ИСЛОМДА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИГА НИСБАТАН МУНОСАБАТ
07 январ 2019 й.
473 марта ўқилди.

 

ИСЛОМДА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИГА НИСБАТАН МУНОСАБАТ

Аллоҳ пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун дунёга раҳмат қилиб жўнатди. У киши олиб келган Ислом дин башарият учун раҳмат дини ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон икки дунёнинг саодатига эришиши учун Аллоҳ шариатда илоҳий қонунларни жорий қилди. Ким унга амал қилса, нажотга эришади. Ислом динида барча нарсанинг таълимоти баён қилинган. Жумладан бошқа дин вакиллари билан қандай муомала қилиш кераклиги ҳам батафсил ёритиб берилган.

Мусулмон киши бошқа динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради» (8-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб, ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.

«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди». Ушбу ҳукм Ислом дини нақадар инсонпарвар ва бағиркенг дин эканининг ёрқин далилидир.

 «Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради». Чунки бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни тўсмайди, қайтармайди.

– Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди.

Қосим ибн Мухайрама Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг биридан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммадан (бошқа дин вакилларидан) бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», дедилар». (Насаий ривояти.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бири ўғилларидан, у эса оталаридан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар». (Абу Довуд ривояти.)

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома туздилар, улар билан тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

– Мусулмон одам бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадялар бериб, улардан ҳадялар олиши мумкин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилар ҳам эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.

Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади: «Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Шунда у зот уни қабул қилдилар». (Ибн Абу Шайба ривояти.)

Муқавқис Мисрнинг подшоҳи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мактуб юборганларида ҳурмат билан қабул қилган, Исломга кирмаганига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга совғалар юборган. У зот унинг совғаларини кабул қилганлар.

Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. У зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига ҳайъатлар келганида кияр эдилар».

Шунингдек, бошқа дин вакилларига совға бериш ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга совға берганлар.

– Мусулмон кишининг бошқа дин вакилларини меҳмон қилиши ва уларга меҳмон бўлиши ҳам жоиз.

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва: «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эди, мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишларига рухсат берганлар.

– Мусулмон киши бошқа дин вакилларидан бўлган қўшнисига гўзал муомалада бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» деб қайта-қайта сўрайверди.

Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто у меросхўрлик қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди». (Бухорий ривояти.)

Бошқа диндаги қўшнига алоҳида яхши эътиборда бўлган мусулмон киши ўзининг бошқа эътиқоддаги қўшнисига Исломнинг гўзаллигини намоён қилади.

– Мусулмон киши бошқа дин вакилларидан бемор бўлганларини кўргани бориши жоиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларидан ўзларига таниш кишилар бемор бўлганида кўргани борганлар. Яҳудлардан бир ғулом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Шунда у мусулмон бўлди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Унинг лафзида: «Бас, унинг бош томонига ўтирдилар ва унга: «Мусулмон бўл», дедилар. Ғулом отасига назар солди. «Абул Қосимга итоат қил», деди. У мусулмон бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб ўринларидан турдилар», деб келган.

– Мусулмон одам бошқа диндаги танишининг яқин кишиси вафот этганда таъзияга бориши жоиз.

Фақат у ерда уларнинг диний ишларидан йироқда бўлади. Мусулмонларга қилинадиган дуоларни қилмайди. Танишига қариндошининг вафоти муносабати ила сабр тилайди, унга кўнглини кўтарадиган гаплар айтади.

– Мусулмон инсон мусулмон бўлмаганларнинг ишида ишласа ёки уларни ўз ишида ишлатса бўлади.

Бу ҳолатда ҳам бошқа барча ҳолатлардаги каби мазкур фаолиятдан Исломга ва мусулмонларга зарар келмаслиги ва иш шариат ҳаром санамаган ишлардан бўлиши шарт.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан савдо-сотиқ, ижара ва бошқа молиявий муомаларни олиб бориши жоиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан пулини кейин бериш шарти билан таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга қўйдилар».  (Бухорий, Муслим ривоятилар.)

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан шариат ҳалол қилган доирада ширкатлар тузиши мумкин.

 Бунда икки тараф ҳам шеригининг хабарисиз, ўзича тасарруф қилиш ҳақига эга бўлмайди.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан қарз олди-берди қилиши жоиз.

Бунда ҳам аввалги шартларга амал қилиш лозим.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамларни молиявий ишларда вакил қилиши ёки ўзи уларга вакил бўлиши жоиз.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан омонат олиш ва омонат қўйиш муомаласини қилиш жоиз.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамларнинг топиб олинган молларига худди мусулмонларникига ўхшаш масъулиятда бўлиши зарур.

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Акрамов Мақсуд 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:30
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram