ҚУРЪОННИ ФАҚАТ ПОКЛАНГАНЛАРГИНА УШЛАЙДИ.
15 январ 2016 й.
1568 марта ўқилди.

 ҚУРЪОННИ ФАҚАТ ПОКЛАНГАНЛАРГИНА УШЛАЙДИ.

  Инсонларни фақат эзгуликка бошловчи Қуръони Карим мўъмин мусулмонлар томонидан асрлар давомида тиловат қилиниб, Унинг ҳаёт бахш ҳукмларига амал қилиб келинмоқда. Унинг оятларини гўзал овозли Қуръон ҳофизлари  тиловат қилганда илоҳий каломни эшитган ҳар бир қалб унинг жозибасидан баҳра олган. Қалбларга шифо, руҳга озуқа бўлган  ушбу муборак Каломни Аллоҳ таоло ҳимоясини Ўз зиммасига олган. Қуръони каримда бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
 

قال الله تعالي: إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ

   Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз. (Ҳижр-9)  
Ушбу зикрдан мақсад Қуръондир. Шунинг учун ҳам нозил бўлганидан то ҳозирги вақтгача оятларини ҳеч ким ўзгартира олмаган ва олмайди ҳам, унга зарар етказиш ва ўзгартириш киритиш учун қанчадан-қанча урунишлар бўлган. Аммо Аллоҳ таоло оятда берган ваъдасининг устидан чиқди. 
  Аллоҳ таоло Каломини ҳифзу ҳимоя қилиши фақат шу билан чегараланиб қолмайди. У зот Қуръон Каримни тиловат қилувчиларни эҳтиётлик билан тиловат қилишга, ҳар бир ҳарфларини ўз ўрнидан чиқариб ўқишга чақиради. Муззаммил сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
 

قال الله تعالي وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا  

«Қуръонни тартил билан тиловат қил». Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади. Шунинг учун мусулмонлар ўзларининг муқаддас китоблари бўлмиш Қуръони каримни эъзозлаганлар ва доимо  пок ушлашликни бурчлари деб билганлар. 
 
   Уламоларимизнинг фиқҳий асарларида бу мавзуда кўп масалалар ёритилган.
 Қуръони каримни таҳоратсиз ёки жунуб бўлган кишиларнинг ушлаши жоиз эмас. Агар Мусҳаф ғилофлик бўлиб, ғилофи ёпишмаган бўлса, ушлаши мумкин. Аллоҳ таолонинг:
 

قال الله تعالي: لَايَمَسُّهُ إِلَّاالْمُطَهَّرُون

«Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган ояти бу сўзимизга далилдир. Қуръони Каримни ушлаш учун таҳоратли бўлиш вожиблиги ҳақидаги ҳукм ушбу ояти каримадан олинган.
 
  Таҳоратсиз ёки жунуб киши Мусҳафни зарурат пайти енги билан ушласа, ҳечқиси йўқ. Зарурат бўлмай туриб  мусҳафни енги билан ушлаши макруҳдир. Чунки, кийим ушловчи кишиники ва унинг бир бўлаги ҳисобланади. Жунуб киши, ҳайз ва нифос кўрган аёл покланмагунча, Қуръони каримни тиловат қилиши мумкин эмас. Бу сўзимизга Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйдаги ҳадислари далилдир: 
 

عن إبن عمر رضى لله عنه قال: قال رسول لله صلي لله عليه وسلم:" ﻻ يقرأ الحائض ولا الجنب شيئا من القرآن . رواه الترمزي و ابن ماجه و ابو داود.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайз кўрган аёл ва жунуб киши Қуръондан бирор нарса ўқимайди », дедилар.
Аммо ҳайзли аёл таълим учун ҳарф-ҳарф қилиб ўқиса, жоизлигига уламолар фатво берганлар.
 
Имом Таҳавий: «Ҳайз кўрган аёл ва жунуб киши Қуръондан баъзи оятларни ўқиши жоиз, агар бисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ каби Қуръон ирода қилинмаган калималар бўлса», деганлар. Мазкур шахслар тафсир, ҳадис ва фиқҳ китобларини ҳам ушлашлари яхши эмас. Чунки, у китобларда ҳам ояти карималар бор. Агар Қуръони Каримнинг сувга оқиши, оловда куйиши, нажосатга тушиши каби хавфлар бўлса, мазкур кишилар уни асраш учунгина ушлашларига ижозат берилган. Ҳатто таҳоратсиз Қуръони Каримни варақлаш ҳам мумкин эмас. Аммо қаламга ўхшаш нарса билан варақлашга рухсат бор. Шунингдек, кичик болалар Қуръони Каримни ушласа бўлади. 
 
Қуръони Каримнинг оғзаки тиловатида эса, жунуб киши билан таҳоратсизнинг ҳукми турлича. Таҳоратсиз кишига оғзаки тиловатга ижозат берилган бўлиб, ёддан ўқиса бўлади. Аммо жунуб кишининг оғзаки тиловат қилиши жоиз эмас. Аввалги вақтларда баъзи дирҳамларда «Ихлос» сураси ёзилар эди. Демак, сура ёзилган нарсаларни ҳам, таҳоратсиз кишилар ушлаши мумкин эмас.
 
    Ҳайз кўрган аёл ва жунуб киши зикр, тасбеҳ ва дуо қилиши жоиздир. Бу тоифадаги кишилар фақат Қуръон ўқишдан манъ этилганлар. Зикр, тасбеҳ ва дуо қилишдан эмас.
     Ҳидоят маёғи бўлган Қуръони Каримни Аллоҳ таоло ана шундай ўзига хос поклик билан асради.  Биз ожиз инсонларнинг бу борадаги илмимиз дарёнинг бир томчиси десак ҳам мақтанган бўламиз. Чунки, илмимиз ундан ҳам оздир.
 
   Қуръони Карим ҳидояти барча унга амал қилувчиларни икки дунё саодатига бошлайди. Илоҳий дастурнинг ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари Аллоҳ таолонинг мўжизасидир. Қуръони Каримни ўта аниқлик билан Аллоҳ таоло қандоқ нозил қилган бўлса, шундоқ авлоддан - авлодга етиб келишида ўз куч ғайратларини аямаган ҳофизлардан, уни пок сақлашликнинг барча йўлларини ўрганиб ўзларининг мўътабар асарларини бизга энг зўр мерос қилиб, қолдириб ўтиб кетган фуқаҳоларимизни Аллоҳ таоло ўз раҳмат ва мағфиратига сазовор айлаган бўлсин.
 
 
Болои Ҳавуз жомеъ масжиди
имом хатиби
Жобиржон Элов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram