ҚАНОАТ – ТУГАНМАС БОЙЛИК
13 октябр 2020 й.
105 марта ўқилди.

 

ҚАНОАТ – ТУГАНМАС БОЙЛИК

Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, гина, адоват, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади. Дунёда хотиржам ҳаёт кечиради.
Қаноат – саодат асоси. Мусулмон киши агар қаноат ва ризони ҳис қилсагина иймон ҳаловатини топа олади. Қаноатнинг фойдалари ниҳоятда кўп. Қаноат билан мусулмон ризо ва саодатга ва яхши ҳаётга эришади. 
Одамда ҳар қандай инсон дунё ва унинг ичидаги нарсаларни яхши кўришга мойил бўлади. Саодат инсоннинг барча хоҳлаган нарсаларга эришиши эмас, ўзини ҳузуридаги нарсага қаноат қилган инсон ундан бахтлироқ ҳисобланади. 
Қаноат – Аллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризққа рози бўлиш, бу эса нажотга эришиш сабабларидандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизга қаноатни лозим тутинг, чунки қаноат туганмас бойликдир”, –дедилар Табароний ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тақводор бўл! Одамларнинг обиди бўласан, қаноатли бўл! Одамларнинг шукрлиси бўласан, ўзинг яхши кўрган нарсангни одамларга ҳам яхши кўр! Мўмин бўласан, қўшнингга яхшилик қил! Мусулмон бўласан, кулгуни озайтир! Албатта, кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради”, –дедилар.
Саид ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғилларига: “Эй ўғлим, агар бойликни талаб қиладиган бўлсанг, уни қаноат билан талаб қил. Агар қаноат бўлмаса, мол-дунё сени тўйдирмайди”, деганлар.
Улуғларимиздан Бишр Хофий айтадилар: “Қаноат – мулкдир, у фақат мўминнинг қалбида жойлашади”.
Абу Бакр Мароғий: “Оқил – дунё ишини қаноат ва кейинга қолдириш билан, охират ишини ҳирс ва тезлик билан, дин ишини эса илм ва тиришқоқлик билан бажарадиган кишидир”, – деганлар.
Муҳаммад ибн Али Термизий айтадилар: “Қаноат – нафснинг тақсим қилинган ризққа рози бўлишидир”.
Яна айтиладики: “Кимнинг қаноати кўп бўлса, унинг ҳар бир таоми ёқимли бўлади. Кимки ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога қайтса, Аллоҳ уни қаноат билан ризқлантиради”.
Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз “Маҳбубул қулуб” асарида бу ҳақда шундай ёзадилар:
“Қаноат – бир чашмадир, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадир, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди; у бир экинзор, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдир, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бор.
Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони тамагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.
Шоҳ улдур – олмайди-ю, беради, гадо улдур – сочмайди-ю, теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғон, унга кирсанг, нафсинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққи, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан халос бўласан. Қаноат ҳокисорликдир, натижаси юксаклик, у – муҳтожлик, фойдаси эҳтиёжсизлик. Қаноат экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; йўлидир, (йўлчилиги) қаттиқ, лекин борар манзили севинтирувчидир.
Қаноатда қанча роҳат ва фароғат бўлса, унинг акси тамада шунча разиллик ва уқубат бор.
Хасис табиатли одамнинг дўсти тиламчи ва нокасдир; разолат уларнинг феъл-атворига мосдир. Улар муносабатига камситиш ва енгилтаклик хосдир. Ҳар кимда бу сифатлар мавжуд бўлса, бундай одамни халқ ёмон кўради. Ана шу туфайли нокаслик, разиллик ривожланади, одамгарчилик ва инсонийлик эса завол топади. Булар ор-номус уйини куйдирувчи бир ўтдир; иззат-ҳурмат хирмонини совурувчи ва улуғворлик шамини ўчирувчи бир елдир. Тамагирнинг бирор нима олишга ўчлиги худди еб-тўймаснинг таомга очкўзлигига ўхшайди. У бири тубанлар ҳаракати бўлса, бири ҳайвонлар одатидир.
Қаноат шундай бир жавҳарки, элни тамагирлик ва нокаслик балосидан халос қилади ва халқни бундай офатдан қутқаради. Тамагирлик ва нокаслик гўё икки ёқимсиз эгизаклар: униси бундан ёмон, буниси ундан ёмон – иккаласи ҳамма ёмондан ёмон”.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, бу дунёда Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасига ҳам, яхши кўрмайдиган бандасига ҳам бойлик бераверади. Муҳими инсон охират учун фойдали ишларни қилишидир. Ким охират ҳақида фикр қилса, унда қаноат ҳосил бўлади. 

Бухоро шаҳар “Саид по Банди Кушо” масжид 
имом-хатимби Нурулло Яхёев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:46
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram