Кўп овқат емоқни зарари ҳақида
17 март 2016 й.
1519 марта ўқилди.

 Кўп овқат емоқни зарари ҳақида

Қадимда ўтган ҳукмдорлардан бири донишманддан сўради: «Бир кунда қанча овқат ейиш керак?». Ҳаким жавоб берибди: «Юз дирҳам оғирлигича ейиш кифоя!» Бу овқат қанча қувват беради? деб сўради ҳукмдор. Ҳаким жавоб берибди. «Шу миқдор овқат есанг, у сени оёқда кўтаради, ортиқ есанг, сен у овқатни кўтарасан.
 
Емак лозим яшамоқ, сўйламакка
Сен ўйлайсан, ҳаёт керак емакка.
 
Ҳақиқатда, бугунги кунда озиқ-овқатни кўп истеъмол қилишнинг соғлиққа зарари кун сайин ортиб бормоқда. Асримиздаги кўпгина касалликлар мана шунинг оқибатида келиб чиқмоқда. Дунёдаги ўта ривожланган давлатларнинг аҳолиси ортиқча вазндан азият чекишмоқда. Ҳатто уларнинг фарзандлари ҳам бу касаликка мубтало бўлишган. Ҳаётни фақат ей-ичиш, маишатдан иборат деб тушунадиганлар қаттиқ адашадилар. Ортиқча таом инсон учун фойда эмас, балки кони зарардир. Миқдом ибн Маъдийкарб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир» дедилар. 
Шайх Саъдийнинг «Гулистон» асарларида шундай ҳикоят келади: Хуросонлик икки дарвеш биргаликда сафарга чиқишди. Улардан бири заиф эди, чунки кун оралатиб кечқурун ифтор қиларди. Иккинчиси бақувват эди, чунки кунда уч маҳал овқатланарди. Тасодифан уларни бир шаҳарда жосусликда айбдор қилдилар, ҳар иккалаларини бир хонага қамаб, эшикни лой билан суваб ташладилар. Орадан икки ҳафта ўтгач, уларнинг гуноҳсиз эканликлари маълум бўлиб қолди. Эшикни очиб қарашса бақувват одам ўлиб, заифи тирик қолибди. Бу ҳол ҳаммани ҳайратга солди. Бир донишманд деди: «Агар аксинча бўлганида таажжубланишга арзирди, зероки, улардан бири кўп овқат ейишга одатланган эди, очликка бардош бера олмай ўлди. Буниси, овқатни жуда оз ейишга одатланган эди, ночор сабр этиб, ҳалокатдан халос бўлди.
 
Одам оз емоқни одат айласа,
Бошга очлик тушса чидай билади.
Фаровонлик ичра кўпга ўрганган
Тангликда қолганда очдан ўлади.
Кўп ема, оғзингдан чиқиб кетмасин.
Оч юрма заифлик жондан ўтмасин
Овқатдан танага келади лаззат
Аммо ортиқчаси келтирар заҳмат.
Гулшакар зарардир кўп есанг агар
Меъёрида есанг, нон ҳам гулшакар
Меъда тўлиб кетиб, оғриса қорин
Нафи бўлмас дори-дармонлар барин.
 
 
«Хўжа Абдуллоҳ Сафедмўй» масжиди имоми: 
Муқаддамов Ж. 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram