Қабр - биз учун ибратдир
03 ноябр 2018 й.
551 марта ўқилди.

 
Қабр - биз учун ибратдир

     Қабр томон елкада кўтариб бориладиган тобутлар ақли расо кишиларга катта ибратдир. Жаноза маросимига қатнашган инсонлар эслатма ва ўгит олишлари керак. Тобут ғафлатдаги кишилар учун ҳеч қандай маъно касб этмайди, фақатгина ғам-ғуссалари ортади. Чунки ғофиллар тобутда ўзидан бошқаларни кўради. Эртами-индинми ўзи ҳам шу тобутга тушишини ўйламайди. Ёхуд бир кун ўзи ҳам шу тобутда ётишини озми-кўпми ўйласалар-да, лекин буни жуда узоқ муддатга сурадилар. Хаёл қилмайдиларки, бу тобут ичидаги ҳам шундай деб ўйларди. Лекин ҳисоб-тахмин хато бўлиб чиқди. Сўнгги кунлари шошилиб кела қолди. Ичида маййит ётган тобутни кўрган ҳар киши ўша ётган менман, деб ўйламоғи керак. Чунки ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўзи ҳам албатта унинг ичида ётади.
    Биз яқинда бир жаноза маросимида шундай ҳолатни кўрдик жанозага одамлар тўпланди. Кўпчилиги кулиб, сурбетларча ёқимсиз қилиқлар қилишди. Ҳали маййит қабрга қўйилмасиданоқ бутун гап-сўз унинг мероси ва уни бўлишиб оладиган ворислари тўғрисида эди. Ҳеч қайси бири ўз жанозасини ва тобутга қўйилганида атрофида қандай гап-сўз бўлишини асло ўйламас эди.
    Бу ғафлатнинг сабаби гуноҳлари кўплигидан қалблари ғамга ботади? Чунки биз Аллоҳни, қиёмат кунини ва келажакда бизни кутаётган таҳлика ва даҳшатларни унутганмиз. Биз мутлақ бефойда нарсалар билан вақтимизни ўтказамиз. Аллоҳдан бизни бу ғафлат уйқусидан уйғотишини сўрамаймиз. Жанозада ҳозир бўлганлар учун энг яхши ҳол - йиғламоқдир. Агар ақллари бўлсайди, ўликка эмас, ўз ҳолларига йиғламоқдир.
    Иброҳим Зайёт: "Биз ўликка эмас, ўз ҳолимизга йиғлашимиз керак. Агар ақллари бўлсайди, ўликка эмас, ўз ҳолларига йиғлардилар", деганлар.
    Иброҳим Зайёт бир ўликка раҳмат сўраб, дуо ўқиётган бир гуруҳни кўради. Дейдики: "Агар ўз нафсларингизга раҳмат сўраб, фотиҳа ўқисайдингиз, сиз учун хайрлироқ бўлар эди".
    Тафаккур, ибратланиш, сафарга ҳозирланиш ва тобут олиб кетилаётганда тавозе билан юриш, ўлган киши ҳатто фосиқ бўлса ҳам, у ҳақда ёмон фикрларга бормаслик жанозада ҳозир бўлганлар одобидан ҳисобланади. Киши ўз нафси ҳақида, ҳаттоки, кўзига яхши кўринса ҳам, ёмон фикрда бўлиши керак, лекин ўлик тўғрисида асло ёмон хаёлга бормаслиги лозим.
    Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: "Ё Аллоҳнинг Расули, инсонлар орасида нафсоний орзуларидан энг тез қутулиб кетадиган ким?". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: "Қабрни ва ўзини кутиб турган балоларни унутманган, дунёвий завқ ва орзуларини ташлаб кета оладиган, мангу нарсани ўткинчисидан афзал билган ва нафсини қабр аҳлидан бири деб ҳисоблай олган киши нафсоний орзуларини тез тизгинлаб олади".
    Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан: "Нима учун мозорга яқин жойда яшайсиз?" - деб сўрашди. "Мозор қабрлар менинг энг яхши ва содиқ қўшниларим. Улар тилларни ёмон сўз айтишдан қайтариб, охиратни эслатади", - деб жавоб бердилар.
    Усмон розияллоҳу анҳу йўл устида бирон қабрга дуч келганларида тўхтар ва шундай йиғлардиларки, соқоллари кўз ёшларидан жиққа ҳўл бўлиб кетарди. Бир куни у кишидан сабабини сўраб: "Жаннатни ҳамда жаҳаннамни эсга олган чоғизда йиғламайсиз, қабр бошига келиб, ўзингизни йиғидан тўхтатолмайсиз?" - дейишди. Ҳазрат Усмон бундай дедилар: "Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломдан эшитганман. У киши айтардиларки: "Қабр охират йўлининг биринчи қўналғасидир. Агар киши қабрдаги сўроқдан омон чиқса, ундан у ёғи осон кечади. Агар у ерда сўроқдан омон чиқмаса, у ёғи машаққатли бўлади".
    Мужоҳид дейди: "Одамзод ўлган чоғида унга биринчи бўлиб қабр чуқури хитоб қилади: "Мен ҳашарот уясиман. Мен ёлғизлик, мен ғурбат, мен зулмат уйиман. Мен сенга ҳозирча шуларни ҳозирладим. Сен менга нима ҳозирлаб келдинг?".


Каримов Олимжон

Пешку туман "Хўжа Пешку" жомеъ масжиди имом хатиби. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram