ИЙМОН ҲАЛОВАТИ
25 октябр 2016 й.
1274 марта ўқилди.

 ИЙМОН  ҲАЛОВАТИ

 
Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган жумла. Комил иймонга эга бўлмай иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва унинг расулини ҳаммадан кўра кўпроқ севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.
Хўш, Аллоҳ ва унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг ушбу саволга жавоблари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса Аллоҳ таолога муҳаббат Унинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир, Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат ҳам у суннатларини лозим тутишдан иборат.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам: - “Уч нарса борки улар кимда бўлса иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни ҳудди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши”, дедилар.
Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири бўлган комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас.
Мўминнинг қалбида фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолмаган кишигина буюк мақомга эришган бўлади. 
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидаги дуо бор: “Аллоҳим, албатта, мен сендан яхшиликларни қилишни, ёмонликларни тарк этишни, мискинларга муҳаббат қилишни, мени мағфират қилишингни ва менга раҳм қилишингни, қачон бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот эттиришингни сўрайман. Мен Сендан муҳаббатингни, сенга муҳаббат қилганларнинг муҳаббатини ва сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман”. Термизий ва ҳаким ривояти.
Демак одам амал билан Аллоҳ таолонинг муҳаббатига яқинлашар экан.
Хожагон тариқатининг асосчиларидан бири Абдулҳолиқ Ғиждувоний ҳам “Билгинки, дил ибодати муҳаббатдир” деганлар.
Банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб тошган бўлса, бундай қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундай банда бадани билан молу-мулк учун ҳаракат қилаётган чоғида ҳам унинг қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади. Бу Нақшбандийларнинг “Дил ба ёру, даст ба кор” шиорига амал қилган бўлади. Оқибатда қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлади. Қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлиб тошган бандага Аллоҳ таоло ҳақиқий маънодаги бойликни ато қилади ва уни қашшоқликдан қутқаради.
Аксинча, қалби маънавий-маърифий муҳаббатдан ҳамда Аллоҳнинг зикридан йироқ бўлган кимса очкўз бўлиб, доимий қашшоқликда қолиши ҳам турган гап.
Гап моддий маънодаги молу-дунёнинг кўп ёки озлигида эмас, балки банданинг ўша молу-дунёга бўлган муносабатидадир.
 
Луқмон Исоев, 
Бухоро вилояти Шофиркон тумани 
“Сайид Ато” жоме масжиди имом-ҳатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram