Қабристонни обод этайлик!
04 июл 2019 й.
207 марта ўқилди.


 Қабристонни обод этайлик! 

Муқаддас динимизда қабристонни зиёрат қилиш катта савоблар қаторига киритилган. Зеро, марҳумларнинг қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуода бўлиш инсоний бурчимиздир. 
Аллоҳнинг каломи ва ҳадиси шарифларда қабристон зиёратига алоҳида урғу қаратилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, бунда зиёрат қилувчилар учун кўплаб манфаатлар мавжуд. 
Жумладан Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида қуйидагича марҳамат қилади:
يُسَبِّحُ لِلَّهِ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِ ٱلۡمَلِكِ ٱلۡقُدُّوسِ ٱلۡعَزِيزِ ٱلۡحَكِيمِ

“Осмонлару ердаги барча нарсалар Хожа, Бенуқсон, Азиз, Ҳаким Аллоҳга тасбиҳ айтадир”.  (Жумъа сураси.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрларни  зиёрат қилинглар, чунки у дунёга берилиб кетишдан сақлайди ва охиратни эслатади”, деганлар  (Ибн Можа ривояти). 
Бошқа ривоятда “қалбларни юмшатади, кўзларни ёшлатади”, дейилган бўлса, яна бир ривоятда “ўлимни эслатади”, дейилган. Яна бошқа бир ривоятда “қабрларни зиёрат қилишда сизлар учун ибрат бордир”, дейилган. 
Қабрларни зиёрат қилишга тарғиб этилишидан кўзланган мақсад, дўнёнинг ўткинчилиги, ўлим ва охиратнинг ҳақ эканлиги эслатиш, бир кун келиб зиёрат қилаётган киши ҳам шу манзилгоҳдан ўз жойини олиши ва қилмишларига яраша муносабат кўришини эслатишдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжонлар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, вилоятимизда мунтазам равишда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Миллий қадриятларимизни асраш, ўтган аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни обод қилиш мусулмончилик вазифамиздир. Чунки, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари атрофга ўзгача файз, гўзаллик, қалбга сурур-ифтихор бахш этади.
Маълумки, лоқайдлигимиз ва эътиборсизлигимиз натижасида кўплаб қабристонлар ночор ва ташландиқ аҳволга келиб қолган, айрим қабристонлар ҳудудини девор билан ўраш ишлари олиб борилмаган, ободонлаштириш ишлари ва хайрия ҳашарларига аҳолини фаол жалб этишга етарли даражада эътибор қаратилмаган, қабристонлар ҳудудларида қуруқ ўт, барг, шох-шаббалар ёқиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш, уй ҳайвонларини боқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунингдек, қабристонларга тегишли ҳудуддаги ерлар ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб, уй-жой қуриш каби диний ва миллий қадриятларимизга зид ишларга йўл қўйилаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.
Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш, бу масканларни халқимизнинг зиёрат қилиши, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш ва уларнинг самарадорлигини янада ошириш муҳим вазифалар қаторига киради. 
Динимизда қабристонларнинг қандай бўлиши борасида етарлича маълумот берилган. Ҳадиси шарифларда қабристондаги қабрларни бир-биридан фарқ қилмаган ҳолда бир текис бўлиши айтилган. Яъни, бири баланд, бири паст, бўлиши дуруст эмас. Чунки, бу қабрда шоҳ ҳам, гадо ҳам, эркак ҳам, аёл ҳам, ёш ҳам, кекса ҳам бирдек эканлигига ишорадир. Қабрнинг ташқи кўриниши унинг остидаги ҳолат қандай эканлигидан далолат бера олмаганидек, унга фойда ҳам келтирмайди. Шундай экан, қабрларни ҳаддан ташқари ҳашамдор қилиб, унга қимматбаҳо тошлардан ҳайкал, сурат ва қабр тошлари ўрнатиш, уларга  марҳумнинг исми шарифи ва ҳоказоларни ёзиш мутлақо дуруст эмас. Хусусан, Қуръони карим оятларини ёзиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, бу Аллоҳнинг оятини таҳқирлаш саналади.
Худди шунингдек, қабрни умуман қаровсиз, ташландиқ ҳолатда қолдириш ҳам тўғри эмас.
Қабристонлар ўтган аждодлари ва қадриятларини қадрлайдиган кишилар томонидан асралмоғи ва обод қилинмоғи лозим. Яъни, қабристон ҳудудини панжара ёки девор билан ўраш, унга кириш учун алоҳида йўлак очиш ва дарвоза ўрнатиш, чорва ёки ёввойи ҳайвонларни киришидан сақлаш, зиёратга келганлар қабрларни босмай ўтишлари учун қулай йўлкалар ўтказиш, тиловат ва дуо қилиш учун махсус ўриндиқлар ўрнатиш, зиёратга келган кишиларга зиёрат одобларини эслатиб, ножоиз, хурофий амалларни қилишларидан қайтариш динимиз кўрсатмаси ҳисобланади.
Афсуски, айрим қабристонларда аҳвол кўнгилдагидек эмас. Баъзи қабристонлар қаровсиз ҳолда ётгани аён. Баъзи қабрларнинг йиллаб тозаланмагани ҳам билиниб турибди. Айрим қабристонларда чиқиндилар йиғилиб ётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Ахир, яқинларимиз ётган қабрни ўзимиз тозаламасак, биров келиб тозалаб кетмайди-ку.
Албатта, мусулмон киши барча қилган яхши амаллари учун Аллоҳ таолодан ажрини умид қилади. Қабристонга бориб, у жойда ўзига керакли ибрат олиши ва охират ҳақида мушоҳада қилиши, у инсоннинг бу дунёда кўпроқ яхши амалларни қилишига сабаб бўлади. 
Вилоятимиз ҳокими бошчилигида аждодларимиз қўним топган, хусусан Абу Ҳафси Кабир ҳазратлари дафн этилган “Ҳазрати имом” қабристонининг обод бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда қабристон атрофидаги қарийб минг мертлик девор қайта тикланмоқда, таъмир талаб бўлиб қолган қабрлар таъмирланмоқда, дабдаба билан қабрлар устига ўрнатилган айвонлар, турли панжара, бетон, мармар каби ортиқча нарсалар муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимиз кўрсатмасига мос ҳолда олиб ташланмоқда. Зеро,  барча нарса Аллоҳга тасбеҳ айтар экан, биз қабрлар устига айвонлар қуриб ва атрофларини мармар ва бетонлар билан ўраб майсалар ўсишига тўсқинлик қилмоқдамиз.
Қабристоннинг ташқи кўринишини обод қилишга эътиборимизни қаратиш билан бирга, марҳумларни хотирлаганимизда ва қабристонларга зиёратга борганимизда, биз тирикларнинг зиммамиздаги ҳақларини ихлос билан адо этишимиз, қабристонларга кирганимизда кулишдан, баланд овозда гаплашишдан, ортиқча ҳаракатлардан тийилиб, одоб-ахлоқни ўзимизга лозим тутсак, қабристонларимизнинг ҳар томонлама обод бўлишига ўз хиссамизни қўшган бўламиз.

Бухоро шаҳар “Абу Ҳафс Кабир” жомеъ масжиди 
имом хатиби Абдуллаев Акрам.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram