан
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:20
Куёш: 07:20
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:40
Хуфтон: 20:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram