Кибр ва мутакаббирлар
16 ноябр 2018 й.
67 марта ўқилди.

 
Кибр ва мутакаббирлар

    Инсонни икки дунё саодатидан тўсадиган, уни тубанлик ва хорлик сари етаклайдиган энг ёмон иллатлардан бири кибр-ҳаводир. Аллоҳ таоло кибр ҳаволи, мутакаббир кимсаларни огоҳлантиради: "Албатта, менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар”. (Ғофир, 60)
    Яна бир оятида бундай кимсаларга қарата: "Ер юзида кибрланиб юрма. Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан”, дея танбеҳ беради. (Исро, 37)
    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло кибриё (улуғлик) ридоимдир. Азимлик изоримдир. Ким уларнинг иккисидан бирида Мен ила низо қилса, уни дўзахга ташлайман, деган”, дедилар.
    Демак, кибр ва иззат фақат Аллоҳга хос экан, бу сифатлар бандага тўғри келмас экан. Ким бу сифатларни Аллоҳ билан талашса, яъни, шу сифатлар билан сифатланишга уринса, Аллоҳ таолонинг азобига учрайди. Аллоҳ таолонинг "Кибриё (улуғлик) ридоимдир. Азимлик изоримдир” дейиши бу икки сифат Аллоҳга худди мазкур икки кийим кишига лозим бўлганидек лозим эканига ишорадир.
    Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир кишининг либоси туфайли кибрланаётганини кўриб: "Ер юзида ҳам шайтоннинг туғишганлари кўп. Шайтон кибрга берилиб, Одамни менсимагани учун Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум этилган эди", дедилар.
    Имом Ғаззолий: "Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир", дедилар.
    Дарҳақиқат, куфр ва маъсиятдан каттароқ бало-офат йўқдир. Кибр-ҳаво туфайли инсонлар ҳақиқатни кўрмайдилар, шу сабаб шайтон уларни осонлик билан ўз измига солади: осонгина турли хил бузуқ йўлларга кирадилар, ботил ақидаларга эргашиб кетадилар. Бундай адашишлар эса жамият ҳаётини издан чиқади, парокандаликлар келтириб чиқаради.
    Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: “Бирон кимса мусулмонлардан ҳеч бирини камситмасин. Зеро, мусулмонлар ичида ҳақир бўлган киши Аллоҳ наздида улуғдир”.
    Ваҳб ибн Мунаббиҳ роҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратгач, унга қараб: “Сен барча мутакаббир кимсаларга ҳаромсан”, деди”.
    Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн роҳимаҳуллоҳ дедилар: “Инсон қалбига қанча кибр кирса, албатта, шунча миқдорда ақли камаяди: кибр қанча кўп бўлса, ақл шунча оз, кибр қанча оз бўлса, ақл шунча кўп бўлади”.
    Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумо дедилар: “Шайтоннинг тузоқ ва қопқонлари бор. Аллоҳнинг неъматларига ношукрлик қилиш, Аллоҳ берган нарсалар билан фахрланиш, Аллоҳнинг бандаларини менсимаслик ва Аллоҳ рози бўлмайдиган ўринларда хоҳиш-истакка эргашиш шайтоннинг тузоқ ва қопқонларидандир”.
    Иллатларнинг даъвоси илм-маърифатдир. Имон илм билан мукаммаллашади. Илм нафсни тарбиялайди. Эзгулик, адолат, фидойилик ва ватанпарварликни ўргатади.


Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 

жомеъ масжиди имом хатиби. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram