КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ - ОЛИЙ ФАЗИЛАТДИР
07 июн 2015 й.
2272 марта ўқилди.

 КЕКСАЛАРНИ  ЭЪЗОЗЛАШ - ОЛИЙ  ФАЗИЛАТДИР

 
 
“Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ  
одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги
 унинг маданий даражасини белгилайди” 
И.Каримов.
 
 Мамлакатимизда ҳар йилни ўзига хос ном билан аталиши замирида инсон манфаатлари ҳимояси, миллий ва диний қадриятларимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром мужассам. Янги – 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши бу борадаги хайрли ишларнинг узвий давомидир.
 
Муҳтарам Юртбошимиз Асосий Қонунимиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанада алоҳида таъкидлаганларидек: “Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди”. Дарҳақиқат, шундай: кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган.  
 
Муқаддас динимизда ҳам катталарга ҳурмат кўрсатиш кенг тарғиб этилади. Расулиллоҳ (с.а.в) марҳамат қилганлар: “...катталаримизнинг ҳурматини билмаган биздан эмас” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
 
Кексаларни эъзозлаш, биринчи навбатда – ота-онанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Зеро, ўз ота-онасини қадрламаган инсон бошқаларга ҳурмат кўрсатмайди. 
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро,23). Ота-онага яхшилик қилиш шу қадар улуғ амал эканки, Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда зикр этилган.
 
Қуръони каримда ота-онага яхшилик ва итоат қилишга буюрилган оятлар кўп. “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Аҳқоф, 15).
 
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (а.с.)дан “Амалларнинг қайси бири афзал?” деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин нима?” дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар...”
 
Ота-онани улуғлаш борасида ғазал мулкининг султони ҳазрат Мир Алишер Навоий шундай сатрлар битган: 
 
Бошни фидо қилғил ато бошиға, 
 Жисмни қил садқа ано қошиға.
Тун-кунингга айлагали нур пош,  
Бирисин ой англа, бирисин қуёш. 
 
Икки олам сарсари пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ўзларининг ҳадиси шарифларида шундай деганлар. “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган биздан эмас”. Бошқа бир ҳадиси-шарифда шундай деганлар “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар эмизикли чақалоқлар ва ўтлаб юрган жониворлар бўлмаганида, бошларингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди”. Муқаддас динимиз Ислом таълимотига кўра биз ёшлар кексаларимизни эъзозлаш билан бир қаторда уларни панд-насихатларини олиб ҳаётимиз фаровон, юртимиз тинч бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло берган улуғ неъматлардан бири бўлган тинчлик ва ҳотиржамлик неъматини қадрига етиб уни асраб авайлашимиз, алдамчи ва ёт ғояларга чалғимаслик, ота-оналаримиз, кексаларимиз ва Она Ватанимиз олдидаги ҳар биримизнинг бурчимиздир.
 
Шофиркон тумани “Ҳожа Шарофиддин” 
жоме масжиди имом-хатиби  Улуғбек  Ибодов.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:58
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram