ЖАННАТНИ ҲИДИ ҲАМ НАСИБ ЭТМАЙДИГАН КИМСАЛАР!
24 август 2018 й.
693 марта ўқилди.

ЖАННАТНИ ҲИДИ ҲАМ НАСИБ ЭТМАЙДИГАН КИМСАЛАР!

Жамиятда бирликнинг бузилишига, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч сингари табаррук туйғуларнинг камайиб кетишига боис бўлаётган иллатлардан бири ва ашаддийроғи борасида қуйида фикр юритмоқчимиз.

Барака – жамоатдадир. Яъни ҳамжиҳат бўлиб, бирлашиб, ўзаро аҳиллик билан яшашда барака бўлади, файз бўлади. Доноларимиз «Бир марта жанжал бўлган хонадондан қирқ кунлик барака қочади», – дейдилар. Дарҳақиқат, жанжал бўлган хонадондан барака қочади, файз қочади.

Хўш, мана шу жанжални келиб чиқишига энг катта воситалардан бири, инсонлар жамиятида бир-бирларига нисбатан ўзаро ишонч, аҳилликни йўқолишини сабаблари нимада? Бунинг энг катта сабабларидан бири «ФИРИБГАРЛИК» сингари иллатнинг жамият орасида кўпайиб бораётгани дейиш ўринли бўлади. Мана шу иллатнинг сабабидан инсонлар бир-бирига ишонмай қўяди.

Муқаддас ислом динимиз мана шундай иллатларга берилган кимсаларни қаттиқ таҳқирлайди, уларнинг ишини қоралайди. Қолаверса,  Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в): «Фирибгар ва ёмон хусусиятли кимса жаннатга кира олмайди», – деб марҳамат қилганлар.

Инсон ҳаёти мобайнида баҳоли қудрат яхши амаллар қилиб, жаннатга киришга, Аллоҳни дийдорини кўришга сабаб бўладиган хайрли амаллар қилади. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шафоатидан умид қилади. Аммо фирибгарлик сингари ёмон хусусиятларни ўзида акс эттирган, табиатига айлантириб юборган кимсалар юқорида айтилган энг улуғ бахтлардан мосуво қоладилар.

Мўмин кимса фирибгар бўлмайди. Қалбида иймони бўлган кимсалар ўзгаларни алдамайди, турли фитна-фасодларни чиқармайди. Бировни ҳаққини турли хил хурофотлар, маккорликлар-у, фириблар билан ўзлаштириб олмайди. Демак, азизлар, исломни даъво қилар эканмиз, қалбимизда иймонимиз бор дер эканмиз, мана шундайин иллатлардан ҳазар қилмоғимиз лозим бўлади. Нафақат ўзимиз, балки фарзандларимиз, яқинларимизни ҳам мана шундай иллатлардан сақламоғимиз лозим бўлади. Чунки, ҳар бир кимса қўл остидагиларидан сўралади.

Зотан мўмин киши ўзига раво кўрганни ўзгага ҳам раво кўриши, раво кўрмаганини эса, ўзгага ҳам раво кўрмайдиган бўлади. Мана шундагина комил мусулмон бўлади. Демак, ўзимизга жаннатни истаймизми, ўзимизга Аллоҳнинг дийдори, Расулуллоҳ (с.а.в)нинг шафоатларини хоҳлаймизми демакки дўстларимизга, фарзандларимизга, ака-ука, ёр-биродарларимизга бир сўз билан айтганда барча яқинларимизга буни истамоғимиз лозим бўлади.

Бир яқинимизни вафот этиши, бирон бир кимсани йўқотишимиз ҳақиқий айрилиқ эмас азизлар. Чунки тонгла қиёматда барчамиз тириламиз. Қолаверса, бу дунё фоний дунё, уни Яратгандан ўзга барча тарк этиши муқаррар. Аммо ўзингиз жаннатга кирсангиз-у, яқинингизни у ерда топа олмасангиз, Ўзи асрасин дўзахда бўладиган бўлса, мана бу ҳақиқий айрилиқ бўлади. Мана шундай азим айрилиқдан асрасин.

Мулоҳазаларимиз сўнгида жамиятимиздаги бирлик, ҳамжиҳатлилик ва аҳиллик, истиқлолимиз, ҳурриятимиз абадий бўлсин деймиз.

Бухоро шаҳар «Халифа Худайдод» масжиди имом-хатиби О.Саъдуллаев

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram