Тирноқ ўстириш зийнат бўлиб кўринган иллат
31 октябр 2018 й.
560 марта ўқилди.

 
Тирноқ ўстириш зийнат бўлиб кўринган иллат

    Тирноқларни олиш барчага маълум бўлганидек, қўл ва оёқ бармоқлари учидаги ортиқча тирноқларни қайчи ёки шу каби асбоблар билан қисқартиришдир. Инсон тирноқларини қисқартирмай ўстириб юрадиган бўлса, турли ишлар билан шуғулланиши натижасида унинг остида кир тўпланиб, нохуш ҳид пайдо бўлади. Агар остига сув етмайдиган бўлса, таҳоратга ҳам монеълик қилади.
    Ибн Масъуд розиллоҳу анҳу айтадилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, сиз нима учун бунчалик аҳамият берасиз?” дейишди. У зот: “Нега аҳамият бермайин? Сизлардан бирингиз бармоқлари ва тирноқлари ораси кирланган”, дедилар.
    Фуқаҳолар эркак учун ҳам аёл учун ҳам тирноқларни қисқартириб, олиш суннат эканлигига иттифоқ қилганлар.
Тирноқ олаётганда бармоқларга зарар етказмай олиш мустаҳабдир.
    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки жума куни тирноқларини олса, шу кунгача бўлган ёмонликлардан сақланибди” дедилар.
    Мазкур ҳадисда ҳар ҳафта яъни, жума куни тирноқ олиш суннат экани таъкидланиб “ёмонликлардан сақланибди” ибораси билан энг кам муддат белгиланди. Лекин бу муддат борасида кўпига асосий эътибор қаратилади. Чунки тирноқ ўсиши барчада бир хил эмас. Агар тирноқлар ўсиб бир ҳафтадан оз муддатда олишга зарурат туғилса, жума кунини кутмасдан бемалол олиш мумкин. Олинган тирноқларни дуч келган жойга ташламай, бирор четроқ ерга кўмиб қўйиш керак.
    Эркакларда бепарволик ёки ўта нодонлик туфайли тирноқларни ўсган ҳолатини кузатиш мумкин. Бу ёмон одат шакли хунук бўлиши, ичида кирлар тўпланиши сабабли ҳар бир маданиятли, маърифатли жамиятда салбий иллат сифатида қабул қилинади.
    Аёллар эса, тирноқни замонавийлик, зийнат, чирой, нафислик белгиси деган даво билан ўстирадилар. Бизнинг диёримизда ҳам тарқалаётган бу иллат набавий ҳадисларда келган фитрий суннатларга, миллий ва диний қадриятларимизга буткул зиддир.
    Афсуски, мазкур иллат билан балоланиб, қўлини йиртқич қушлар чангалига ўхшатиб юрувчилар орасида муслима аёлларнинг борлиги жуда ҳам ачинарлидир. Шифокорлар ва зиёлилар томонидан курашилаётганига қарамай, бу иллатнинг кенг тарқалишига ёрдамлашиб, сунъий воситалар билан парваришлашга тарғиб қилаётганлар сони ортиб бормоқда. Ваҳоланки, чирой ва замонавийлик белгиси сифатида қабул қилиб, кимларгадир кўр-кўрона эргашилаётган бу иллат ғарбликларнинг беъмани, паст ахлоқи намунасидир.
    Тирноқ ўстириш шариатга зид амал бўлиб, бу қуйидагиларда кўринади: Узун тирноқларга суртилган кимёвий бўёқлар ва ёпиштириладиган сунъий тирноқлар бармоқларга таҳорат ва ғусл пайтида сув етишига монеълик қилади. Ғусл ва таҳоратда тирноқларга сув етишини тўсадиган ҳар қандай нарсани кетказиш фарздир.
    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир тук толаси остида жунублик бор. Бас, сочни ювинг ва терингизни покланг”, дедилар.
    Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: "Ким жунубликдан бир тук ўрнини ювмай қолдирса, дўзахда ундоқ қилинади, бундоқ қилинади”, дедилар.
    Ҳар бир тукнинг остига сув етишига шунчалик катта эътибор қаратилдими, демак узун, ясама ва бўялган тирноқлар остига ҳам сув етиши шундай зарурдир.
    Тирноқ ўстириш миллийликни унутиб, ўзгаларга эргашишликдир. Зеро, “оммавий маданият” жамиятга шу каби кўп эътибор берилмайдиган иллатлар орқали “гўзаллик, латофат белгиси” номи остида аста-секин сизиб киради ва кишиларнинг ўзлигини йўқотишига олиб келади.
    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, бас у ўшалардандир”, деганлар.
    Узун тирноқ эгалари уни парваришлаш учун кўп вақтини исроф қилади. Ўзига оро бериш фикри бутун ақлини қамраб олганлиги туфайли Аллоҳ таолонинг буюрган ибодатлари, зиммасидаги вазифаларини унутади. Шунингдек, тирноқларига турли хил бўёқлар сотиб олиш, чирой учун салонларда парваришлашга беҳудага пуллари, вақтларини сарф қиладилар. Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан бу исрофгарчиликлар ҳақида сўрайди. 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат куни банданинг умрини қандай ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қай тарзда топгани ва қаерга сарфлагани, жисмини қандай чиритгани ҳақида сўралмагунича оёқлари силжимайди”.
    Соғлом тирноқ устига ўзини кўз-кўз қилиш, чирой учун ясама тирноқларни ўрнатиш Аллоҳ таолонинг берган неъматини менсимаслик ва У Зотнинг хилқатига рози бўлмасликдир.
    Аллоҳ таоло айтади: "Яна Раббингиз эълон қилган бу сўзларни эслангиз. Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир".
    Тирноқ ўстиришнинг саломатликка зарарлари:
    1. Тирноқ ўстириш туфайли унинг остида кир тўпланиб, касалликлар ривожланади ва кишининг ўзига оғиз орқали ўтиб, ички хасталикларни келтириб чиқаради.
    2. Тирноқ узунлиги туфайли шилиб олиши, бирор жароҳат етказишдан қўрқиб танадаги кўз қовоқлари, оғиз, бурун, қулоқ ва бошқа нозик аъзоларни тозалаб ювиш имкони бўлмайди. Ваҳоланки, касаллик тез тарқалиши, нохуш ҳидлар пайдо бўлиши туфайли бу аъзолар тозалигига алоҳида аҳамият бериш лозим.
    3. Узун тирноқлар эгаси кундалик ишларини бажариш жараёнида ўзига ёки атрофидагиларга жароҳат етказиши мумкин. Айниқса, ёш болали аёллар бундай ҳолатда гўдагини бемалол парваришлай олмайди. Уй ишларини ҳам пухта бажара олмайди. Узун тирноқлар билан таом тайёрлаётган аёлни бир тасаввур қилиб кўринг.
    4. Одатда узун тирноқларга ялтироқ, остига сув ва ҳаво ўтказмайдиган косметик бўёқлар суртилади. Натижада, бўёқ остидаги ҳужайралар етарли озуқалана олмай, вақт ўтиши билан тирноқнинг табиий ҳолати ўзгариб, ранги тўқаради ва юмшоқ, синувчан бўлиб қолади.
    Баъзи аёллар ғусл ва таҳоратда тирноқларидаги бўёқлар остига сув етмаслигини билиб тўй ва турли тадбирлардан сўнг бўёқни тезда кетказувчи кимёвий моддаларни (ацетон) ишлатадилар. Бу эса тирноқ ва бармоқлар орасидаги терининг қуришига олиб келади. Бундай моддалар ишлатиш жараёнида тезда буғланади ва ёмон ҳид чиқариб бурун, томоқ ва ўпкага зарар етказади. Қон қуюлиши ва кўз шиллиқ пардаси яллиғланишига сабаб бўлади.
    Демак, ҳар бир мусулмон эркак ўз маҳрамларини бу иллат билан балоланишига бепарво бўлмаслиги керак. Динимизда бир ёмонликдан қайтарилса, унинг ўрнига инсоннинг дунё-ю охирати учун манфаатли бўлган амалларни бажаришга буюрилади. Худди шундай, аёлларнинг жуфти ҳалоли учун зийнатланиб ўзига оро беришида баъзи ишлар қатори тирноқ ўстиришдан қаттиқ қайтарилиб, унинг ўрнига ҳина ва шу каби табиий воситаларни ишлатишни таклиф этилади. Ҳина ва бошқа табиий унсурлар инсоннинг руҳи ва жисмининг саломатлигига катта фойда беради. Ёмонликдан тийилиб, суннатга амал қилган киши албатта, кўплаб ажр савобларга эришади.


Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram