ИЗН СЎРАШ ОДОБИ
03 октябр 2018 й.
686 марта ўқилди.

 
ИЗН СЎРАШ ОДОБИ

Ислом дини инсонларни доимо гўзал одобга чорлаб келган. Негаки, одобли киши элга манзур. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг қатор оятларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг  одобларини мақтаган. Пайғамбаримиз уммат учун одоб борасида намуна эдилар. У зотнинг йўлларини тутганлар халқ олдида ҳам, Ҳақ олдида ҳам ҳурматларини йўқотмайди. 
Одобнинг тури кўп. Уни бир оғиз гап билан айтиб бўлмайди. Биз бу ўринда изн сўраш одоби ҳақида бироз тўхталмоқчимиз холос. Унинг бундан бошқа турлари ҳам мавжудлигини ёддан чиқармайлик. Бу борада кўплаб ҳадиси шарифлар зикр қилинган бўлсада, биз уларнинг айримлари билан чекланамиз.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз.
Бас, агар у(уй)ларда бирортани топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билгувчидир» (Нур сураси, 27–28 оятлар).
Муфассирлар бу оятнинг тафсирида бировларнинг уйига ижозатсиз кириш, назар ташлаш, уларнинг сўзини эшитишга уриниш, саломсиз кириб бориш мумкин эмаслиги, изн берилмагунча кутиб туриш, ижозат бўлмаганда қайтиб кетиш кераклигини айтиб ўтишган.
Бировларнинг хонадонига уларнинг изнисиз назар ташлаш нақадар оғир гуноҳ. Назар ташлаш шунчалик гуноҳ бўлса, эшикни тақиллатмасдан, ижозат сўрамасдан кириб бориш қандай бўлишини энди тасаввур қилиб кўраверинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадисдан билинадики, бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёкда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас экан. Чунки ноўрин кўз ташлаган одам уй эгаси, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Бу нарса ҳам гуноҳ, ҳам фитналарга сабаб бўлаши тайин.
Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга бирдек амал қилмоқлари лозим. 
Ҳузайл ибн Шурайҳбийл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти). 
Изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назари тушиб қолмаслиги учун, эшикка юзма-юз эмас балки эшикнинг ўнг ёки чап тарафида турса мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, бу амал суннат ҳам саналади.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва: «Ассалому алайкум, ассалому алайкум», дер эдилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ҳам ушбу мазмундаги ҳадис ривоят қилинган.
Шундай экан, одоб-ахлоқ чегарасини бузмайлик. Ўз фикримиз билан эмас, балки шариатнинг кўрсатмаси билан иш тутайлик. Ана шунда улкан ажр-савобларни қўлга киритамиз.

Ширинов Абдулатиф.
Ромитан туман “Хўжа Муҳаммад Бобойи Самосий” 
жомеъ масжиди имом хатиби

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram