ҚУЁН ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ? ҳалол_ҳаром
03 декабр 2021 й.
128 марта ўқилди.

 
ҚУЁН ГЎШТИ ҲАЛОЛМИ?
ҳалол_ҳаром 

840-CАВОЛ: Қуён гўштини ейиш мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Қуён динимизда гўшти ҳалол қилинган ҳайвонлар сирасига киради. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уни танаввул қилганлари манбаларда келтирилган.
عن أنس بن مالك ـ رضى الله عنه ـ قَال: أَنْفَجْنَا ـ أي أَثَرْنا وَنَفَّرْنَا ـ أرنبًا بمرِّ الظهران فسعى القوم عليها فلغبوا ـ تعبوا وعجزوا ـ فأدركْتها فأخذْتها وأتيت بها أبا طلحة، فذبحها وبعث إلى النبي ـ صلى الله عليه وسلم ـ بِوَرِكِهَا وفخْذها فَقَبِلَهُ. (رواه الإمام البخاري). 
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Биз бир қуённинг изига тушдик. Одамлар тута олмасдан, чарчашиб, кетиб қолишди. Мен пойлаб ўтириб, уни тутиб олиб, отам Абу Талҳанинг олдига олиб келдим. Отам уни сўйиб, бир сонини Пайғамбар алайҳиссаломга мендан бериб юбордилар. У зот уни қабул қилиб олдилар", — деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Шунинг учун ҳам Имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад раҳимаҳумулоҳлар каби Аҳли сунна мазҳаббошиларининг барчалари қуён гўштини ейишни ҳалол, дейишган. Шунингдек, фиқҳий манбаларимиздан "Мухтасар ал-Виқоя” китобида:
وَ حَلَّ الْأَرْنَبُ مَعَ الذَّكَاةِ 
“Қуён “бисмиллоҳ” айтиб сўйиш билан ҳалол бўлади”, дейилган.
Лекин шунга қарамай кейинги пайтларда Аҳли сунна уламолари деярли иттифоқ қилишган ушбу масала ҳақида кўплаб саволлар туғиляпти. Ҳақиқатан ҳам тўрт мазҳаббоши имомлардан бошқа айрим уламолар қуён гўштини макруҳ дейишган ва улар ўз сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган:
عن خزيمة بن جزء ـ رضي الله عنه ـ قال: قلت: يا رسول الله ما تقول في الأرنب؟ قال ـ صلى الله عليه وسلم ـ لا آكله ولا أُحَرِّمه” قال: فقلت: ولم يا رسول الله؟ قال ” إني أحسب أنها تَدْمِى” أي تَحيض
Хузайма ибн Жаз разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен, ё Расулаллоҳ, қуён борасида нима дейсиз?" дедим. Шунда У Зот: "Мен емайман ҳам ҳаром қилмайман ҳам", дедилар. Шунда мен: "Нима учун, ё Расулаллоҳ?" дедим. У Зот: "Уни қон кўради, деб ҳисоблайман", дедилар. Яъни, ҳайз кўради".    
Бу ҳадисга бир неча томондан жавоб бериш мумкин. Биринчидан, ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом фақат ўзлари истеъмол қила олмасликларини баён қилмоқдалар ва уни умматларига тақиқламаяптилар. Иккинчидан, бу ерда емайман, деган бўлсалар, бошқа ўринда уларни ҳадя қилиб берилган пиширилган қуён гўштини қабул қилганликлари келтирилади. Яна бир ҳадисда эса ейишга буюрганлари келган:
عن محمد بن صفوان أنه صاد أرنبين فذبحهما بمَرْوَتَيْن ـ حَجَرَيْن لهما حدٌّ ـ وأتي النبي ـ صلى الله عليه وسلم ـ فأمره بأكْلهما. (رواه أحمد والنسائي)
Муҳаммад ибн Сафвон разияллоҳу анҳу иккита қуённи овлаб, ўткир тиғли тош билан сўйдилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга келтирдилар. Ва у Зот ейишга буюрдилар. (Имом Аҳмад ва Насоийлар ривоятлари).
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, қуён Аллоҳ таоло биз бандаларга ҳалол қилган кўплаб ҳайвонлар қаторига кирар экан. Бу борадаги маълумотларни тўлиқ ва атрофлича ўрганмасдан туриб, ҳукм бериш, Аллоҳ ва Расули номидан илмсиз гапиришга кириб қолади. Қолаверса, ҳалолни ҳаром дейиш ёки ҳаромни ҳалол дейиш нақадар оғир гуноҳ эканлиги ҳар биримизга аён. Шунинг учун ҳам шариат ҳукмларини баён қилишда доимо эҳтиёт бўлиш керак. Валлоҳу аълам.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

фатво ҳайъати.  

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram