ҚЎШНИЛИК ҲАҚҚИ
21 январ 2019 й.
442 марта ўқилди.

 
ҚЎШНИЛИК ҲАҚҚИ
 
    Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлаш, жамиятни кучли, қудратли қилишга хизмат этади. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир.
    Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
 "Ота-онага, яқин қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар". (Нисо сураси, 36-оят)
    Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик қилишга амр қилмоқда:
Биринчиси - ота-оналар.
Иккинчиси - қариндошлар.
Учинчиси - етимлар.
Тўртинчиси - мискинлар.
Бешинчиси - яқин қўшнилар.
Олтинчиси - ён қўшнилар.
    Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган "Яқин қўшни"ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, "Ён қўшни"ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.
    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 "Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим", дедилар.
    Қўшнининг ҳаққи шунчалар улуғ экан. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз қўшниси ила яхши муносабатда бўлиб, унга қўлидан келган яхшиликни қилмоғи лозим.
    Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!", дедилар. "Ким, эй Аллоҳнинг Расули?" дейилди. "Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган одам", дедилар.
    "Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди", дейилган.
    Бунда қўшнисига ёмонлик қилишни ҳалол ҳисоблаган одам кўзда тутилган, дейишган уламоларимиз. Бу ҳадиси шарифда ҳам қўшнининг ҳаққи улуғ экани тарғиб қилинмоқда.
    Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг уйида  қўй сўйилди. Бас, у:
 "Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдингларми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим", деганларини эшитганман", дедилар.
    Бу ҳадиси шарифда қўшнига кўрсатиладиган эҳтимом амалга оширилиши бўйича кўргазмали ишдан намуна ҳам келтирилмоқда. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Уйида бирор ҳайвон сўйган киши унинг гўштидан қўшниларига ҳадя қилиши кераклиги.
2. Ғайридин қўшни билан ҳам яхши алоқада бўлиб, унга ҳам ҳадя бериб туриш лозимлиги.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшни ҳаққига катта эътибор берганлари.

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram